www.ziyouz.com кутубхонаси
196
Нуриллада...
Мен яна тушунтиришга ҳаракат қиламан:
— Бойсунликлар асли — қурама халқ, Одил ака. Қўнғирот, қатағон, тожикдан бошқа — қовчин ҳам
бор, олчин ҳам бор, чағатаю турк ҳам бор...
— Э, ҳаммаси ўзбек-да, — дейди Исмат инжиқланиб ва жилмайиб ўтирган Абдуқаюмни кўрсатади.
— Бу қаламқошли ким тожик дейди? Ўлай агар, уйидаям ўзбекча гапиради... Тўғрими, ўзинг айт? Одил
ака, қулоқ солинг.
Абдуқаюм кулиб, шикоятомуз тарзда айтади:
— Шунақа, Одил ака. Хотиним бўлса: «Сен ўзбекларга сотилгансан», дейди. Болаларим ҳам ўзбек
мактабига қатнайди. Тожик мактаби бор — боришмайди. Нима қилай?.. Мана бу миршабнинг уйига
кирдингизми?
Столимиз олдида қўлини белига тираб турган Нурилла:
— Ғийбатимни қилма, Қаюм, — дейди тахдид билан. — Ана, Менгли келди. Айтаман, чаккангга
ёпиштирилган пулдан бир сўминиям қолдирмайди...
— Шундай ҳам қил, — дейди Абдуқаюм кулиб, — ўйинчимга айтаман, орқангдан қолмайди, то сени
касод қилмагунча... Исмат, ишонмайсиз-да, буни шарманда қилиш мумкин... Тўғри айтасиз, бундан бир
сўм чиқса, тамом, уйқудан қолади... Айтмоқчи, Одил ака, наҳот сизнинг уруғингиздан-а, шу милиса?
— Ҳе, куйибгина кул бўл, — дейди Нурилла бу ёққа қарамай. — Сен хойин...
Одил ака сигарет чекади ва қаршимизда кулимсираб келаётган баланд бўйли, қирра бурун йигитга
тикилиб қолади. У йигит келиб, Нуриллага «кишт» дегандай қўл учини силкитади-да, менга илжайиб
қўйиб, Одил акага қўл узатади.
— Ассалом алайкум. Хўш кўрдик, Одил ака... Кечирасиз, мен шу тўйнинг эгасиман... Ҳой, нимага
таништирмай ўтирибсизлар? Майли, ҳали кўраман... Ўзим таништираман: мана бу ёнингиздаги ёзувчига
тоға бўламан мен. Ёлғиз тоғасининг ўғлиман. Тоғаман. Хўш, мен тўйга таклиф этганман... Мана бу
шайканиям. Аттангки, буларнинг ҳаммаси — менинг жўраларим... Бурун билан бирга ўқиганмиз.
Абдуқаюм кейин қўшилган. Бу киши — ўртоқ Холмирзаевнинг ўртоғи. Келаётиб деворидан
чақирмадими?.. Шундай одати бор эди. Ўша ерда томоқни ҳўллаб, кейин уйга келардилар... Ҳа, сизни
юзхотир қилган...
Шунда Нурилла унга дўқ қилади:
— Мундай ўтириб гаплаш! Яхши кутиб олдинг, раҳмат... Қаранглар, кўчага чиқиб, бағрини очди-я!
Ахир, бир тўйчи бўлса шунчалик бўлади-да...
Матлабжон унинг гапига парво қилмай Одил акадан узр сўрайди:
— Келинингизни уруғлари келиб эди. То кўришиб, фотиҳа ўқигунча...
— Э, ничево, Матлабжон, — дейди Одил ака. — Узр сўрашингизни ҳеч ҳам ҳожати йўқ. Мен бу
даврада, биласизми, масалан, ўзимнинг ёшликдаги ёр-дўстларимни кўрдим. Мен Бойсунга келганимдан
жуда хурсандман.
— Илойи, шундай бўлсин, — дейди Матлаб самимият билан. — Ҳали хурсанд қилишга ҳаракат
қиламиз... Нурил, эрталаб тоққа чиқасизлар-а? Шукур ака, биз шундай план туздик. Мен бу ерда келди-
кетди билан бўламан. Сизлар тоғда айланиб, дам олиб келасизлар. Кейин яна...
— Айтмоқчи, молларингни кўрсат менга... Одамлар ўрнашгунча вақт бор ҳали, — деб чиранади
Нурилла. — Семизгина бир улоқ бўлса бўлди. Тандир қиламиз... Одил ака, улокда ёғ кам бўлади,
кабоби яхши чиқади.
— А машҳур тандир кабоб, — деб қўяди Одил ака. — Яхши. Матлабжон, сиз даврага қаранг.
— Раҳмат, Одил ака. Келганингиз учун минг раҳмат... Бу ер — ўз уйингиз. Мана бу йигитлар...
— Одил акамни шайкабоши қиламиз, — деб пихиллаб кулади Исмат. — Эшитяпсанми, ҳей,
миршаб? Жўрабошиликдан чиқдинг! — Кейин менга қараб, баттар пихиллайди. — Бир қатағандан
қутилиб, иккинчисига тутилар эканмиз-да...
— Дод, — деб қўяди Нурилла.
Кулги-кулги билан Матлаб кетади. Кейин Нурилла ҳам узр сўраб, унинг изидан йўрғалайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |