www.ziyouz.com кутубхонаси
96
— Уф!
— Обормагунингча бермайман!
— Шундайми?
Шофёр моторни юргизиб, машинани вангиллатиб жилдирди ва эллик қадамлар масофадан кейин
кескин чапга бурди. Шунда «Волга» шағал уюмига дуч келиб сапчиб кетди. У ёкдаям шағал кўп экан.
Йигит машинани жаҳл билан тислантирди. Келган йўлларига тўғри қилгач, моторни ўчирди-да, ёниқ
қолдирилган чироқлар олдидан айланиб келиб, эшикни очди.
— Чиқ!
Мелибой уятдан, ҳақоратдан терлаб кетди. Ва шофёрнинг қўли чўзилмасдан бурун чиқишни маъқул
кўрди. Сурилиб, сиполик билан чиқди.
— Ишонмадинг-а?
— Чўз! Чўз! — Шофёр машина тумшуғи томон жилди: олган ҳақини нурга тутиб кўрмоқчи.
Мелибой эса у ерга борса... анави бекатдагилар таниб қоладигандек жойидан жилмай, ҳар эҳтимолга
қарши дея олиб чиққан пулидан уч сўмни ажратди-да, узатди.
У оласолиб тикилди.
— Кам-ку бу?
— Нега? Ана, счётчигинг...
— Счётчикнинг онасини... Яна уч сўм бер! Туда-судага... Ўзим ҳам билгандим-а! Апирист! Тағин
орқага қайтмоқчилар бу киши. Олтмиш сўм планим бор!.. Мошина ҳақини тўлашим керак! Мени
кафангадо қилмоқчи бу ҳароми!
Мелибой унинг дардини дарҳол англади: ҳа, бунақа яп-янги «Волга»ни гараждан олмоқ учун
хўжайинларга камида минг сўм чўзиш керак: бу ҳақиқат... Бироқ, энди шофёрнинг қаттиқ-қурум
гапларига, ҳатто сенлашига-да кўниккан эса-да, унинг «апирист, ҳароми» дегани... йўқ, бунга тоқат қила
олмайди. У фирқўм котиблигидан кетса кетади-ю, ўзини бунчалар ерга урдирмайди: у ўрганмаган ахир!
— Бери ке, — деди унга.
— Пулни чўз... — Тисланди у. — Бу йўлда одат шу! Ҳамма билади! Қани, бўл!
Шубҳасиз, шофёр йигит ғўлабир-миқти Мелибойни тик ҳолда кўриб, тағин унинг ишонч билан
«бери ке» деганидан қўрққан эди.
Шунда ҳар иккисининг ҳам жонига ора кириб... бояги ўсмир билан новча, саллали киши ҳам
яқинлашиб кела бошлади. Мелибой ўзини орқага тортди, шофёр эса баттар авж олди:
— Эй, мусулмонлар, мана бу апиристни кўринглар! Пулни бермаяпти! Мен коммунист дейди. Яна
бир балоларни айтади. Пулни бермайди... — Кейин қўлидаги уч сўмликни ёруққа тутиб кўрсатди. —
Бергани шу! Хўш, айтинглар-чи, марказдан шу ергача шуми?
Саллали:
— Мен беш берардим, — деди.
— Бунинг бергани шу!.. Ҳой, буёққа чиқ, номард! Мен кетишим керак. Время — денги!
Меливой Бўриев, ниҳоят, машинанинг бу ёғидан ўтиб, улар қошига борди.
— Ассалом алайкум! — У авомга саломнинг кучини биларди: айниқса, қалтис вазиятда.
— Алекум, — деди қария.
— Қаранг, бу салом беришниям билади-ю! — Чийиллади ҳайдовчи. — Мундай қарасанг, дуппа-
дуруст одам...
— Мен сенга бир сўм ҳам ортиқча бермайман, — деди Мелибой Бўриев. — Счётчик кўрсатганини
олдинг. Энди... кетаверишинг мумкин. Лекин биз сен билан Қайнарбулоққача келишган эдик. Буям
эсингдан чиқмасин!
— Вой, номард-е, — қиқиллаб кулди шофёр. — Вой, иплос-е! Ахир, эй нокас, ҳаммасини тўлайман
деб айтган ким? У ваъда сени эсингдан чиқдими?
— Ҳалиям тўладим, — деди Мелибой. У йўловчиларда яхши таассурот қолдириш учун ўзини
мумкин қадар сипо-вазмин тутмоқда эди.
— Вой, қиззиғар-е!
— Сўкинма.
— Ахир, мен автостанцияга ўтсам... Вой, тавбангдан кетай! Бу қандай бало, а, мусулмонлар?
— Ҳе, шопирни ҳақини беринг-е, — деди саллали. — Буниям бола-чақаси бор. Фалокат оёқ остида,
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |