www.ziyouz.com кутубхонаси
98
ўйларкан, баданидаги оғриқ уни шу ерга чўктирди. У қийшайиб қолган телпагини бостирди-да:
«Ишқилиб, танишлар ўтмасин-да», дея бошини эгди.
У чайқалар, пушаймон ейишниям, емасликниям билмас эди. Бир пайт мошина номерини эсламоқчи
бўлди: номерга қарамапти.
«Уни-ку топтириш мумкин... — деб ўйлаб ичида кулимсиради. — Нима фойдаси бор?» Аммо шу
оннинг ўзида у йигитдан... бир қасд олмаса, уни бир марта дабдаласи чиққанини кўрмаса, сира-сира
хумордан чиқмаслигини ҳис қилди. Ва ҳатто: «Кўрамиз!» деб ҳам қўйди.
Аммо айни чоғда бу ўйлар — хомхаёл, аламзадалик натижаси эканини англаб турарди.
Ниҳоят, ғижимланган «BT» қутисини чиқарганида, ажабо, Қайнарбулоқ йўлида кўзини... кўкартириб
келаётган машина кўринди.
Мелибой ўзини тутиб ўрнидан турди. Бетон супачадан тушиб, қўлини... ерга қадаёттандек қилди. Оқ
«Волга» келиб тўхтади. Мелибой ишонч билан тағин... орқа ўриндиқ эшигини очмоқчи бўлди,
очилмади. Шофёр ичкаридан унга тикилиб турарди.
Мелибой эшикка имо қилди. Шофёр йўловчининг башарасидан ўзига керакли маънони уқиб олдими,
тугмачани кўтарди.
— Ассалом алайкум, — Мелибой Бўриев ичкарига кириб ўтирди. — Хавотир олдингиз-а?
— Ваалайкум ассалом... Энди, эҳтиёт шарт яхши-да.
У киши ўрта яшар, дўппи кийган, ҳорғин кўринар эди.
— Маъқул, маъқул, — деди Мелибой.
— Марказгами? — Ҳа..
Машина жилди. Шофёрнинг ҳайдаши ҳам ўзига ўхшарди: бир маромда.
— Чексам майлими?
— Ойнангизни тушириб қўйинг.
— Раҳмат... — Мелибой сигарета тутатиб, ўриндиққа ястаниб олди-да: — Ака, сиздан бир нарсани
сўрасам майлими? — деди.
— Сўранг, ука.
— Ҳим, райком... йўқ, обком секретарининг мана шундай уст-бош билан тунда юришига
ишонасизми?
Шофёр унга қаради.
— Обком секретаримисиз? Мелибой ҳорғин бош ирғади. — Ҳа..
— Билмадим.
— Нега? — қизишиб сўради Мелибой. — Ахир, халқни ўрганиш учун юриши... мумкин-ку? Шу
тариқа. партияни халққа яқинлаштириш учун, демак, партиянинг обрўсини кўтариш учун... Умуман,
раҳбарликнинг...
— Йўқ, ука, — деди у. — Бунинг учун секретарь... Хорун ар-Рашид бўлиши керак. Ана шундай
бўлолмагани учун ҳам партиямизнинг обрўси кетган...
— Обрўси қайта кўтарилмайдими?
Шофёр кифтини учирди.
— Ука, сиз ҳам бизга ўхшаб оддий одам экансиз, — деди у йўлдан кўз узмай. — Келинг, пастроқ
тушиб, оддий гаплардан гаплашайлик.
— Хўп.
— Бекатда ўтирган эдингиз...
— Э, шу...
— Йўлда ишлайсизми?
Мелибой Бўриевнинг тағин йиғлагиси келар, эт-баданидаги оғриқ етмаётгандай бағри-дили хун
бўлиб эза бошлади.
У кўзларини юмди ва... очди.
Машина нақ ҳовлиси ёнидан ўтмоқда эди. Бирдан шофёрнинг елкасига туртди.
— Келдик!
Машина тўхтади. Мелибой чўнтагидан пул чиқарди. Ундан битта учталикни ажратди-да, ўйланиб
қолиб, тағин битта учталикни қўшди, узатди.
Шофёр олти сўмни олиб:
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
99
— Яхши боринг, — деди. — Лекин партиянинг обрўси...
Мелибой тез-тез бош ирғаганча кабинадан чиқ-ди-ю, қотиб қолди.
1990
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |