САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
199
кўп полвонларни енгиб, лекин тиришма деган касални орттириб келган, кейин тиришиб вафот этган
эканлар. У кишидан бир қизу бир ўғил қолган бўлиб, ўғилнинг номи Абдураҳмон экан. У киши ҳам
отасидек полвон бўлиб етишади ва Бойсунда биринчи марта ташкил бўлган халқ театрида ишлайди.
Қатор рўллар ўйнайди..
Одил ака менга савол назари билан қарайдилар. Мен «сабр қилинг, гап бор» дегандай ишшаииб
қўяман.
— Жаҳон уруши бошланиб, Абдураҳмон полвон фронтга кетади ва Русиянинг ғарбий чегаралари
учун бўлган жангларнинг бирида бедарак йўқолади. Яъни, Матлаб акамларга шундай извешение
келади: «Безвести пропал...»
Кимлардир:
— Йўқ, ундай эмас... — дейишди. Энди Исмат уларни босди:
— Охиригача эшитинглар. Илтимос, оғажонлар... Буям бир нарсани билар...
— Йиллар кетидан йиллар ўтади. Абдураҳмон полвон бедарак йўқолганча қолаверади, — деб давом
этди Собиржон. — Бу орада Матлаб ака эр йигит бўлади. Қишлоқ хўжалик институтини битиради.
Районга келиб, агроном бўлиб ишлайди. Ниҳоят, «Хамза» совхозига директор...
— Э, тоғангиз ҳақида гапиряпти-ку? — дейди Одил ака туйқус мамнун бўлиб кетиб. — Чекишга
олинг-е... Да, сўзга чечан экан бу йигит...
— Шу ўтган йиллар орасида Матлаб ака бир орзу билан яшайди, — яна давом этарди Собир. —
«Отам қандай қилиб йўқолиб қолиши мумкин? Тўрт мучали соғ одам ҳам ғойиб бўладими? Ўлган бўлса
— ўлигини, тирик бўлса — дарагини топаман», деб юрадилар-у, Иттифоқнинг барча чегара
вилоятларига кетма-кет запрос юбориб турадилар. Қарабсизки, Белоруссиядан жавоб келипти: «Отангиз
шу ерда дафн этилган. Қардошлик мозорида. У киши партизанлар орасида жанг қилган ва қўлга тушиб,
ярадор ҳолда кўмилган. Фашистлар кўмиб юборишган. Марҳамат, келинг, ўртоқ Абдураҳмонов!»
Одил ака сигаретни ерга ташлаб юборди. Кўзи қандайдир ялтираб:
— Фожиа, фожиа, — деди. — Эй, ўттиз йиллаб билишмаса, айтишмаса? «Бедарак йўқолди» —
вассалом. Нима бу, одамнинг қадри шунчалик бўлдими? Ахир, у шу Иттифоқни ҳимоя қиламан деб
борган эди-ку?
Шуни айтишим керакки, давра аҳлининг бир кўзи биз тарафда, аниқроғи, Одил акада, шу-чун бу
ерда гап-сўз бўлиб қолса, давранинг раиси ҳам сўзини тўхтатиб турарди.
Табиийки, Одил аканинг фавқулодда қизишиб айтган гапларини қаторимиздагилар эшитди.
Собир эшитмаган эса-да, маъносини тахмин қилдими — маъқул ишораси-ла бош ирғиб, тағин давом
этди:
— Бордик... Матлаб ака мен билан Умиджонни ҳам олиб Белоруссияга жўнадилар. Минскдан у
ёғига мошинада, кейин тракторда кетдик. Қор қалин экан. Борсак, бир қайинзор... — Одил аканинг
кўзида ёш кўриб, мениям кўнглим бузилди. У киши хўрсиниб, ароқдан бир ҳўплаб қўйдилар-да:
— Ҳе, Шукур, менга нақадар таниш, — дедилар. — «Эр бошига иш тушсални ўқигансан-а?
— Ҳа..
— Айтмоқчи бўлган сўзим шуки, — деб ҳикоясига якун ясай бошлади Собир, — агар Абдураҳмон
полвон тирик бўлганларида, шу давранинг тўрида савлат тўкиб ўтирган бўлардилар... Мана, у кишининг
ўрнида неваралари Алишер ўтирипти... Ҳе, чолларнинг олди-да. Каравотда...
Шунда Одил ака:
— Мен бир оғиз гапирсамми, — деб қолдилар менга. Мен шошиб, Собирга қўл кўтардим. У:
— Гурунгни эшитганларинг учун раҳмат. Навбат яна «Шалола»га! «Ҳалинчак»... — деди-да, гуррос
чапаклар остида микрофонни таглигига ўрнатиб, қошимизга йўрғалаб келди. — Ассалому алайкум,
Одил ака!
— Салом, Собиржон. Яхши йигит экансиз, сўзамол... Шукур, Собирга узатинг. Томоғини ҳўллаб
олсин... Да, кечирасиз, Собиржон, сиз ҳам армияда хизмат қилганмисиз?
— Ў-ў, бу Афғонистонни оламан, деб бориб, зўрға қутулиб келди-ку, — деди Исмат.
Кулги бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: