III б о б
1
Учоқ бекаси Масков ўн икки даражали совуқ билан қаршилаётганини эълон қилиб, эҳтиёт
камарларини боғлаган ҳолда қўнишга тайёргарлик кўришни илтимос қилди.
Ғилдираклар ерга дўқиллаб тегиб, учоқ силкинганида Манзура «Худога шукр», деб пичирлади.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
www.ziyouz.com kutubxonasi
23
Уйига етиб олишига ҳали фурсат бўлса-да айрилиқ кунларининг тугаётгани унинг қалбини
қувонч нури билан ёритди. Шунинг баробарида шодлик қуёши юзини ташвиш булути тўсишга
уринди.
Чувриндининг ўлими ҳақидаги хабарни эшитгач, қайтиш ихтиёрини билдирди-ю, уйига
қўнғироқ қилиб аҳдини эрига билдиришдан чўчиди. Ана шу дамларда Асадбекнинг ўзи
қўнғироқ қилиб мушкулини бир оз енгиллаштирди. Одатдаги салом-аликдан сўнг Манзура юрак
ютган ҳолда сўрамоқчи бўлди:
— Адаси, Маҳмуджонга...
Саволини охирига етказа олмай эрининг тўнг жавобини эшитди:
— Ишинг бўлмасин...
Дарвоқе, Манзура эрининг ҳаётига, ишларига аралашмоқ ҳуқуқидан маҳрум эканини унутибди.
Асадбек, фақат у эмас, балки бошқа эркаклар ҳам «умр йўлдоши» деб аталгувчи
хотинларининг чегарасини аниқ белгилаб қўйишади. Ҳалқадан иборат бу ҳудуд орасидагина
аёллар эрларининг умрларига йўлдош бўлишлари мумкин, яъниким, тўшакда эрнинг кўнглини
олиш, болалар туғиб бериш, фарзандларни тарбиялаш, эрнинг иссиқ-совуғидан хабардор
бўлиб туриш ҳуқуқи уларга тўлалигича берилган. Бу ҳуқуқ ҳалқасидан бир қарич чиқиш ёки
чиқишга уриниш, агар омадли бўлсалар сўкиш билан, шўрпешона бўлсалар калтак билан
мукофотланади.
Ҳар бир аёл каби Манзура ҳам билиб-билмай баъзан чегара чизиқларига яқинлашиб қолади.
Эрининг «ишинг бўлмасин», ёки «ақлинг етмайдиган ишларга аралашма» деб тўнғиллаши унга
чегарада турган аскарнинг «Тўхта, отаман!» деган ҳайқириғидай эшитилиб, яланг оёғи билан
чўғни босиб олган одам ҳолатида изига қайта қоларди. Асадбек сўнгги марта қўнғироқ
қилганида ҳам ўз одатига содиқ қолди: саволининг ярмини ичига ютиб «ишинг бўлмасин»,
деган жавобдан қаноатлана қолди. Эри «Яна нима гапинг бор?» дегач, аҳдини айтишга
қийналиб, бир зум тилдан қолди.
— Нима, ўлиб қолдингми? Гапир, гапинг бўлса! — деган амрдан сўнг тилига жон қайтгандай
бўлди-ю, тутила-тутила мақсадини маълум қилди. Бу хабарни эшитган Асадбек жимиб қолди.
Манзура вулқон отилишини кутган бечора ҳолида, бармоқларидаги қалтироқни ошкор
қилмаслик учун гўшакни маҳкамроқ қисиб, қулоғига қаттиқроқ босди-да, рўпарасидаги
ўғилларига нажот кўзлари билан боқди. Абдулҳамид онасидаги ўзгаришни сезиб «айбни бизга
юклайверинг» деган маънода кўрсатгич бармоғини кўкрагига нуқиб қўйди.
Манзура кутган вулқон портламади, вазмин, дардли овоз эшитилди:
— Сени биров ҳайдадими?
— Йўқ, адаси, ўғилларингиз...
— Самадга бер.
Ўғлининг саломига совуқ тарзда алик олган Асадбек қачон учишларини сўраб, Масковга кутиб
олувчи одам юборажагини айтишдан нарига ўтмади
Асадбек ўғилларига индамайди, заҳрини Манзурага сочади. Манзура ишончли қалқони билан
ўзини ҳимоя қилишга ҳар он шай бўлса-да, эри отган заҳарли сўз тошлари бу қалқонни ёриб
ўта олмаслигини яхши билса-да, барибир зириллаб туради. Никоҳ кечаси Асадбек чимилдиққа
кириб келишидан сал олдин янгасининг «нима бўлсаям ҳамиша битта гапдан қолишни ўрган»,
деган ўгити бутун умр давомида унга ишончли қалқон сифатида хизмат қилди. Агар ҳар сафар
битта гапдан қолганида биттадан гугурт чўпи ташлаб қўяверганидами шаҳарни чўп босиб
кетиши аниқ эди. Эринмаган одам бу чўпларни темир йўли сингари териб чиқса Ер юзини неча
бора айланар экан...
Eрга тегиб калтак емаганининг бир сабаби Асадбекнинг онаси тақдирини унутмагани бўлса,
иккинчиси ана шу «бир гапдан қолиш» деб аталувчи қалқон ҳимоясида эканлиги эди.
Масковнинг музлаган ерига қадам қўйган Манзу-ра навбатдаги «бир гапдан қолиш» учун уйига
ошиқарди.
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |