www.ziyouz.com kutubxonasi
33
оларман», деб ният қилди. Назран томондаги Ингуш овулда бир тойнинг довруғини эшитиб,
харидор бўлиб борди. Тойнинг эгаси нархни айтганида Афтондилнинг капалаги учиб кетди:
тўплаган пули тойнинг битта туёғига аранг етарди. У тойнинг қимматини тахминан чамалаб
кўрган, аммо зотдор тойнинг бу қадар қиммат бўлишини ҳисобга олмаган эди. Ўжар, мағрур,
айни дамда соддадил йигитча «ҳозирча шу пулни ола туринг, қолганини ке-йинроқ олиб келиб
бераман», деди. Тойнинг эгаси бу соддаликдан кулиб, «бўлмайди, иним», деб қўя қолса
бўларди. Аммо у ҳазиллашиб «бу пулингга эшак олиб мина қол» деб мағрур йигитчанинг иззат-
нафсига тегиб қўйди.
Худо урганни, банда ҳам туртиб ўтади, дейишлари рост экан. Назрандаги Ингуш овулдан алам
билан қайт-ган Афтондилнинг ғам дарёси икки кундан сўнг тошгандан тошиб кетди: отаси
пулни ўғирлаб олиб, шериклари билан бўкиб ичибди. Афтондил ҳар қанча аламда бўлса-да,
отасига қарши гапирмади — ҳаддида турди, мағрур тоғликлар урфини бузмади. Айтилиши
лозим бўлган гапларни онаси айтди: «Бу кунингиздан ўлганингиз минг марта яхши. Ўғлингиз от
олмоқчи эди бу пулга, сизда инсоф деган нарса борми?! Кеча Наз-ранга борганида пули
етмаган экан, тамом қуритдингиз-ку энди!» деди. Кайфи ҳали тарқамаган отаси эса қўл силтаб
«Eркак одам пулим етмади, деб ўтираверадими, ёққан бўлса миниб келавермайдими? Битта
ингушнинг тойини тортиб ололмаган чечен — чеченми», деб минғирлади. Шунчаки айтилган
гап Афтондилнинг қулоғига ўрнашиб қолди. Эртасига эса отасининг кайф аралаш айтганлари
ҳақ гапга айланди. Эшак сотиб олиб минишни маслаҳат бериб ҳақоратлаган одамни жазолаши
керак эди. Отасининг айтганини амалга оширишни пайсалга солмади. Назранга той миниб
келиш қасдида жўнади-ю... уйига бир ярим йилда қайтди. Той миниб эмас, «от ўғриси» деган
лаънат тамғаси билан қайтди. Энди унинг кураш майдони ҳам, пойга майдони ҳам ўзгарди.
Озодликдаги кунлари бир йилга бормади. Бир дўконни босаман, деганда саккиз йилга
кетворди. Ёши ўн саккизга етгунига қадар ўсмирлар ахлоқ тузатиш лагерида бўлиб, сўнг
Псковдаги катталар қамоқхонасига кўчирилди. Ахлоқ тузатиши лозим бўлган ерда ўғирлик
бобидаги чала илмини анча тўлдирган эди. Псковга келиб эса, «олий маълумот» ола бошлади.
Бу «олий маълумот»ни «академик» лақаби билан машҳур Зелихон берди. Кейинчалик
«қонундаги ўғри» тожини кийиши ҳам айнан шу устозининг тавсияси билан амалга ошди. «
Афтондил» исмининг «Хонгирей»га айланиши ҳам унинг истаги билан бўлди.
Биринчи марта ўтирганида унга «Зулук» деб лақаб беришган эди. Бу ном Зелихонга ёқмади.
Йигитни синаб, ҳунарини ўргатгач, бир куни:
— Сен балчиқда туғилганмисан? — деб сўради.
— Мен тоғлиман! — деди Афтондил ғурур билан.
— Тоғда қўнғиз ҳам туғилади, бургут ҳам, — деди Зелихон. — Сен бургут бўла олармикансан?
— Мен бургутман! — деди у ишонч билан.
— Унда нима учун шунча йилдан бери «зулук» деган паст номни ортмоқлаб юрибсан. Бургут
бўла олсанг, нимага чанг солишни билиб ол: қузғунга ўхшаб ўлакса овлама. Зулукнинг
вазифаси нима, биласанми? Билмасанг билиб ол: у ҳаром қонни сўради. Ҳаром қон сўрувчи
зулук билан ўлакса еювчи қузғуннинг нима фарқи бор? Сен лақабингни ўзгартир. Зулук деган
номдан ор қилмаганингга ҳайронман.
Чиндан ҳам ор қилмаган эди. Бу дашномдан сўнг изза чекди.
— Мен сенга Хонгирей деб ном бераман. Мен Хонгиреевлар насабиданман. Сен ҳам Гирей
хонлар сингари бу оламнинг зўри бўл, хони бўл!
Афтондил — Хонгирей Олтин ўрдага бўюнсинмай, Қрим хонлигига асос солган Гирей хонлари
сулоласини, уларнинг европага даҳшат солганларини, Давлат Гирейнинг эса Москванинг
додини берганини билмас эди. Буни Зелихон ҳам яхши билмас эди. Шубҳасизки, шогирдининг
Давлат Гирей изидан бориб, Москвага ин қўйишини, Москванинг зўрларидан бирига
айланишини ўйлаб ҳам кўрмаган эди.
Афтондилга устозининг биттагина гапи кифоя қил-ди — ўшандан бери у Хонгирей. Аммо номи
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |