САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
212
Уларнинг столи ўнг томондаги ойна-девор остида, зал баралла кўринадиган жойда экан. Дастурхон
тўкин, стол четида — вазада лола ҳам бор экан.
Мен столнинг бери ёғидаги пичоғ-у санчқиси ишлатилмаган жойга ўтира қолдим. Биламан, улар бу
жойга нисбатан тўрга, яъни, столнинг у ёғига ўтказмоқчи бўлишади. Ҳақиқатан ҳам шундай ҳаракатлар
қилиб, натижа чиқаришолмагач, аёл ўз жойига — ойнага яқин курсига, Таваккал унинг ёнига ўтириб:
— Хўп, йигит ўлмайлик, бало кўрмайлик, — дея ишшайганча фотиҳа ўқиворди-да, бирдан ўнг-у
сўлига қараб, худдики тўйхона баковулидек бақириб юборди:— Ўй, аписанка! Ў-ў, жонидан, бақа бир
кел. Давай, заживо... Накрой! Это — мой гост! Нима дедингиз, хоним?
Хоним қисиниб, елкасини қисди. Мен эсам (чин кўнгилдан):
— Шу бўлади-ку, — дедим. — Э, аломат йигитсиз-да, Таваккал ака.
— Мендан нима кетяпти? — хахолаб кулди у. — Икки
мошин крошка, холос! Отамдан қолган
бўлмаса... Тўғри, лекин Темур бобомдан қолган. — Кейин жиддий тортиб, давом этди: — Эй,
Қувватжон, ўзимиздаги мармар конларининг тўқсон пойизи Темур бобо замонида очилган экан. —
Кейин яна кулди. — Ҳозир бўлса, шундоқ, йўлнинг ёқасига
бир кетмон уринг, қарс этиб мармарга
тегади. Очилиб ётибди-е.
Гулсара «қойил» дегандай бошини сараклатди. Мен ҳам қошларимни кўтариб:
— Зўр, зўр, — дедим.
— Гулсара, борасизми? — Таваккал, афтидан илгари бошланган суҳбатни давом эттириб, сўради: —
Хўп денг, хоним... Бир айлантирай! Тахтақорачага опчиқаман! Қаламқош гуллар очилиб ётшгги!
Сапсарга ўхшайди-ю, кичкина... — Кейин менга қараб, бемалол кулди. — Булар билмайди, шаҳарлик-
да... Да, кечирасиз, бивший қишлоқисиз! Туркистон ҳам қишлоқ-да энди, Тошканга нисбатан? Шу-шу...
Ўх, маладес, маржа хоним! — У столни тозалаётган официант жувоннинг белидан ушлаб қўйди. У эса:
— Всегда ми ралн вас обслуживать, — деди табассум қилиб.
— Таваккал ака, келсангиз, фақат шу меҳмонхонага қўнасизми? — деб сўрадим яна йўлига.
— Ҳа. Бу ер — марказ, — деди Таваккал. — Бечоралар яхши кутиб олишади. Беш-ўн сўм
устига
берсанг, бас-да, ўртоқ ёзувчи... — Кейин яна кулди-да, ўйчан тортиб сўради: — Уй
ичлари тинчма,
Қувватжон? Ёзган асарларингизни ўқий олмаяпмиз. Иш кўп-да, ука. Лекин эшитиб турамиз. Мен сўраб
тураман, честни...
— Сўраб турасиз-ку, бу ерга келганда унутасиз? — деб қолди хоним.
— Ўў, биру нўл, — деди у. — Лекин шу гал бари-бир сизни топмоқчи эдим, Қувват. Битта
маслаҳатлик гап чиқиб қолди...
— Марҳамат, — дедим.
— Кейин... Пирниси, коньяк! Ладна, пуст «Напалиён!» Слишишь? Вот та-ак...
Мен нима қилишни билмасдан сигарет тутатдим. Энди икки кишилашиб стол тузаётган
официанткалардан бири дарҳол кулдон опкелиб қўйди.
Шу пайт залнинг тўридаги саҳнада мусиқачилар (кирганимизда, дам олишаётган эди, шекилли)
гумбир-гумбир қилиб, созларини чала кетишди.
— О-оҳ, яна бошлади бу аблаҳлар, — деди Таваккал. — Бориб тинчитиб келайми?
— Нега? — деди Гулсара. — Бировларга ёқади, заказ қилишвотди-да.
— Э-э, Мустақил бўпмизам ўзбекча қўшиқ айтишмайди бу хумпарлар!
— Айтишмаса, чалишар.
— Чалади, — дедим мен ҳам. — Ҳечқурса, «Тановар»ни билишади. Тағин «Чингизхон» деганиям
бор.
— Темур дегани-чи, Темур? — пихиллаб кулди Таваккал. — Тўхтанглар, ҳозир заказ қиламан. Адин
момент! Бир жиннисини чиқарай шуларни. «Чингизхон»ни биласан, унинг дабдаласини чиқарган
«Темур»ни билмайсанми, дейман.
— Чингизхонними ё чингизийларними? — майингина кулимсираб сўради хоним. Сездимки, бу
гапни мунозара учун эмас, шунчаки, гапириш учун айтди.
Ўзи, умуман, бундай жойларда шунақа гапириш маъқул. Чунки мақсад ўзи — маънили бемаъни
бўлса-да, валакдашиб ўтириш, қолаверса, ичиш-да.
— Ў-ў, яна биру нўл! — деди Таваккал. Кейин: — Штрапни тўлаймиз, — деб кулди. — Айтмоқчи,