www.ziyouz.com kutubxonasi
16
Одам кўп ерда отишма бўлишидан қўрқишади. «Қассоб» шу сабабли ҳам ташқарига чиқишга
шошилмади. Унинг йўл қўйган хатоси ҳам айнан шунда эди: шошқич чақирувга биноан
ёрдамчи кучларнинг етиб келишига ўзи шароит яратиб берди. Хатосини тушунганда эса
кечиккан эди. Чиптахонадан чиқиб ўзини гавжумроқ тўдага урганда икки кураги ўртасига
тўппонча тиралиб, «Қимирлама, қўлингни кўтар!» деган буйруқ янгради. У амрга итоат этди:
қўлларини кўтарди-ю, бошини буриб орқасига қаради. Иккинчи қаватда туриб «Қассоб»нинг
ҳаракатларини кузатаётган маёр Солиев шошқалоқ йигитнинг ўзбошимчалигидан ғазабланди.
«Қассоб»нинг орқасига ўгирилиб қараши эса зулм вулқони отилажагидан уни огоҳ этди. У
беихтиёр равишда тўппончасини яланғочлаб югурди. «Қассоб»ни ўзим кўрдим, ўзим
ушлайман», деган нияти амалга ошай деб турган йигит юқорига кўтарилган қўллардан
бирининг қандай қилиб айлаганича гарданига урилганини сезмай ҳам қолди. Тўппонча
ушлашга кўникмаган титроқ бармоқлари тепкини босишга ҳам улгурмади. «Қассоб» эса
тўппончани унинг қўлидан тортиб олишга ҳам, тепкини босишга ҳам улгурди. Шу оннинг ўзида
қочмоққа шайланган болалик аёлнинг сочларига чанг солиб тўхтатди-да, тўппончани чаккасига
тираб:
— Қайт, қайтларинг! Бир қадам боссаларинг отаман! — деб таҳдид қилди.
Ҳам қўрқув, ҳам сочлари қаттиқ тортилганидан уйғонган оғриқ сабаб бўлиб, аёл бағрига босган
боласини тушириб юборди. Бир ёшдан эндигина ошган гўдак оқ мармар устига тушиб чириллаб
йиғлади. Пешонасида қон кўринди. Аёл талвасага тушиб типирчилай бошлаганида «Қассоб»
унинг бошига тўппонча дастаси билан қаттиқ урди-да, иккинчи қўлини унинг бўйнидан
айлантириб бўғиб олди. Аёлнинг хушсиз гавдаси осилиб қолди. Талвасага тушган одамлар
ўзларини турли томонга уриб паноҳ изладилар. Шу топда ҳамманинг жони ўзига ширин эди.
«Бировни туртиб юборарман, биров йиқилиб майиб бўлар», деган ўй ҳеч кимнинг хаёлига
келмас эди. Пешонасидан қон оқаётган гўдакнинг чириллаши ҳам бировнинг қулоғига
кирмасди.
Ҳамма ўлимдан қочарди. Бугун бўлмаса қачондир ўлим шаробини тотишларини билсалар ҳам
қочардилар.
Бу онда «Қассоб»га бошқаларга нисбатан Солиев яқин келиб қолган эди.
— Аёлни қўйиб юбор! — деб бақирди у тўппонча ўқталганича.
— Қайт! Тўппончани ташла, бўлмаса отаман! — деб бақирди «Қассоб».
Маёр Солиев бир нафас иккиланди, сўнг юмшоқроқ тарзда гапирди:
— Яхши, ташлайман, аёлни қўйиб юбор. Болага қарасанг-чи!
— Боласига ўзинг қарайвер. Қуролингни ташламасанг иккаласи ҳам ўлади.
— Яхши, — Солиев шундай деб тўппончасини қўлтиғи остидаги ғилофга солмоқчи бўлди.
— Ерга қўй, — деб буюрди Тўнғиз. — Шерикла-рингга айт, тўппончаларини жойига солиб,
четга чиқишсин. Билиб қўйларинг, сенларнинг ўқинг жонимни олгунича тепкини босишга
улгураман.
Солиев тўппончани ерга қўйди-да, атрофга қараб олди. Бу қарашдаги маънони англаган
йигитлар тўппончаларини ғилофга солдилар.
— Агар бу товуққа раҳминг келаётган бўлса, майли уни қўйиб юбораман, аммо ўрнига ўзинг
келасан. Розимисан?
— Йўқ, борманг, — деди йигитлардан бири.
Солиев бир қўлини кўтариб «жим» деган ишора қилди.
— Фойдаси йўқ бу қилган ишингнинг. Ҳамма ёқ ўраб олинган. Барибир қочолмайсан.
— Сен менга ақл ўргатма. Бешгача санайман. Менга барибир, мен ўлимга ҳукм қилинган
одамман. Бир... икки...
«Қассоб» қуруқ таҳдид қилмаётган эди. Ўлимидан олдин ҳам икки жонни баҳридан ўта олишга
қодир эди. Солиев қонга беланиб ётган милитсионер йигитга қараб олди, назарида у ҳали
тирик эди. Пешонасидан қон оқаётган гўдак ҳам нажот тилаганича унга қараб йиғлаётгандай
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |