www.ziyouz.com кутубхонаси
92
ХОРУН АР-РАШИД
Ғўлабир-миқти Мелибой Бўриев — вилоят фирқа қўмитасининг мафкура котиби бугун, ниҳоят,
собиқ секретарнинг ҳовлисига жойлашиб олди, уйлар яқинда таъмирдан чиққани ҳам унга қўл келди:
ётоғи — ётоқ, емакхонаси — емакхона, кутубхонаси — кутубхона бўлди.
Мана, оқибат, у болаларини ётқизиб, чоққина ҳовлини ҳам кезиб келиб, кутубхонасида, тўғрироғи,
иш ҳужрасида, стол ёнида ўтирибди.
Ён томонидаги ҳарир пардали дераза қия очиқ, ундан тоза ҳаво киряпти. Ўқтин-ўқтин
қурвақаларнинг оғзига сув олиб ғарғара қилгандай сайрашлари эшитилади: баҳор-да.
Котиб концлагер маҳбуслари кийимини эслатадиган йўл-йўл оқ-пушти, юмшоқ кийимда.
У «BT»дан тутатиб, ўзича роҳатланиб хаёл суради: ипши бошлашга бошлади — институт, редакция,
соғлиқни сакдаш бошқармаси бошлиқлари билан алоҳида-алоҳида гаплашди, — наздида, уларнинг
дардини билди; собиқ котибдан нолишларини эшитиб жилмайди. Ўзининг ходимлари ҳам анча маъқул,
яъники, хушомадгўй кўринди: ҳали уларни ҳам битта-битта билиб олади.
Умуман, иш яхши бошланди. Бироқ... бироқ ҳозирги талаб, хусусан, мафкура бобидаги «минг»лаб
газеталарда ёзилаётган эътирозлар, бу йўриғда бошқача — ҳалигидай — умуминсоний қадриятлар
дастуриламал бўлмоғи кераклиги, илло, партиявий мафкура кўп жиҳатдан ўзини оқламагани ва
ҳоказоларни ҳам ҳисобга олиш лозимки, бу борада бош қотирмай деса, Биринчи котибнинг қатъий
талаби шу: партиянинг обрўсини кўтариш керак, дёмак, одатдаги партиявий мафкурани янгича-
самарадор қилиш жоиз, бунинг илк шарти — халққа яқин бўлиш, демак, унинг қалбига кириш, хўш,
унинг барча эҳтиёжларини билиб — ишни шунга мослаш...
Ана шу «халқ ичига кириш» масаласи Мелибой Бўриевни кўпроқ ўйлатар, бу гап ҳамма вақт бўлган,
депутатлик жўнидан сайловчилар билан учрашиш ҳам, пахта терими маҳалларида «Волга»ни йўл
бўйида тўхтатиб, уват бошида теримчилар ила тўрт оғиз гаплашиш ҳам — «халқ ичига кириш»
ҳисобланардики, энди ўша тадбирлар Мелибойнинг ўзигаям кулгили туюларди: демак, қандайдир
бошқача йўл тутиш лозим.
У қандай йўлки, оҳ, партиянинг обрўсини бир кўтариб берса! Унга одамларнинг ихлосини бирдан
ошириб, дейлик, Биринчининг олдида юзи ёруғ бўлса!
Лекин начора...
Мелибой ана шундай жиддий ва мураккаб ўйлар оғушида эса-да, унинг кайфи чоғ, «BT»ни
роҳатланиб тутатар ва юмшоқ креслодан тургиси йўқ эди.
Бир маҳал керишиб, сигарет қолдиғини биллур кулдонда эзиб, қўзғалди. Ва беихтиёр дераза томонга
йўналар экан, қаршисидаги қизил жавон ичида — токчаларда ярқираб турган китобларга кўзи тушди.
Чамаси, уларни томоша қилиш — қандай жойлашгани, дейлик, «Дунё адабиёти дурдоналари» кўзга
дафъатан яққолроқ ташланадими ёки «Лениннинг жилдлари», ана шу ҳолниям бир қур кўздан
кечиргали жавон олдига борди-ю, энг юқори токчада кўримсиз бўлиб, ҳатто бу гўзал «манзара»га
ёпишмайроқ турган бир саф асарларга тикилиб қолди.
— «Минг бир кеча», — деб пичирлади. Кайфияти янаям кўтарилиб, шўхлиги тутиб, улардан бирини
бармоғида тортди. Олди. Бу асарларнинг аксарини ёшлигида хатм қилгани, улардаги севги
саргузаштлари кўп замонлар ёдидан чиқмай юргани хотирасида уйғониб, яна стол ёнига қайтди.
Китобни тахта ойна устига қўйиб, таваккал очди-да, кўзойнагини олиб тақди.
Ҳарфлари йириклашиб кетган саҳифанинг илк қатори:
«Бағдод халифаси Хорун ар-Рашиднинг вақт-вақти билан тунлари дарвиш либосини эгнига илиб,
қаландархоналар, такяхоналарда юриш одати бор эди. Шу асно у фуқаронинг аҳвол-руҳиятидан
хабардор бўлар эди...».
Мелибой ўқишдан тўхтади-да, апил-тапил «BT»дан бирини олди. Кўзойнакни ечиб қўйиб, сигаретни
япон ёндиргичида тутатди ва бирдан изига қайрилиб кетди.
Ахир, буни билади-ку? «Чор дарвиш»ниям ўқиган-ку? Шоҳлар, шаҳзодалар ҳам қаландар
жомасида...
Мелибой ҳаяжонланар, гўё излаган-истаган нарсасини топгандай ҳовлиқиб нафас олар, ҳа-ҳа, у
чиндан ҳам муҳим бир кашфиёт яратгандай эди.
— Да, вот та-ак.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |