www.ziyouz.com кутубхонаси
106
— Тушундим, — дедим.
Кейин директор Умрзоқ ака билан хўшлашди.
— Ҳозирча хайр, ўртоқ Иван Иванович... Бизнинг идора ҳув жилғанинг бўйида. Томига қаранг,
қизил байроғи бор. Агар бирон гап чиқиб қолса, марҳамат! — Кейин кулиб, меҳмоннинг қўлини сиқди...
— Биз сизни уйлантириш масаласиниям ўйлаб кўрамиз... Хўш, нима бўлсаям ўзимиздан, ҳим,
қавмларимиз юртидан келгансиз... Лекин энди Ўзбекистон ҳам сизнинг юртингиз бўлди. Ҳа-ҳа, яшасин
дружба! Ҳинди русу бхай-бхай...
Кейин менга қишлоқнинг у ёқ-бу ёғини кўрсатишни, ичкилик зарил бўлса «Ҳабиб бупитчи»га айтиб
қўйганини тайинлаб:
— Пахта теримига ҳуши бўлса, унгаям хўп, — деди.
Мен Умрзоқ акани эргаштириб, ўша иморатлар томонга бошладим. Уч-тўртта болакай нари-берида
туришган эди, улар ҳам изимиздан тушди. Кўнглимдан ҳар хил ўй ўтади денг: болаларни чақириб,
топишмоқ айтсамми? Уни қувонтирган «белое золото»ни териш, о, ярим соатда уни белдан
қолдиришини тушунтирсамми?
Шунда Умрзоқ ака бирдан тўхтаб, бетон ариққа энгашди. Ариқнинг ифлос сувидан ҳўл бир каламуш
чиқиб қочди. Шунга энгашдими десам, у бўйни чиқиб турган бир шишани оляпти. Шартта қўлидан
тортдим.
— Қўйинг уни! Бўлди энди... Бу ер сизга Барнаул эмас! Аитдим-ку, бу ерда ароқ ҳам текин!
У дам хўрсиниб, дам тамшаниб, бироз жим-паришон юрди-да, тағин бирдан тўхтаб, йўл четини
кўрсатди.
— Ура! Ура!
Ҳайрон бўлдим: «Нимага «ура!» деяпти?» Эътибор қилсам, битта иморатнинг ертўласига ишора
қиляпти.
— Ҳ-а, подвал эсга тушдими?
— Аа-да! — деди у кўзлари ўйнаб. — Ура у.
— Э-э, ўра... йўқ, — дедим. — Сизнинг уйингиз бор, Умрзоқ оға. Ўчақ бор... Энди бошқача яшайсиз.
Тушуняпсизми? Одамга ўхшаб...
У киши худди ароғини олиб қўйганимдек қовоғини солиб олди. Сўнг атрофга боқиб чуқур
хўрсинди-да, болаларга кўзи тушиб, бирдан тиржайди.
— Кел, кел, — деди уларни имлаб. Ва бемалол чўнқайиб, тағин ертўлани қўли билан кўрсатди.
Болалар ҳам югуришиб келиб, ертўлада бир нарса бордек тикилишди. Сўнг Умрзоқ ака менга жилмайиб
қўйиб: — Кўлонқози йок қара ат. Бу не, тап? — деди. Кейин болаларга бир-бир кўз тикиб, ўрнидан
турди.
— Рассом амаки, бу қозоқ нима деяпти? — деб сўради болалардан бири.
— Топишмоқ айтди, — дедим. — Кўланкаси йўқ қора от. Нима? Топинглар!
— Вей, шунақа от ҳам бўладими?
Бўғинларим бўшашиб кетди: билардим, бизнинг ҳозирги болалар бунақа топишмоқ-мопишмоқларга
қизиқишмайди... Нимага, ака? Бунга эҳтиёж сезишмайдими? Ёки муаллимлар, мактаб... Ҳа-ҳа, биз
табиатдан узоқлашиб кетганмиз... Лекин Барнаулдаги болакайлар билишади-ку? Ҳолбуки, улар ҳам она
табиатларидан... Ана бу гапингиз маъқул, Умрзоқ акадай...
Топишмоқнинг жавобини... мен ҳам билмасдим. Ана, раҳмат. Сиз ҳам билмайсиз.
Умрзоқ ака ниҳоят:
— Ўра, о-ора, — деди. — Ертола... — Кейин менга таъна назари билан боқди.
Ҳабибнинг «бупити» бу иморатларнинг адоғида эди. Бизни кўрибоқ пештахта олдига чиқди. Бир
қўлини ортидан олмай, бирини кўксига босиб салом берди. Кейин:
— Дод! — деб хитоб қилди. — Приезжайте к нам в Узбекистан! — Сўнг анави қўлида бир шиша
«Русская водка» бор экан, Умрзоқ акага дангал узатди. — Прошу, не откажи, атес! Яна нима хизмат
бор, рассом ака?
Умрзоқ ака кўзларига ишонмагандек бирпас тек қотди-да, кейин Ҳабибга иршайиб:
— Уни яраш ул не, тап? — деди.
Ҳабиб менга қошини учирди.
— Топишмоқ айтди. Ичи тўлиб кетган топишмоққа, — дедим. Кейин Умрзоқ акадан «табишкакти»
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |