4
Шу пайт йироқдан — йўлкадан ёшликдаги дўстим Нурилланинг шўхчан овози янгради:
— Саломалекум, Полвон бобо! Қассобликни яна бошлаяпсиз-ку?.. Э, ундай жотқизмайди-е! Менга
беринг...
— Ўтинг-ўтинг, — дейди отам. — Биз мол сўйиб журганда, сиз отангизди қулоғида эдингиз... Шукур
келди. Мейманам келди. Одил ака дегич. Тепада.
— Ҳа, эса, ҳаром томири эсдан чиқиб қолмасин...
— Э, боринг-е, тажикти ўзбакка иш ўргатганини қаранг. Қондан қўрқади-ю бу.
— Мен қўрқар эканманми? Ҳе, босмачи... Йўқ, полвон бобо, нимага мени тожик дейсиз? Қатаған
қачондан бери тожик бўлиб қолди? — астойдил куйиниб дейди Нурилла ва овозини кўтаради. — Ҳозир
ёзувчидан сўраймиз!
— Уйингиздаям жиккиллаб тажикчалаб жотасиз-у, тағин ўзбекман, дейсиз.
— Ҳе, энди...
Онамнинг овози эшитилади:
— Нуриллажон, қўйинг у кишини. У кипга учун қўнғиротдан бошқаси бекор.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
194
— Шу-шу, саҳройи-да.
— Кеча гулларимни ўриб, молга берди. Тавба... Юқорига чиқинг...
— Э, анави каптарбозми? Кечирасан, какликбоз, қалайсан? Бургутга ўхша-аб қараб турибсан, а?
Мен какликка ўхшайманми? Сираям ўхшамайман-да.
— Чиқинг-е, кўп гапирмай! — дағдаға қилади Хайрулла. — Капитан бўлдим, деб, ҳе, тилингиз узун
бўп қопти. Бизга язна бўлсангизам қўрқмайман...
— Қўрқмайсан-а, қўрқмайсан... Акангни ҳурмат қиламан-да! Йўғасам сени жойинг...
Шунда отам бақириб юборади:
— Ҳей, Нурилла, чиқсанг чиқ тўбага! Бўлмаса, мана бу арриқ экан, ўзингди жотқизаман!
— Эшитдингми, Нури? — деб кулади онам.
— Ўлай агар, холажон, фақат шу кишидан қўрқаман, — дейди Нурилла ва зум ўтмай, зинапоя тап-
туп этади-да, ёзги — оппоқ милиция капитани формасида Нурилла киради. — Ассалому алайкум!
Турманглар! Одил ака, ўтиринг-э... Ҳа-а, раҳмат. Хуш кепсиз энди? Қийналмай келдингизми? Узоқ йўл,
кун иссиқ... — Одил ака паст товушда нималардир дейди. Англайманки, ўзининг жавоби эмас,
бошқаларнинг гап-сўзию саволи қизиқтиради. — Ҳа, сиз-чи Шукур? — деб мен
билан сўрашади дўстим. — Келин-кепчик, болалар, а? Ҳаммаси жойида? Яхши...
Мен Нуриллага чой узатаман. Одил ака эса унга манглайи остидан боқиб сўрайди:
— Сиз қатаған уруғиданми?
— Чисти қататон, — жавоб беради Нурилла жид-дий тортиб. — Нимайди, Одил ака?
— Йў, ўзим, масалан... Кечирасиз, бу ерда қатағанлар ҳам тожикча сўзлашадими?
— Йўғ-е, — деб орқага тортилади Нурилла ва чўккалаб ўтириб олади. Кейин менга қараб қўйиб,
давом этади: — Лекин кўп жойларда тожикча сўзлашади... Нимага шундай, а, Шукур? Ҳайронман.
Шукур ҳам шунга қизиққан эди, сабабини билолмадик... — У баттар тажангланиб кетади. — Шу
Бойсуннинг кам деганда ўттиз фойиз одами — қатағонлар. Лекин йигирма беш фойизи десам ҳам
муболаға бўлмайди, тожикча гаплашиб юради. Ана, атлас фабрикаси! Ярим қизи — бизнинг уруғдан...
— С-слабий бир уруғ-да, — деб Хайрулла ароқни унинг олдига қўяди. — Эрта-индин ўрисча
сўзлашиб кетишиям ҳеч гап эмас... Нима дедингиз, язнажон? Сизлар олдинда юрасизлар-да, а? Шамол
қаёқдан эсса, ўша ёққа бурилиб, тўғрими?
— Алжима, — деб қўяди Нурилла. — Ўрисга қарши ташвиқот қилаяпти, деб акт тузаман.
Хайрулла қийшиқ битган жимжилоғини кўрсатиб, бир нима дейди. Ҳаммамиз кулиб юборамиз.
Одил ака ҳам силкиниб куладилар-у, кейин менга боқадилар.
— Шукур, бизнинг уруғ ҳам — қатаған, — дейди. Ва мезбонлар бир-бирига ялт-юлт этиб қарашади.
Сўнг Нурилла шишани олиб чайқатади-да, укамнинг боши узра кўтаради.
— Нима қилай, э, қўнғирот бачча? Шукур, рухсат берасизми?... Майли, кечирдим. Аммо билиб
олдингми язнанг кимлардан эканини? Отанггаям ат; энанггаям айт! Бойсунга жар сол... Милиция
капитани Нурилла Муртазаев Одил Ёқубовнинг уруғидан де! — Укам боёқиш ийманиб, лабини қимтиб
жилмаяди. Мен ҳам қандайдир уялган кишидек кулимсирайман.
Бироқ ичдан яна ҳаяжондаман: Одил Ёқубовнинг уруғдошлари Бойсунда! Йўқ: Сурхон ўлкасида
қанча қатағон бор? Вой, тавба! Туркистон қайда-ю, Сурхон қайда?
Тўғри, мен бу уруғлар тарихини, ҳарқалай, биламан ва бу юрт ҳам қадим Туркистоннинг бир
парчаси экани кундек аён: бироқ ҳайратга тушаман, холос. Ва Нурилланинг, ниҳоят, жиддий саволга
чоғланганини кўриб, ўзим ҳам Одил акага бурилиб ўтираман.
— Одил ака? — дейди Нурилла ва жим бўлади.
Унинг саволи маъносини англаган Одил ака:
— Ҳа-ҳа, — дейди чордана қуриб ва аллақандай букчайиб. — Мен эшитган эдим. Сал-пал билардим
ҳам. Масалан... Лекин менга сизларнинг муомалаларинг жуда ёқди. Бевосита, панимаете...
Непосредственность бор, а, Шукур?
Мен енгил нафас олиб:
— Ҳа, шундай экан. Мен ҳам бу ердан узоқлашгач, сездим бу ҳолни, — дейман.
Шунда Хайрулла ҳам хижолатдан чиққандек, ирғиб туриб, тахмондан лўла болиш олади-да, Одил
аканинг тирсагига қўяди.
— Ёнбошлаб ўтиринг...
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |