www.ziyouz.com кутубхонаси
189
Қўндим деганда сурилиб кетиб, нақ қафасга урилди. Унинг бўйнидан қон оқар, у — Қорақош эди. Буни
қарангки, қуш урилганда, қафас думалаб кетиб, ёнбошлаб қолган жонивор ...қафасига кириб олди.
Кўкрагига туф-туфлаётган чол аста қўл узатиб, қафасни тикка қилиб қўйди. Бутун пат-у парлари тик
туриб кетган, нафас олиши шундоқ билинаётган қуш бағрини бортга бериб, ётиб олди.
Ниҳоят, ҳамма Мансурга қаради. Мансурнинг кўзлари ғилқ ёшга тўлган эди. У астагина чўнқайиб,
қафасни силади. Кейин қафасни кўтариб, какликнинг ўзини силамоқчи бўлувди, жонивор бир сапчиб,
эгасининг тиззасига чиқиб олди-да, яна писиб қолди.
— Э, сени қара-ю, қадрдон, — дея Мансур унинг бошини силади. Кейин рўмолчасини чиқариб,
қушнинг бўйнини артди. Сўнг тулкининг тиши кирган жойларини очиб бокди. Ва: — Мўъжиза, а,
биродарлар? — деди ҳамроҳларининг бу гапни маъқуллашларини истаб.
— Ундан ҳам бадтар, — деди Ўтбосар қушдан кўз олмай. — Ишонасизларми, менинг ҳурматим
ошиб кетди бу какликка... — Кейин какликка тикилганча соқолини чимдиб тортаётган Қоровулга дўқ
қилди:
— Бу сиру синога нима дейсиз энди, қария?
— Оғажон, менинг ёдимга плугдан чиққан чўбир от тушди, — деди чол. — Ўргатиш ёмон бўлар
экан-да. Энди хаёл қиламанки, бу жониворни ҳам эркинликка ўрганиши кийин бўлади...
— Мен нима деб эдим?! — дея кучаниб пўписа қилгандек бўлди мусиқа муаллими. — Сен ўзинг
айт, эй, туремшик?
— Мен тушундим, — деди Мансур. — Буниям озодликка ўргатиш керак экан. Жонивор, менгаям,
қафасгаям жудаям...
— Ана бу бошқа гап! — деди Омонбой. — Андерсон хоним бир қоплонни эркинликка ўргатаман
деб...
— Бас, жиндак гапирмай турайлик, — деб қолди шунда Ўтбосар. — Ҳей, ҳайда мошинангни!
Фермага ҳайда... Муни даволайлик. Кейин ўйлашиб кўрамиз... Мансур ака, шуни барибир озоддикка
ўргатасиз-а?
— Ўргатмасам, ҳар нарса бўлай! — деди Ман-сур. — Шундай какликнинг тор қафасда яшаши увол...
Мен айбдорман. Мен... Лекин эркинликка ўргатаман. — Кейин бирдан ҳаяжонланиб кетди. — Энди,
энди келишида тулкига ҳазир бўлади...
— Бу табиий ҳол, — деди муаллим. — Демак, эркинликка ўргатиш мумкин. — Кейин ҳаммага бир-
бир қараб чиқди. — Бизлар ахир, одам бўлатуриб, аранг ўрганяпмизу озодликка... Тўғрими, Хаттабич?
Эй, ўша чўбир отингиз кейинчалик тўғри юришни ўрганиб кетганмиди?
— Ҳа, аста-секин, — деди чол. — Кейин жарга учиб...
— Гап тамом.
Шунда Мансур Ўтбосарга ялинди:
— Укажон, тўғри уйга кетайлик. Буни ўзим даволайман. Гиёҳлар билан...
Ўтбосар бошини қийшайтириб, елкасини учириб қўйди.
— Майли, унчалик бўлса.
Йўлни тўсган олатаёқдан нарида Эшқувват билан Ўтбосар қолди. Бошқалар мошинга чиқишаркан,
ҳар икки томон ҳам тезда яна учрашишларига кўз тутиб, гўё шундай қилмасалар — нимагадир хиёнат
этадигандек каби хўшлашар эди.
Ичаксойнинг у қирғоғига чиққан мошина энишга шитоб билан тушиб кетди.
Абулқосим — Абулқосим-да: мошинани тобора тезлатиб, лўкиллатиб кетаркан, тепадагилар
беихтиёр бир-бирларининг беллари, елкаларидан қучишар, эди: акс ҳолда... Мансур эса Қорақошни
бағрига босиб ўтирар, унга нималарнидир шивирлар эди.
1994
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |