www.ziyouz.com kutubxonasi
18
— Қарашсин, — деди «Қассоб» марҳаматли жаноб овозида. Сўнг амр этди: — Хўжайинингни
чақир, талабим бор.
— Хайруллинни чақиринглар, — деди Солиев баланд овозда.
Йигитлар орасидан калта чарм палто кийган одам ажралиб чиқди.
— Сен кимсан? — деб сўради «Қассоб» ундан.
— Угро бошлиғиман, — деди Хайруллин деганлари.
— Мен сенга хўжайинни чақир, дедим! — «Қассоб» шундай деб тиззаси билан Солиевнинг
орқасига теп-ди. — Бунингни мен этигимга патак ҳам қилмайман.
— Бу ерда ундан каттаси йўқ. Сен айтавер, у каттамизга етказади.
— Каттангга бориб айт: менга битта самолёт билан бир миллион пул керак.
Хайруллин Солиев билан кўз уриштириб олди-да, «хўп» деганича орқасига чекинди.
— Бир соатда ҳал бўлмаса, шеригинг ўлади! — деб бақирди «Қассоб».
— «Ўламиз» дегин. Энди ёлғиз ўлиш йўқ.
— Тўғри айтасан, ё бирга яшаймиз ё бирга ўламиз. Сен шерикларингдан умид қилма. Уларинг
олифтагарчилик қилиб тўппонча ўқталганлари билан отишолмайди.
— Нега отишолмас экан?
— Отишга-ку, отишади, лекин тегиза олишмайди. Мен қанақа машқ қилишларингни билмас
эканманми? Уч ойда учтагина ўқ отасанларми? Учта ўқ отиб мерган бўлган борми дунёда? Агар
гапимга ишонмасанг, гаров ўйнайман: ҳозир сени қўйиб юбораману тўппончани чиқариб
отишни бошлайман. Ана ўшанда кўрасан томошани: бу томондаги шерикларинг
рўпарадагиларини отиб қўйишади. Камида беш-олтитанг жўнайсан ашулаларингни айт-иб.
— Бошқача йўли ҳам бор, — деди Солиев. — Сен мени қўйиб юборасан, йигирма қадамдан
гугурт чўпини қўйиб отишамиз.
«Қассоб» тиззаси билан яна тепди:
— Ё сен жиннисан ё мен аҳмоқман.
— Иккинчиси тўғри. Аҳмоқ бўлмасанг, самолёт сўрайсанми, пул сўрайсанми? Қаёққа учиб
борасан?
— Нима ишинг бор, балки Исроилга учарман?
— Исроилга учасанми ё бошқа ёққами, ерга қўнишинг билан ушлашади-ю, «Петровка»даги
акаларингга икки қўллаб топширишади. Сен сиёсатчи эмассан, сенга шафқат қилишмайди.
— Ўчир овозингни!
Ҳақ гап ҳеч кимга, ҳатто одамхўрга ҳам ёқмайди. Солиев тўғри гап учун учинчи марта орқадан
тепки еди.
Қамоқдан қочган жиноятчини ушлаш — милитсиянинг оддий вазифаларидан бири. «Тезкор
гуруҳ» деб аталган йигитлар «оддий вазифа»нинг бунақа якун томон бурилишини сира
кутишмаганди. Булар-ку, ёш йигитлар, ҳатто Солиев ҳам кўп йиллик тажрибасида бундай ҳолга
дуч келмаган эди. Бир милитсионернинг ўлдирилиши, зобитнинг гаровда ушлаб турилиши,
жиноятчининг бомба билан таҳдид қилиши бир неча дақиқа ичида катта-кичик идораларга
маълум бўлди. Аввал ўринбосарлар келишиб «Қассоб» билан музокара юритмоқчи бўлишди.
Сўнг вазиятнинг нақадар жиддийлиги инобатга олиниб, катталарга хабар берилди.
Катталарнинг ҳам самолёт билан пул ваъда қилмоқдан ўзга чоралари йўқ эди. «Қассоб»
аввалига яна бир соат кутишга кўнди. Сўнг қор ёғаётгани, самолёт учмаётгани туфайли яна
кутадиган бўлди. Пулни эса бетўхтов келтирилишини талаб қилди.
Бу ўлим ҳалқасидан қутилиб кетишига «Қассоб»нинг ишончи йўқ эди. Самолётларда
қочаётганларнинг қисмати, Солиев эслатмаса-да, унга маълум. Қамоқдан қочаётганида чет
элдан паноҳ топиш нияти ҳам, режаси ҳам йўқ эди. «Eнди тавбамга таяндим, бурнимга сув
кирди, кўздан йироқроқ бирон овлоқда тинчгина яшайман», деган мақсаддан ҳам йироқ эди.
Тошлардан тошларга урилиб оқувчи бебош ирмоқ суви каби қисматни аъло деб билган
«Қассоб» яна қассобчилигини давом эттирмоқдан бошқа нарсани ўйламасди. Агар милитсионер
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |