САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
198
ёввойи қий-қириқлар-да авж ола бошлар экан, ўлай агар, Одил акани таниб бўлмас эди.
Япалоқ юзидаги Чингизхонникига ўхшаш қошлари чимирилиб кетган, бироқ ул улуғ хондан фарқли
ўлароқ ҳаяжонга йўғрилиб, ўқтин-ўқтин шивирлар эди:
— Нима бу?
Мен у киши эшитадиган даражада сайрай бошладим:
— Ана чол, ўтирипти-ку ўртада. Ўша чол охири ўрнидан туриб, йигитларга қўшилиши керак. Яъни,
у тирилади... Нима учун тирилиши бошқа масала.
— Э, ўшаниси керак-да. Демак, мухим бир маъно бор экан бунда! Лекин сўзлари...
— Сўзлари кўп ўзгарган.
— Яқ-қу — нима дегани? Яқ қувми?
Одил аканинг беихтиёр оғзидан чиқиб кетган бу сўз, назаримда, «Яқ-қу»нинг янгитдан кашф
этилган маъносидек туюлди: чиндан ҳам «яқ» билан «ақ» — оҳангдош, «қу» эса — шундоқ ҳам «қув»
шаклида айтилади. Бундан хулоса чиқадики, ўртадаги чол — қандайдир «оқ қув», яъни, оққуш бўлиши
мумкин... Ярадордир? Касалдир? Ҳолдан тойгандир у? Оқибат, ёш-яланг тазйиқи, шаҳди-жаҳди билан
ўрнидан туриб кетади.
— Ў-а, бўлиши мумкин, — дейман тезгина юқори-да айтганимни хаёлдан кечириб. Сўнгра
Абдуқаюм ташкил этган бу ансамблнинг ғоявий раҳбари — жияним Холиқ Хуррамов билан ушбу сўз
мағзини чақишдаги уринишимизни айтаман: — Лекин, Одил ака, қадимги турк тилида «Яғ-ғу» деган
сўз ҳам бор...
— «Буяғ» эмасми?
— А-а, буям қизиқ вариант. Буяғ — унвон, даража бўлса керак, а?
— Шундай.
— «Яа-ғу»да маъно кўпроққа ўхшайди, Одил ака...
Я-ғу — ёв десак, демак, қабилани ёв босаяпти, туриш керак — оёққа қалқиш керак, деган маъно
борга ўхшайди мана шу ҳаракатларда... Демак, ўлаётган чол ҳам ёв босаётганини англаб, ўрнидан
туради... Бу — ўзига хос пантамимо...
— Йўқ, анави шарҳингда жон бор... Ҳим, всё-таки, жуда қадимги қўшиқ экан-да, — гўё хулосага
кела бошлайди Одил ака. — Қара, йигитларнинг ҳаракатлариям ёвқур.
— Ҳа..
— Ҳе-е, биз кўп нарсани унутганмиз... Унутишга мажбур қилишган: арабиям, форсиям, ўрисиям...
Мен аста томоқ қириб қўяман. Укам кўзини олайтиради. Қандайдир хизматларини қилиб келиб,
Одил аканинг ёнига — жойига ўтириб олган ва атай суҳбатимизга қулоқ бераётган Исмат, ниҳоят,
ғулдираб қолади:
— Ўрис... шу, шу... Шунинг сиёсати етди бошимизга... Хайрият, Бойсун бор... Бойсун —
халадильник, Одил ака. Бунга одамниям консервация қилиб тиқиб қўйиш мумкин... Бузилмасдан
тураверади. Бир кун келиб, қарабсизки...
— Исматжон, гапларингизни тушунмаяпман, — дейди Одил ака. — Кейин айтасиз.
— Тўғри, кейин айтаман... Лекин Бойсун бузилди. Кейинги вақтда. Усмон рост айтади: «Кетиб қопти
Бойсундан Бойсун!» А-а, отангга раҳмат, Усмонжон...
Do'stlaringiz bilan baham: