www.ziyouz.com kutubxonasi
12
Ярим тунда Москвага, Хонгирейга қўнғироқ қилиб «Маҳмуд тинчиди» деб суюнчилаганда
бўлажак хожасининг «еҳтиёт бўл, ўзинг ҳам тинчиб қолмагин», деган огоҳлантиришини
эсладию эти бир сесканди. Бу сесканиш енгил қўрқувнинг зарбиданми эди ё ивиган палтосидан
ўтиб баданига санчила бошлаган совуқданми — фарқлай олмади. Хумкалланинг орқасидан бир
зум тикилиб туриб, бу бефаҳмни туққан онасини эшакка рўпара қилиб сўкинди-да, машинаси
эшигини очиб, орқа ўриндиққа ўтирди. Олд ўриндиқ ғилофининг чўнтагидан бир учи чиқиб
турган коняк шишасини олиб қопқоғини очди, пиёлага қуйишга қаноат қилмай,
шундайлигича кўтариб, нафаси қайтгунига қадар қултиллатиб ичди. Бу билан нафси ором
олмагани сабабли яна кўтарди. Сўнг ўриндиқ орқасида турган икки нокнинг бирини олиб
карсиллатиб тишлади. Коняк баданига илиқлик бергач, шиша учинчи маротаба кўтарилди,
аммо бу сафар камроқ ичди. Қопқоқни бураб маҳкамлагач, шишани жойига қўйди.
Шу дамда у фақат «Жигари»нинг ўлиминигина эмас, балки навбатдаги икки сайднинг
тақдиридан бўлак ҳамма нарсани унутган эди. Тезлик билан овланажак жоннинг аввали —
Хумкалла. Унинг умр баёнига нуқта қўйиш Кесакполвон учун оғир иш эмас. Чирт этиб
юборгандай бир гап. Фақат «қаерда, қачон, қандай?» деган саволларга жавоб топса бас.
«Жигари» Маҳмуд тақдирига доир бу уч саволга жавоб топган онда «укахони»га бироз ачинган
эди. Хумкаллага эса ачинмади. Одам тупроқда ўрмалаётган қумурсқани беҳос босиб олмай деб
раҳм қилади. Не қайғуки, Яратган бундай фазилатни барча бандаларига бир хилда беравермас
экан. Кесакполвонни яхши билган одам Тангрининг бу мўъжизасига лол қолиб, кичкинагина
гавдага шунчалар кўп бешафқатлик, бераҳмлик, зулм чўғи қандай жо бўлган экан, деб ёқа
ушлайди.
Қонни қон билан ювиб бўлмайди, деган оддий ҳақиқатни англашга қалдирғоч мўйловини
силаганча ўйга толган Кесакполвоннинг ақли қосирлик қилар эди. У кеча қонга беланган
қўлини эртага яна қон билан ювмаса ўз қони дарёсига ғарқ бўлишинигина биларди. Жонини
асраб қолиш учун жон олмоқдан ўзга йўл унга кўринмас эди.
У неча кунлардан бери гумони таъқибида бўлган Ҳалимжонни ҳам ўйлади. Ҳосилбойваччанинг
қайси гўрга тиқилгани билан қизиқиб юрувчи бу йигитга ҳам қатъий бўлмаса-да, ҳукм чиқариб
қўйган эди. Ҳалимжон фақатгина «милитсияга сотилган» деган гумон тўрида экани учун эмас,
балки Кесакполвонга бўйсунмай, Чувринди билан Асадбекка содиқ бўлгани учун ҳам бу дунёда
яшаб юриш ҳуқуқидан маҳрум этилган эди.
Кесакполвон шу ҳукмни ижро этмоқ фурсати етди, деган тўхтамга келди. Ҳалимжон билан
Хумкаллани бир-бировига қайраб қўйса бас, қайсиниси ақллироқ бўлса яна уч-тўрт кунча тирик
қолади. Кейин эса ўзи ҳам қурбонининг изидан етиб боради.
Кесакполвон бундан ўзгача ният, ўзгача режа қилиши мумкин эмасди.
Идоранинг янги раҳбари хона ашёларининг ўрнини ўзгартиради. Бу барчанинг кўз ўнгидаги
зоҳирий иши. Ботиний иши эса ходимларнинг маълум қисмини ҳайдаб, улар ўрнига ўзига
садоқатли одамларни тўплашдан иборат бўлади. Кесакполвон зоҳирий ишларга муҳтож эмасди,
шу боис ботиний юмушларни ҳали тахтга ўтирмаёқ бошлаб юбораётган эди. Шайтанат
оламининг ўзга дунёдан фарқи ҳам шунда: саройга ёлғиз эмас, ишончли аёнлар билан бирга
кириб борилади. Даҳлизга тўшалмиш чиройли энсиз гиламни эмас, мурдалар кўкси босиб
ўтилади. Биринчи бўлиб Чувриндининг мурдасини босиб ўтган Кесакполвон ҳушини тахт
жилваси ўғирлаган эди. Бу жилва фоҳишанинг ишваси каби алдамчи экани, олам яралганидан
бери тахт ҳеч кимга вафо қилмаганини фаҳм этмоққа у қодир эмасди.
У бироз ўйлангач, режаси хом туюлиб, ундан воз кечди. Ҳалимжон хоин бўлса ҳам Асадбек
қўнжида тура тургани маъқул, деб фикр қилди. Ундан ташқари «қутурган ит олдидаги суякни
тортиб олишга уриниш хавфли» деган тўхтам ўзига маъқул келди.
Ҳали бир ўрин совумай туриб, иккинчи тўшакни етим қолдирмоқни қасд қилган Кесакполвон бу
ерга нима учун келганини ҳам унутган эди. Кўзи фотиҳага келаётганлар томонга қадалган
бўлса-да, хаёли Хумкалланинг калласини олиш муаммоси билан банд эди. Бировни беаёв уриб
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |