www.ziyouz.com kutubxonasi
21
баҳраманд бўлишига йўл қўйилмасди. Уфадаги терговчига, суд раисига бу кўнгил мулки
эшикларини очган тақдирда ҳам, биринчи қадамга ундаган, мажбур этган руҳий ҳолат барибир
инобатга олинмас эди. «Ўзи яхши бола экан, муҳит мажбурлабди», деган фикр ёки тўхтам
унинг жонини сақлаб қололмасди.
Ҳозирги чораси ҳам чўкаётган одамнинг хасга тирмашиши каби эканини фаҳмласа-да,
чиқмаган жондан умиди бор эди.
— Менга қара, фараон, — деди «Қассоб» Солиевнинг орқасига енгил туртиб. — Шерикларинг
сени сариқ чақага ҳам олмас экан. Ўлишинг тайин бўлиб қолди.
— Ўлишимиз, дегин.
— Ҳа, албатта бирга ўламиз.
— Худди эгизаклар каби, — Солиев шундай деб маҳзун тарзда кулимсиради. «Қассоб» бу
аламли чеҳрани кўрмади. Шу нуқтага тикилганича ҳар қандай тасодифга шай турганларнинг
айримлари илғашди-ю, аммо унинг нима сабабдан кулимсираганини фаҳмлашма-ди.
— Йўқ, фараон, — деди «Қассоб» юмшоқроқ оҳанг-да. — Эгизаклар уч-тўрт дақиқа фарқи
билан туғилишади. Сен билан мен эсам бир нафасда ўламиз. Мен-ку барибир итдай отиб
ташланадиган одамман. Ҳа, сенлар мени бир ҳайвон қаторида кўрсаларинг ҳам одамман.
Қутурган итни отиб ташлаб қандай роҳатлансаларинг мени ҳам ўлдириб шундай
ҳузурланасанлар. Фақат сенгина маза қила олмайсан. Тўғрими, алам қиляптими?
— Йўқ.
— Қулоққа лағмон илма.
— Бўладиган гапни айтяпман: ўлимдан қўрқмайман. Гап қачон ўлишда эмас, қандай ўлишда.
— Ҳа... ҳали шунақами? — «Қассоб» бир оз ўйга толди. Сўнг тиззаси билан яна тепди. — Мен
билан бирга ўлишдан ҳазар қиляпсанми? Тақдиринг шу экан, фараон, чида. Сен менга
ўхшаганлардан нафратланиб яшадинг. Мен эса сенга ўхшаганлардан нафратланиб яшадим.
Мен қаерда туғилдиму қандай ҳаёт кечирдим? Мен бошқа олам эдим, сен бошқа дунё эдинг.
Қара, тақдир мени шу ерларга ҳайдаб келиб, қўлларимизни боғлади. Демак, тақдиримиз бир
экан. Сенга ўзингнинг йўлинг маъқул эди. Шу йўлингни тўғри деб билдинг. Менга эса ўзимнинг
йўлим маъқул эди. Энди нима дейсан?
— Нима дердим, қўлларни боғлаб турган бу кишан сен айтган тақдир занжири эмас.
Солиев «Қассоб»нинг яшаган олами ҳақида, бу оламнинг фалсафаси ҳақида уч-тўрт оғиз гап
айтмоқчи эди, аммо фикридан қайтиб, гапни шу тарзда қисқа қилиб қўя қолди. Умр бўйи
балчиқ сувидан баҳра олган одамга булоқ сувининг афзаллигини гапиришдан не наф? Жарга
қулаётган, ҳалокати аниқ бўлган кимсани «жарга яқинлашма», деб огоҳлантиришдан не наф?
— Фараон, сен Худога ишонасанми?
Кутилмаган саволга Солиев дарров жавоб бера олмади.
— Фараон, ўлиб қолдингми, жавоб бер, Худога ишонасанми?
— Ишонаман.
— Аҳмоқсан. Мен эса ишонмайман. Худога ишонсанг айт-чи, нима учун мени бунақа қилиб
қўйди?
— Худога ишонмаганинг учун.
— Лақиллама, фараон, ишонган сен ҳам, ишонмаган мен ҳам бир хилда ўляпмиз-ку?
— Мен ҳали ўлаётганим йўқ.
— Ўляпсан... ўлиб бўлдинг, фараон. Фақат ўлимингни расмийлаштириш қолди. Жонинг
ишонганинг Худонинг эмас, менинг қўлимда. Истасам ҳозир ўласан, хоҳласам эрталабгача
яшайсан. Сен ўзингни яхши одам деб ҳисоблайсан-а? Мен эса сенинг назарингда энг ёвуз, энг
тубан, энг ифлос одамман. Сен мени танимасанг ҳам шундай деб ҳисоблайсан. Чунки мен —
одамхўрман. Сен шу маълумотга ишониб мени ўлдириш мақсадида бу ерга келган эдинг.
Сендан олдин-роқ мен шеригингни отдим. Бунга ҳам мен айбдорманми? Йўқ, бир сўтакнинг
қўлига тўппонча бериб қўйган сен айбдорсан. Мен ўзимни ҳимоя қилдим, уни ўлдирмасам ўзим
Шайтанат (4-китоб). Тоҳир Малик
Do'stlaringiz bilan baham: |