www.ziyouz.com kutubxonasi
19
йигитга дуч келиб қолмаганида бир неча кундан сўнг қайси бир лақма жувон гўштидан ўзи
туккан чучварани еб роҳатланиб ўтирган бўларди.
Eнди эса қўлидаги бомбани чангаллаганича нажот кутарди. Нажот қайдан келади — ўзи
билмайди. Нажот билан биргаликда қайси бир туйнукдан ўқ отилиб чиқиб қаншарига
санчилишини ҳам кутади. Талаб қилган самолёт билан миллион пул ўрнига мерган отган ўқ
ҳадя этилмоғи мумкинлигининг ҳақиқатга яқинроқ эканини ҳам кўнгли сезади. «Бу фараон
самолёт билан миллион пулга арзирмикин ўзи? Арзимаса нимани кутишяпти? Шартта отиб
ташлаша қолишмайдими? — деб ўйлаган «Қассоб» мерган яшириниши мумкин бўлган
томонларга жавдираб қарайди. Жон олишни хуш кўрувчи одам жон беришни истамайди.
Нажот кутаётган бу одам ўзи учун энг яхши, энг мақбул нажот ана шу мерган отган ўқ эканини
тан олгиси келмайди. Қўлидаги бомба эмас, гўё ўзининг юрагига ўхшайди. Панжасини очса
тамом — юракдаги жон чиқади-ю, учади-кетади. Учиб бориб қўнар манзили ҳам аниқ —
азоблар оташи. Зулмдан роҳатланувчи жон учун ўзгачароқ манзил йўқ.
Не ажабки, маёр Солиевга ҳам бу бомба айни дамда юракка ўхшаб кўриниб кетди. Бомба
ихтирочиларининг қалтис ёки шум ҳазилимикин бу? Ҳозир неча жуфт кўз юракка ўхшовчи бу
бомбага тикилиб турибди. Балки кўзга кўринмас Азроилнинг кўзлари ҳам шунга қадалгандир?
Вақт-соати етганида унинг амри билан панжалар очилар, бомба портлар... Балки портламас...
Балки Азроилга битта жон керакдир? Балки кимдир тирик қолар?..
«Ҳозир пул олиб келинади» деган ваъдадан сўнг жимлик ҳукмронлиги бошланган эди.
Кутилмаганда зинапоя панжарасига суяниб турган йигитлар овозларини кўтариб баҳслашиб
қолишди:
— Отиш керак,— деди бири,— битта ўқ билан ўлдирилса панжасини очишга улгурмаслиги ҳам
мумкин.
— Бу ишончсиз, — деди иккинчиси, — ўқ отилиши билан бомба ушланган панжага маҳкам
ёпишиши керак.
Солиев уларнинг мақсадини, нима демоқчи бўлишганини англади. «Қассоб» ўзбекчани
тушунмаса ҳам кўнгли бир шумликни сезиб:
— Жим бўлларинг! — деб бақирди.
Солиев эса аста бош чайқаб, шерикларига «отманг-лар» деган ишора қилди.
— Шерикларинг нима дейишди? — деб сўради «Қассоб».
Солиев «Қассоб»ни ҳайрон қолдириб тўғрисини айта қолди:
— Сени отиш керакми ё йўқми, деб тортишишяпти. Хўжайинларнинг сенга ён
босаётганларидан норози бўлишяпти.
Солиев шундай дейишга деди-ю, «Қассоб»нинг вужудида тутаётган гумонга мой сепиб,
ёндириб қўйганини англаб, тилини тишлади.
Самолёт билан пулнинг унишига ўзи ҳам унча ишонмаётган «Қассоб» атрофдагиларнинг
ғимирлаб бошқа чора излашаётганига амин бўлди.
Оқу қорага, пасту баландга бўлинган бу дунёнинг ишлари қизиқ. Қочган ҳам Худо деркан,
қувган ҳам. Қоранинг бағрида оққа қарши фитна ясалади, оқнинг бағрида қорани маҳв этмоқ
режаси пишади. Атрофдагилар бомбани чангаллаб турганнинг ҳаёти якунини тезлаштиришни
қанчалар хоҳлашса, буниси умрининг янада узайишини шунчалар истайди. Ҳар икки томоннинг
ўз ҳақиқати, ўз адолати бор. Атрофдагиларнинг ҳақиқати шуки, суднинг ҳукми тўхтовсиз
амалга оширилиши шарт. Ўзга чора бўлмоғи мумкин эмас.
«Қассоб»нинг ҳақиқати бутунлай бошқа.
Фоний оламдаги одамларнинг бармоқ излари бир-бирига ўхшамагани каби, уларнинг дунёни
кўришлари, фаҳм этиш даражалари ҳам турлича. «Қассоб»нинг жиноят «халтаси»да
(ҳужжатларнинг далолатига қараганда) ўн етти аёлнинг жони бор. Агар шунчаки «ўн етти
одамни ўлдирган қотил» дейилса ҳайратга ҳам, ажабланишга ҳам ўрин қолмайди. Чунки унга
нисбатан бир неча баробар кўпроқ одам ўлдирганлар ҳам бор. Шундай тоифалар борки, улар
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |