www.ziyouz.com kutubxonasi
22
ўлардим. Хотинни гаровга олмаганимда ўша заҳоти отардинг мени. Ўйлаб ҳам ўтирмай
отардинг, а? Ахир сен у хотиннинг кимлигини билмайсан-ку? Балки у мендан ҳам баттардир?
Балки у йигирмата эркакни авраб, тўшагига олиб киргандир, кейин ўлдириб, гўштини егандир?
Сенлар мен ўлдирган хотинларга ачинасанлар, а? Кимлар эди улар, билмайсан-ку? Билмай
туриб ачинаверасан. Ҳаммасининг эрлари бор эди, болалари бор эди. Эрлари бўла туриб мен
билан ўйнашишди. Бузуқликлари учун эрлари ҳам индамайди, сенлар ҳам жазоламайсанлар.
Эрига хиёнат қилиш жиноят эмасми? Жиноят. Одам ўлдиришдан ҳам баттар жиноят. Шунинг
учун мен уларни жазоладим. Бу яхшилигим учун сенлар мени ўлимга ҳукм қилдинглар. Бу
адолатдан эмас, фараон. Ҳозир сени қўйиб юборсам бошимга юзлаб ўқлар ёғилади. Баданимни
илма-тешик қилиб ташлайсанлар. Менга биттагина ўқ кифоя қилишига ақлларинг етмайди.
Фараон, нега жимсан? Менинг ҳақиқатим олдида Худойинг ҳам жим қолади. Сен «Худога
ишонаман», дейсан. Лақиллама, фараон, сен Худога эмас, тўппончангга ишонасан. Сенинг
Худойинг шу тўппонча, пайғамбаринг манави кишан. Ана, сенинг Худойинг ҳам, пайғамбаринг
ҳам менга хизмат қиляпти. Додингни кимга айтасан?
— Биринчи марта қачон одам ўлдирган эдинг?
— Ҳа, фараон, бу сенга нима учун керак бўлиб қолди.
— Ўша пайтда қўлимга тушганингда уч-тўрт оғиз гап гапирар эдим. Энди фойдаси йўқ. Сенга
қараб ўша пайтда ўқ узилган. Фақат юрагингга санчилиши қолди. Сен балки бугун қутулиб
кетарсан, лекин билиб қўй, ўқ изига қайтмайди, сенга атаб узилганми, демак, адашмайди.
Ҳукмни Уфадаги суд чиқарди, деяпсанми, бекор гап. Ўша биринчи қадамингда ўзингга ўзинг
ҳукм ўқигансан. Ўқни ҳам ўзинг узгансан. Бошқалардан ўпкалама.
— Шундайми, у ҳолда ўлим мен учун нажот, сен учун эса фалокат, жазо экан. Бунга нима
дейсан?
— Мен ўлимнинг шарпасини сезмаяпман.
«Қассоб» шунақами, «сезмасанг, сезиб ол», дегандай панжасидаги бомбани Солиевнинг
кўкрагига қаттиқроқ босди. Ўзини ҳотиржам тутишга ҳаракат қилаётган Солиев шундан сўнг
ўзини беҳол сезди. Йўқ, «ҳозир бомба портлар, танам қийма-қийма бўлиб кетар», деб
қўрқмади. Хизмати юзасидан ҳамиша ўлим билан беркинмачоқ ўйнайдиган одамнинг енгил
турткидан ваҳимага тушиши мумкин эмас. Алҳол, Солиев вужудидаги беҳоллик сабабини
билмади. Бу сабабни кейинроқ, шифтга тикилиб ётган дамларда англайди.
Одам боласи туғилиб, дунёни кўрган онидан ўлим билан қувлашмачоқ ўйинини бошлайди.
Ўлим қувлайди, одам боласи эса қочаверади. Кимдир бу ўйинда тез чарчайди, ўлим тезгина
қувиб етади. Баъзилар эса узоқ, жуда узоқ қочади. Ҳатто ўлим тезроқ югура қолса эди, тезроқ
менга ета қолса эди, деб нолалар қилади. Ҳатто югуриб ҳоригани учун секинроқ юра
бошлайди. Не ғамки, шу онда ўлим ҳам югуришни бас қилади. Югура-югура чарчаган, ҳаётдан
тўйган одам ўлим ета қолсайди, деган илинжда тўхтайди. Не қайғуки, ўлим ҳам тўхтайди.
Чунки... қувлашмачоқ ўйинининг ниҳояси, оқибати қочаётганнинг ҳам, қувлаётганнинг ҳам
ихтиёрида эмас. Ҳолиқи олам белгилаган вақт ва манзилга етилгунга қадар бу ўйин давом
этаверади.
Солиевни қувиб келаётган сайёд — ўлим айни шу бекатда сайдига етиб келдими экан? Буни
ёлғиз Яратган билади.
Do'stlaringiz bilan baham: |