www.ziyouz.com kutubxonasi
42
— Уч-тўртта парашют олиб келиб тўсиб ташлаймиз.
— Бўлмайди. Анҳор бўйини гаплаш. Тузукроқ қориларни айттир.
— Қориларнинг хўррозини топтираман. Ё Собитхонингни Қўқондан олдириб келайми?
— Уни безовта қилма. Сен бундан буёғига йигитларга кўз-қулоқ бўлиб тур, бевошлик
қилишмасин. Аввал ҳам айтувдим, а? Эсингдами? Замонга қараларинг, нозиклашиб қолди.
Қозихонангни ёпдингми?
— Аллақачон ёпиб ташлаганман.
— Ҳосилнинг боллари тинч юрибдими?
— Гаҳ, десанг қўлингга қўнадиган қилиб қўйганман.
— Ҳайдар, энди иккаламиз қолдик. Бирга бошлаган эдик, охирида ҳам иккаламиз қолдик.
— Охирида деганинг нимаси?
— Ҳамма нарсанинг охири бўлади, оғайни. Мен сенга суянаман, мени ёлғизлатма.
Асадбекнинг дардли оҳанг либосига ўраб айтган бу ёлғони худди рост гапдай эшитилиб,
Кесакполвонни эритди. «Ҳа, энди ўлимини бўйнига олибди», деган фикр хаёлини бир ёритди.
Асадбекнинг елкасига қўлини ташлаб, меҳрибонлик билан қучди:
— Унақа совуқ нафас қилма, ошна. Ҳали қиладиган ишимиз кўп.
— Буни тўғри айтдинг. Қиладиган ишимиз кўп...
Асадбек шундай деб аъёнига қаради. Бу қараш замирида «Сенинг ишинг тахтга чанг солиш,
менинг ишим эса бошқа», деган маъно яширинганини Кесакполвон фаҳмламади.
Шу пайт хизматчи йигитлардан бири яқинлашиб, Москвадан Хонгирей сўраётганини айтди.
Асадбек Кесакполвонга савол назари билан қаради-да, ўрнидан туриб, меҳмонхона томон
юрди. Аъёни эса икки қадам қўйиб эргашди-ю, сўнг тўхтади. Асадбек бундан сергакланди:
«Нега тўхтади? Хонгирейнинг гапига нега қизиқмади?»
Шаховскийдаги қароргоҳидан меҳмонларни кузатиб, Козлов масаласида ҳам, Асадбек
масаласида ҳам муддаосига етган Хонгирей ҳол сўрагач, қайғули хабар эшитганини айтиб,
таъзия билдирди-да:
— Асад, мен доимо сен билан биргаман, — деб тасалли берди.
Асадбек миннатдорлик билдиргач, қисқа суҳбат якун топди. Хабарнинг Москвага етгани
ажабланарли ҳол эмас. Телефон гўшаги кўтарилса, бир-икки дақиқада ҳар қандай хабар
Москва нима, дунёнинг нариги чеккасига ҳам етади. Лекин ўша гўшакни ким кўтарган, ким
Хонгирейнинг рақамларини терган? «Хонгирейнинг шу атрофда изғиб юрган лайчаларими ё
бағримда исиниб ётган илонлардан бирими?» — деб ўйлади Асадбек изига қайтар чоғида. —
«Сен билан биргаман», деди. Ҳа, албатта, биргасан. Ўлсам ҳам сени бирга олиб кетаман».
Кесакполвон жойига қайтиб ўтирмай, дарвозахонада турган эди. Асадбекни қаршилаб кўзини
олиб қочган ҳолда:
— Тинчликми? — деб сўради.
— Тинчлик, — деди Асадбек унга тикилиб, — кўнгил сўраб қўйди. Меҳр-оқибати яхши шу
йигитнинг.
— Ҳар нима қилса ҳам мусулмонлиги бор-да, — деди Кесакполвон.
«Ҳа тулки, шу «мусулмон»га қул бўлмоқчимисан? Агар шу Хонгирей мусулмон бўлса, мен
бўлмадим. Шунақа мусулмондан яна ўнта бўлса бу дунёда кофирнинг ҳожати йўқ». Асадбек бу
фикрини ошкор қилмаслик учун ўзини мажбурлаб жилмайди-да:
— Тўғри айтдинг. Козлов деб унинг кўнглини хира қилганимиз чакки бўлди, — деди.
Ярим соатга қолмай Ҳалимжон елим челакни тўлдириб узум олиб келгач, Кесакполвоннинг
гумони тар-қади. Ҳалимжон хизмат қилиб юрган йигитлар даврасига қўшилганда Асадбек уни
яна имлаб чақирди. Ҳалимжон қулоғига айтилган гапга маъқул ишорасини қилди-да, кўча
томонда турган Кесакполвонга яқинлашиб «Зайнабни олиб келаман», деди.
Кесакполвон «Мен ҳам қизимни олиб келсам бўларкан», деб ўйлаб, йигитлардан бирини имлаб
чақирди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |