САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
205
— Билмадим... Лекин жойи келганда, отасиниям аямайди! Шу... бўридай ташланади. Кўрганман-да...
Ўзи мард одамлар содда келади, тўғрими?
— Шу гапингиз тўғри... Ана, тутишди! — Нурилла шодон бақириб юборади.
Ҳақиқатан ҳам, мошина тўхтагани, Исматми, Бахтиёрми чанг ичида чўнқайиб ўтирганига кўзим
тушди. Ва аста Одил акага қарайман. Нурилла ҳам қарайди ва икковлон жиламиз. Одил ака ҳам ўрнидан
туради ва афтидан нимадир дейиш учун:
— Сўйиб опкелса керак, а? — дейди.
— Албатта, — дейди Нурилла. — Эчки шайтон бўлади-да, Одил ака. Ўлишини билади. Шунинг учун
анавиндай боғлаб қўйиб пичоқни қайрай беринг, бағиллай беради...
— Барибир йиртқичмиз-да... — дейди Одил ака.— Шуни боқамиз, тарбия қиламиз-да,
бир куни
сўйиб еймиз... Шукур, сен ҳам шафқатсиз экансан...
— Гап бунда эмас, Одил ака, мен шунчаки... Ана, қочиб кетди. Барибир сўйилди...
— Йўқ, Шукур, барибир Одил акам ҳақ, — дейди Нурилла. — Уй ҳайвонини отиш, а, Одил ака, сал...
номарддик. Кечирасиз, Шукур, ўша пайтда милтиқ қўлимда бўлса, мен ҳам... — У яна қиқиллаб кулади.
Одил ака эса ўз ҳаракатига, ниҳоят, сабаб топгандай:
— Конечно, номардлик бўларди, — дейди ва бутун вужуди ишончга тўлади. — Ўзларинг мард
йигитсизлар... Ҳар битталаринг — бир шахс. Бу —мақташ эмас. Ҳатто Хайрулланинг «чучмек»
деганларига чидай олмасдан бировларни уриши ҳам менга яқди: одам ўзини, шаънини ҳимоя қилиши
керак... Тўғри, бу ишни ҳар ким ҳар хилда қилади... Масалан, Собиржоннинг автаматни камандирига
қаратиши ҳам — бир жасорат, ҳимоя...
— Тўшюнчаси йўқолса, трибуналга беришади-я? — ўзини анойига солиб сўрайди Нурилла.
— Шак-шубҳасиз! — дейди Одил ака ва бу масалага нуқта қўйгандай енгил тортиб, ўрнидан туради.
— Келишаяпти... Исмат ҳам яхши йигит. Лекин унинг жисмоний камчилигини юзига солиш, менимча,
яхши эмас.
— Вей,
Одил ака, унинг камчилигини юзига солдимми? — деб ҳайрон бўлади Нурилла. — Мен
фактни айтдим, холос. Камчиликка келадиган бўлсак, унинг турган-битгани... Астағфурилло!
Кечирасизлар.
Куламиз. Одил акаям силкиниб кулади-да:
— Ундай бўлса, мен... масалан, каминага қандай баҳо берган бўлур эдингиз?
Нурилла менга кўз қисиб юборади-да:
— Сизми? Юсуф пайғамбардан тирноқча фарқингиз йўқ, — деб хитоб қилади.
Одил ака буралиб-буралиб кулади.
— Юсуф пайғамбар... Ҳим, масалан, кўрганмисиз у зотни? — Кейин менинг билагимдан ушлайди. —
Мен Юсуф пайғамбарга ўхшар эмишман... Ўзини кўрганмисиз? — яна сўрайди.
— Кўрганман, — дейди Нурилла. — Худди ўзисиз. Уям ёзувчи бўлган. «Юсуф-Зулайҳо»ни ёзган.
Одил ака яна чайқалиб-чайқалиб кулади. Мен зсам Худога шукрона айтаман. Одил ака ўзимизники
бўлди-қолди.
Do'stlaringiz bilan baham: