www.ziyouz.com кутубхонаси
105
Умрзоқ ака соқол олдираётгандаёқ мен «Дружба»га қўнғироқ қилиб, «қирқинчи вакил»ни олиб
бораётганимни ва Иван Ивановичнинг феъл-атворидан тор-тиб касб-коригача сал-пал ахборот
бергандим. Директор хурсанд бўлиб, томорқали уйлар тушаётган янги маҳаллага опкелишни айтган
эди.
Тўғри ўша жойга бордик.
...Шу ўзбекларимиз қизиқ-да: ўзи емай меҳмонга тутади, деганиям рост. Уйида аза бўлсаям
меҳмонга билдирмайди, деган гапдаям жон бор.
Ўзингиздан қолар гап йўқ, уй-жой масаласи тупканнинг тубидаги қишлоқдаям муаммо...
Меҳмонлар эса тайёр уйларга бепўшт-пўшт...
Тўғри, ўша вақтларда шундоқ эди, яъни, уйидан ҳайдаб чиқарсанг ҳам, «раҳмат» дейишга мажбур
эди.
Хуллас, борсак... эҳ-ҳе, яқинда пардоздан чиққан уч хонали алоҳида иморат қошида талай одам.
Болалар ҳам бор (Ҳалигидай ўн бир-ўн икки яшар болалар). Ҳамманинг лабида кулги. Фақат карнай-
сурнай етишмайди...
Уф, уялиб кетасан киши.
Директор бизга пешвоз чиқди. Тантана билан машинадан тушдик. Кейин жиндак йиғин бўлди.
Директор — мени Олтойга юбораётганда ўшандоқ гапларни мажруҳлик билан айтган одам:
— Дўстлар! Мана, бу киши ҳақиқий Олтой фарзанди Иван Иванович Умрзоқ ака бўладилар! — деб
гўёки терисига сиғмай шодумонлик билан сўз бошлади. — Элга эл қўшилса, бойлик дейдилар: бизнинг
бойлигимиз — дўстликда! Умрзоқ ака, хуш келибсиз! Мана, шу уй сизники!..
Ва ҳоказо...
Шуни айтишим керакки, бу «иш»лар комедия эканини шу ердаги ҳар бир одам билиб турарди.
Лекин буни билдиришмас, мийиғларидаги истеҳзоли табассум ҳам самимият ниқоби остида эди. Тағин
уларнинг қарсак чалиб юборганлари...
Одам сийраклашгач, уйга кириб, хоналарни кўздан кечирдик: жиҳозлариям бинойи.
Ошхонада — икки оташхонали газ-плита ёнида бир қути сабзи, пиёз, картошка, карам ҳам бор экан.
Умр-зоқ ака гангиб-гарангсиб қайтиб чиқаркан:
— О, маркоп, картоп, капуста! — деди. Сўнгра бизга қараб тушунтирди: Олтойга ўрислар билан
бирга кириб келган емакми, нарса-предметми борки, улар ўз номи билан аталаркан. Масалан,
«соат»ниям — «час», «жухарини»ям — «кукуруза» дейишаркан... Шу қути бошида унинг нима иш
қилажагиям тайин бўлди.
Умрзоқ ака қути ёнида ётган янги супургига тикилиб қолди-да, бирдан уни олиб:
— Сибирги, сибирги! — деди қадрдонини топгандек. Кейин директорга муддаосини айтди: — Я
буду сторожом! Карауул... — Кейин тахтаполни супургандек қилиб, қаддини кўтарди-да, энди директор
бобони синамоқчидек: — Юз қўйди пир чивикла кажирдим. Бу не, тап? — деди. Сўнг топишмоғини
ўрисчага ағдарди.
Директор хўрсинди.
— Шу қишлоқни бердим, ўзинг айт.
Умрзоқ ака бу гапни эшитиб, шундай роҳатланиб кулдики, охири кўксовдек йўталиб қолди. Сўнгра
Олтойда ҳам топишмоқни тополмаган киши «шаҳар бериши»ни ёхуд кулгили бир лақаб билан аталишга
рози бўлишини айтди. Сўнг супургини салмоқлаб, тепага кўтарди.
— Сибирги!
Биз тушундик.
Иморатнинг атрофида талай қари дарахтлар бор, тақир ерда уларнинг япроқлари тўшалиб ётар,
теварак ҳали бирон тўсиқ билан ўраб олинмаган эди.
Ҳув узоқ-яқиндаги айрим уйларга одамлар кўчиб киришган, табиий, ўзларининг уйлари олдини
супуриб-сидиришар, демоқчиманки, бу янги маҳаллада фаррош учун иш йўқ ҳисоби эди: чунки хонадон
эгалари асосан ўзбеклар ва тожиклар эдики, ўзингиз биласиз, супуриш-сидириш уларнинг
келинларидан ҳам ортмайди.
Шу боисдан, директор кетаётганида шу тўғрида гап очгандим, у киши бу масалани биз келгунча ҳал
этиб қўйгандай тупроқ йўл туташган асфальт кўчанинг нариги бетидаги беш қаватли иморатларни
кўрсатди.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |