www.ziyouz.com кутубхонаси
193
Чўкамиз.
— Ҳа, мейман, хўш кепсиз, — дейди отам фотиҳадан кейин. — Бачалар чопаяптими? Ташканлар
жойидами?.. Биздинг. улимиз қалай, бу язувчи? Теккина журиптими? Сўкадиган одатлари бор... Ҳе,
булардинг ҳаммаси эрка бўлиб ўсти...
— А, мана шундай домилалари, оғалари бор-да, — деб отамга тушунтирган бўлади онам. —
Қадамларидан айланай...
— Хўп. Ҳозирча пастга тушиб, бир айланинг, эна, — дейди Хайрулла. — Келиннинг бир ўзи...
— Ҳа, рост айтдинг. Эсар бўп қолганман. Манавини кўриб, гапданам адашаман...
— Боринг-боринг... Ога, сизам калта қилинг... Анавини сўясизми, ё ўзим...
— Сен баччасан. Ўтир, гурунг бер... Каклигинг қани? Ҳали шу ерда журиб эди.
— Ҳозир опкеламан... Ҳа, бир пиёладан чой ичайлик, кейин... Нима дедингиз, ўртоқ Холмирзаев?
Одил ака авайлаб сўрайди:
— Полвон ака, сиз Шукурнинг чин отасими?
— Э, чиниям биз, ўгайи ҳам — биз, — дейди отам. — Бир қаричлигида қўлимизга тушган... Шунинг
изидан худайим мана буларни берди. Бундан каттаканиям бор. Апасиям бор... Шукурбойдинг отасини
мулла одам дейишади. Қамалиб, жўқ бўп кетган. Сибир-да... Сўнг энаси биздинг қўлимизға тушган.
Худайга шукур, нолиймаймиз, яшаб келаяппиз. Бу яғигаям худа пошша... Агар омонатини олмаса, яна
уч-тўрт жил...
— Э, бўлди-е, — деб жеркийди Хайрулла. — Уккағарлар кейинги вақтда нуқул «омонат-помонат»
деб гапирадиган бўлишди... Қаришнинг белгиси бу, ота! Уят! Бўйинга опқўйибсизлар... Унда
муддатидан олдин чақириб қолипга мумкин.
Кулимсираб ўтирган Одил ака бизларга зимдан тез қараб олади ва:
— Хайрулла менга ёқди. Очиқ гапирар экан... Сизлар ҳам кўнгилга олмас экансизлар, — дейди. —
Шукур, сен ҳам шундайми? Тоза сипо бўп қолдинг?
— Ў, шундан ўрганган-да ҳаммаси, — дейди отам. — Ҳа, эса, мен турайин.
У киши туриб кетганидан сўнг Одил ака чойдан ҳўплаб хонага зеҳн солади. У кишининг назарини
кузатиб турган Хайрулла айрим суратлар ҳақида гапириб берган бўлади. Пичоқ, милтиқ, қамчи ҳақида
сўзлайди-да, бирдан менга қараб им қоқади: «Ҳалигиндан қўяйми? Е гўшт қовурилсинми?»
Унинг нигоҳини Одил ака сезган чиқар, ҳар хил хаёлга бормасин деб очиқ гапираман:
— Опкелавер... Нима дедингиз, Одил ака?
— А, уними? — деб пиқ-пиқ кулади Одил ака. — Қаршилик йўқ... Хайрулла — уйнинг эгаси. Унга
бўйсунишдан бошқа иложимиз йўқ... Шу, олдин қўлни чайиб олсак бўларди...
— Ўтиринг-ўтиринг, домилла, — деб туриб кетади Хайрулла. — Дасшў бор, опкеламан... — Кейин
уйдан чиқиб, айвонда бақиради. — Ҳе, Холбек, қаякда юрибсан? Мен сенга нима деган эдим?.. Азизани
кўтар! Ҳовузга-тушиб кетса, ўзинг ҳам тушасан кейин... Каклик катакка кирдими?
Do'stlaringiz bilan baham: |