www.ziyouz.com кутубхонаси
195
Одил ака бирдан бурилиб, унинг елкасига қоқади.
— Яхши йигит экансан, Хайрулла... Вот, — дея даврага юзланади. — Ўзбекнинг қизиқлиги, ранг-
баранглиги мана шунда, ўртоқлар. Биз буни тушуниб, қалбларимизга сингдириб олишимиз керак, токи
битта яхлит миллат эканимиз, битта Ўзбекистон деган ватанимиз борлигига ҳар дам, ҳар онда имон
келтириб, унинг билан, масалан, фахрланиб, унинг ҳимоясига ҳар он тайёр туришимиз лозим, деб
ўйлайман.
— Раҳмат. Яшанг, Одил ака, — дейди Нурилла бениҳоя чуқур фикрни эшитгандек. Кейин бирдан
кулади. — Сен ҳам эшитдингми, Хайрулла?
— Бўлди энди, — деб тўнғиллаб қўяди укам. Ва менга қарайди. — Сал қовурдоқ бор эди...
— Опке, — дейман.
— Ҳозир...
— Матлабга қўнғироқ қип қўй... Базм нечада бошланади? Нурилла, сиз баковулдирсиз?
— Ҳа, ширинхонага хўжайинман... Соат... Бир ярим соатдан кейин турамиз... — Шундай дейди-ю,
эшик оғзида тўхтаб қолган Хайруллага дўқ қилади: — Бор энди! Опке опкеладиганингни!.. Олдинроқ
сўйиб қўймайсизларми шу қўзини? Ҳе, пухта бўп кетаяпсан-да сен ҳам...
Хайрулла чопиб чиқиб кетади.
5
Бир оздан кейин менинг яна икки дўстим: яқинда Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинган, «Тоғ
ҳикоялари»нинг муаллифи Исмат (бурун) Норбоев билан шаҳар санъаткорларининг устози, машшоқ
Абдуқаюм Абдулхаев кириб келишди.
Шўхликда улар ҳам Нурилладан қолишмайди. Хайрулла укам билан бемалол гаплашишда ҳам,
онам-отамга эркинсирашда ҳам. Одил акага ҳурмат кўрсатишда ҳам дарҳол бир умумийлик кўзга
ташландики, дақиқалар орасида эл бўлиб кетишди, яъни, келганлари билинмай қолди.
Ниҳоят, сўйилган қўзининг қовурдоғи ҳам келди. Яна шиша очилди ва Одил ака ҳам даврага
қўшилиб-сингиб, унинг бир доимий аъзосига айланиб қолдики, энди мезбонларнинг меҳмон демасдан,
яъни, Одил акага ортиқ эҳтиром билдирмасдан муомала қилишлари-да, қолаверса, ҳазил-қочирма гап
отишлари-ю, Одил аканинг баҳоли қудрат жавоб беришларида билинарди бу...
Шунинг учундирки, бизни тўйхонага олиб кетгани келган Бахтиёр қаҳқаҳамиз устидан чиқиб:
— Ё, қудратингдан, — дея ёқасини ушлади, — Одил ака, сизни танимай қолдим: ўлай агар, тирноқча
парқларинг бўлса... У ёқда — тревога, машҳур ёзувчи келаркан, деб кўчага чиқишди одамлар...
Турасизларми?
Тўйхона. Одамлар. Давра. Текисланиб, сув сепилган майдондан чанг ҳиди келади. Аммо давра
устидан кесишиб ўтган симларда чироқлар ёниши билан хаёл чалғийди ва қўлбола ўриндиқларга
ўтиришаётган қиз-жувонларга кўз тушади. Уларнинг қошидан ўтаётган навжувон йигитлар-у вазмин-
вазмин эркаклар у томонга майин, қитмирона гаплар отишади ва у ёқдан ҳам шунга муносиб тагдор
гаплар чиқади.
— Сизларда бемалол ўтиришаркан-а? — дейди Одил ака сочининг кўзи устига тушганига атай парво
қилмасдан сигарет бурқситаётган Исматга.
:
— Паранжи ёпинишганми бу ерда? Бизда, масалан, паранжи
бўлмаган ҳисоб...
— Ғирт ўзимиз экансиз-да, домиллажон, — дейди Исмат хиёл қизарган кўзларини бақрайтириб. —
А Шукур?.. Ана, Шукур даштдаям яшаган. Даштдаям аёллар юзини очиб юради. Бемалол... Тоғдаям.
Шаҳарнинг марказида паранжи ёпинишган албатта... Шуям, менимча, бой оилаларда...
— Тўғри айтаяпти, — дейман мен ва тарихга шўнғиётганимни билмай қоламан. — Паранжининг
ислом дини билан алоқаси бўлмаган, Одил ака. Ислом тарқалишидан бир ярим минг йил бурун ҳам шу
ёпинчиқ бўлган экан...
— Шундаям кибор оилаларда.
— Раҳмат.
— Ҳар хил типлар кўп экан-а?
— Ў, домиллажон, тентак ҳам шу ерда, соғ ҳам, — деб хитоб қилади Исмат. — Мана, масалан, мана
бу ғижжакчининг қошига қаранг. Пайваста... Ҳе, аканг айлансин! Анави «жандармерия»да тук ҳам йўқ.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |