САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
www.ziyouz.com кутубхонаси
217
— Сув, ҳой мусулмон, сувдан беринг...
Онт ичаман: Гулсарага сув узатишни столга келган пайтидаёқ ўйлагандим-у, истиҳола қилгандим,
биласиз-ку, соф қишлоқи йигит (ўзим ҳам қишлоқдан чиққанман) бу каби табиий дилдорликни ўзича —
«қишлоқ даражасида» тушуниши мумкин...
— А?.. Э, сувдан бошқа нима бор! — дея ҳовлиқиб, «кока кола»дан фужерни тўлдириб узатди
Таваккал.
Гулсара энтикиб-энтикиб бир неча қултум ичди. Жувоннинг аҳволини кўриб тушунишди шекилли,
уни рақсга таклиф этаётганлар ҳам, чапак чалаётганлар ҳам дастурхонга ўнгланишди. Мусиқачилар ҳам
бир пасдан кейин бошқа куйни чала кетишди... Гулсаранинг ўйинию «Тановар»нинг бир неча дақиқа
давом этган сеҳри жодуси тотли ширинлик таъми каби оғизларда ва кўнгилларда қолди, ҳа, жуда бахтли
онлар ўтиб кетдики, мен ҳамон «Тановар» куйини эшитсам, Мукаррама опага тақлид қиладиган
хиромон эмас, азадор каби қора барқут кийган Гулсаранинг рақси кўз олдимга келади: у туғма бир
истеъдод экан.
Гулсара вишиллаётган ичимликни ойнага қараган ҳолда калта-калта сипқориб тугатди-да, бизга,
кейин атрофдагиларга шошиб кўз ташлади. Сўнг бирданига:
— Кетсак-чи? — деди Таваккалга. — Э, узр, Қувватжон... Ман сал хижолат...
— Гап йўқ, — деди Таваккал. — Уйингизга борамизми?
Аёл қизғин табассум қилди.
— Дача эсиздан чиқдими?
— А-аа! Искелироз! Всё... Дачага! Қувватжон, қаршилик йўқми, ука?
— Вой, нега... Фақат йўл узоқ, қайтиб келишларинг бор... Лекин ётиб қолишларинг ҳам мумкин, —
дедим. — Ҳозир бизнинг боғимизда ёзувчилардан кўра каммерсант кўпроқ... Шунақа бўп қолди.
Уларсиз дача ўзини боқолмайди...
— Ҳа, — деди кесиб Таваккал. — Ёзувчиларнинг аҳволи яхшимас ҳозир. Биламиз.
— Билар экансиз, ёрдам қилмайсизми? — деб қолди шунда Гулсара. — Пул — сиз учун хазон-ку.
У яйраб кулиб юборди.
— Соддамиз-да, жўнмиз-да, хоним. Кечаги кун би-лан бугунги куннинг фарқига бормаймиз! Гап
битта!.. Қувватжон, сиз дачанинг ишотини берасиз менга.
— Раҳмат, Таваккал ака, — дедим. — Гулсарахон, сизгаям рахмат. Менинг куним ўтаяпти...
Уюшмамиз, хўш, Адабий жамғармамиз раҳбарияти уч-тўртга адибга мурувват қилиб, путёвка нархини
кўтаришмаган.
— А-а, дуруст, дуруст... Хўп, турдикми?
— Ҳа, — деди Гулсара ва яна энтикиб нафас олдики, бу ерда унга ҳаво етишмаётганиям аён бўлди.
Кейин қандайдир ғижиниб, қўшимча қилди: — Официанткага айтинг, столдаги таомлардан олиб, тугун
қилсин.
— О, мумкин эмас! — деб юборди Таваккал. — Мени уялтирманг, хоним. Биз свежийсидан заказ
қиламиз... А-а, дачада ўтирамиз. Дўрмонда, а?.. Ҳа, эшитганман... Ҳой, маржа хоним, а ну-ка камне! Ке,
аканг айлансин.
Мен бундай исрофгарчиликни ҳазм қилолмасдим, бунақа «тантибойваччалик» ҳам ёқмасди.
Адибларга теккан касалликми бу: бунақа тўкин дастурхонни кўрсанг, хурсанд бўласан-у, кейин бир
буханка нон учун дўконлар қошида навбатда турган хотин-халаж, чол-кампирлар кўз олдингга келади.
Баъзан томоғингдан ҳеч нарса ўтмай ҳам қолади...
Мен плашим билан шляпамни кийиб, пастда кутажагимни айтдим ва улардан рухсатини сўрамасдан
жилдим. Ойнабанд эшикдан чиқаётганимда, яна Ҳусанжон билан тўқнаш келдим. У менинг
тирсагимдан ушлаб:
— Кетасизларми? — деди.
— Ҳа, Дачага борадиган бўлдик.
— Чёрт побери, ўшанда ўйнагандан кейин ҳам шунақа йўталиб қолувди.
— Ўйнаганда, ўпка пишади.
— Да-да.
Do'stlaringiz bilan baham: