www.ziyouz.com кутубхонаси
90
бўладиган сингари тезликни оширди-ю, сойликка энавериб, таққа тўхтатди: қаёққа боряпти?
Ўзиям хаёлати бўлиб қопди.
Ахир орқага буриб, тағин кампирнинг олдидан ўтказиши керак-ку машинани?
Тезроқ уйга етиши керак!
Шунда унинг яна йиғлагиси келиб кетди: «Бутун ҳаётини бизларга бағишлади шу кампир. Бобомдан
қолганида ёш бўлган-ку! Лекин эр қилмаган... Энағар энам бўлса, отамдан келган извишенини ўкибоқ
феъли айниган. Укам билан мени ташлаб, бир дизиртирга эргашиб кетган...
Момом чапак чалиб қолаверган.
Куйган банда бу... «Энди мен ҳам мазах қиляпман!»
Ўсар шу алфозда яна машинани тўғрига ҳайдаб кетганини билмай қолди. Машина тошлоқда чиндан
ҳам уф-уфлаб тўхтаб қолганидан кейин ўзига келди.
Ҳа, радиатор иш кўрсатмоқда эди...
У йиғлаб юборди-да, копотни очиб қўйиб, қайноқ буғнинг кўтарилишини бир оз томоша қилгач,
пачоқ челакни олиб булоқ излаб кетди.
Алқисса, аллақанча вақтдан кейин шалоқ машинани қайтариб қишлоқ йўлига туширди. Тутлар
орасидан шитоб билан ўтди. Ва қишлоққа яқинлашганда...
...Қай кўз билан кўрсинки, қаршисидан келаётган таниш юк машинаси устида...
Ҳожар тик турганча кабина томига қўлларини тираб келмоқда, рўмоли учларини тишлаб олган эди.
Ўсар машинани йўл ўртасига буриб тўхтатди.
Кабинадан бошини чиқарган таниш қариянинг саломига ҳам алик олмай, ойнадан қўлиниям чиқариб
бақирди:
— Ҳей! Баққа туш, энағар!
Ҳожар эрини таниб, титроқли илжайди-да, кузов ортига қараб кетди. Ўсар унинг ерга тушиши
мушкул экани учун ўзи кабинадан чиқди, айланиб бориб, хотинини кўтариб олди. Ёшли кўзларига
тикилиб:
— Ҳа? — деди ва... унинг нега йўлга чиққанини тусмоллагани ҳолда: — Гапир! Қаерга бораяпсан,
энағар... а? — деб бақира бошлади.
— Секин, секин, — деди хотин бошини эгиб ва чап қўлини кўксига босиб.
Шунда нариги машина қимирлади. Йўл ёқасига чиқди. Ўсар беихтиёр хотинининг билагидан ушлаб,
ўз машинаси томон йўналди. Анави «ЗИС» ўтиб кетгач, иккисиям чангга беланиб ва қўлларини пашша
ҳайдагандай қилиб кабина қошига етишди.
— Хўш? — деди Ўсар. — Уйга қайтамиз-а? Момо қо-олди... Юрагинг совудими, ҳароми? Энди
яйлов кенг бўлади сенга! Боғда жавлон урасан, силкасал! Хотин унинг қўлларини ўпа бошлади.
— Ундай деманг... Ёлтон гапиряпсиз... Борсангиз, ўзингиз боринг ўша боққа... уф, ўламан. — Кейин
Ҳожар чинқириб юборди. — Қайтаринг мошинани! Ҳе, невара бўлмай ўлинг! Машинани қайтаринг!
Ўсар қаноатланиб — томоқ қириб, кабинага кирди. Мотори тағин ўчирувсиз қолган уловини
юргизиб, айлантириб келди. Ҳожар йўлнинг бу томонига ўтиб, ичкарига аранг кириб ўтирди-да,
тутқичдан маҳкам ушлаб, бошини эгди.
— Ҳа? Пушаймон қиляпсизми? — деди Ўсар машинани ҳайдаб. Хотин миқ этмади. — Баттар бўл! —
кейин яна мамнун бўлиб кетди...
Сўнг... момосини қўш тутда сарғайтириб... қолдириб келганидан...
Йигитнинг чунонам алами келиб кетдики:
— Уҳ, — деб иҳради. — Нимага туғилдим мен? Шу азобларни чекиш учунми?.. Бировлар
туғилганидан шод, димоғи чоғ! Уйида тинч, қулоғи тинч... — Кейин, носқовоқни тишларига тиқ-тиқ
уриб нос отди. — Гапий!
Хотин яна чурқ этмай олдинга боқди. У қандайдир шишинқираган, қовоқлари осилиб кетган, фақат
кўзлари ғилтиллар эди. Ўсарнинг аёлига яна раҳми келди-да, туйқус унинг эгнидан ўнг қўли билан
қучиб қўйди.
— Билардим.
Ҳожар кўзини йўлдан узмай сўради:
— Қаерга обориб ташладингиз у кишини?
— Қаерга, қаерга... Детдомга-да! Билдингми? Хурсанддирсан?
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |