САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
220
олмазор боққа қараган. Ҳозир баҳор эмасми, тонгда булбуллар сайрайди боғда. Тўғри, қишда бу
томоннинг хоналари анча салқин бўлади, шунинг учун кўпроқ муддатга турувчилар кунгай тарафдаги
хоналарга ўтиб олишади. Мен ҳамиша ўша ёқда турардим. Чунки узоқ йили ўша боғ устида чарх уриб
айланган бир жуфт қалдирғоч очиқ деразамдан кириб, уй бурчагига ин қўйган, бола очган эди. Шунинг
учун баҳор бошландими — деразани очиброқ қўйиб ётардим, кун совуқ бўлса ҳам қалдирғочлар келади.
Ҳали келишмаган, бироқ деразам очиқ эди...
Эшикни очдим-у, уялаётганимни билдириб:
— Бир минут сабр қиласизлар, — деб ичкарига кирдим. Чироқларни ёқиб қарадим. Хайрият, ўтирса
бўлади. Шамолда дераза бекилиб қолган экан, очиб қўйдим. Сўнгра, туфлимни ечсам — улар ҳам
ечишга мажбур бўлишини, ортиқча шиппакларим эса йўқлигини ўйлаб: — Марҳамат! — дедим. —
Бемалол!
— Мачит эмасдир. Оёқни ечмасак ҳам бўлар? — деб ишшайганча остона ҳатлади Таваккал.
— Мен ҳам шуни айтмоқчийдим, — дедим. — Ке-линг, Гулсарахон. Плашингизни беринг...
— Э, қишлоқилик қурсин, — деб бурилди Таваккал. — Қани, ўзим ечинтириб қўяй. — У чарм
плашни олиб, менга берди. Кейин ўзининг шундай курткасини ечиб узатди. Мен ўзимнинг одми
плашимни ҳам девордан даромад қилиб ясалган шифонерга илдим. — О-о! — деб яна ўзи ичкарига йўл
тортди Таваккал. — Яхшиии... А, Гулсара? Бир кишига бўлади-да!
Гулсара стол лампаси устидаги жавонга — китобларга, девордаги расмга (ромга солинган расмда
нилуфарлар қоплаган кўл бўйидаги қўлбола ёгоч ўриндиқда танҳо ўтирган оқ либосли париваш
тасвирланган эди) жилмайиб боқиб, диван ва юмшоқ курсиларга ҳам қизиқиш билан кўз ташлаб:
— Яхши, уютна, — деди. — Менимча, ёзувчилар ҳаётдан нолимасаям бўлади, Қувватжон.
— Мен ҳалиям нолимайман, — дедим. — Ҳаёт қандай бўлса, шу ҳолида қабул қилишга
ўрганганмиз... Қолаверса, шундай ислоҳотлар даврида бундай яшаётганимга шукрона айтаман... Қани,
хоҳлаган жойларишта ўтиринглар.
— Мундай қиламиз, — Таваккал бурчакдаги столчани кўтариб, диван олдига қўйди. — Қувватжон,
хизмат бўлмаса, анавини олинг. Тақсимча бордир?
Мен ювингич хона оғзида қолдирилган салафан халтани (оғиргина экан) олиб, Таваккалга бердим.
Кейин «Морозка» музхонаси остидаги тумбадан сопол тақсимчаларни чиқардим. Сўнгра «кока-кола»
ёзувли пластмасс стаканлар билан пиёлаларни йиғиб, ваннахонага кирдим.
Мен барибир хижолатда эдим: уйишта меҳмон келганда (қанча вақт турмайин, бу — менинг уйим-
да), дастурхонга қўйгич емишлар ўзингдан чиқсин-да...
«Ҳа-е, тушуниб туришипти-ку», дея идишларни ювиб, қўл артилмаган сочиқни ҳам олиб чиқдим.
Худди айбдор хизматкордек чучмал табассум билан:
— Хуш кепсизлар, — дедим. Ва столдаги хушбўй товаки (табаки)лар, бир жуфт хурмо, бир уюм
апельсин, бир жуфт ёпган нон, банка-банка пиволару бири очилган (ресторан столида очилган) ва бири
очилмаган яҳудий ароғи ҳамда арман коньягини кўриб, умрида бундай неъматларни кўрмаган кишидек
ясама шодиё-налик билан:
— О-о, — деб юбордим. — Ресторанни қуритибсиз-ку, Таваккал ака!
— Ҳа, энди, бойвачча-да, бу киши, — деди Гулсара ҳам уни мақтаган бўлиб.
— Э, шуям нарса бўлди-ю! — Бойвачча бамайли-хотир қўлини узатди. — Тақсимчани беринг.
Do'stlaringiz bilan baham: