www.ziyouz.com кутубхонаси
213
Қувватжон, бу кишини мен Қаршига таклиф этаяпман. Тўғрироғи, Шаҳрисабзга... — Кейин бирдан
ғамгин тортиб кулимсиради. — Хотин йўқ, туғруқхонада ке-етди, ука. Олти бола билан қолдим. —
Кейин яна кулди. — Э, кун ўтаяпти... У ёғини айтсам, мен ҳам қарийб етимликда катта бўлганман.
Тўғри, қариндошлар кўп эди, бобойдан мерос қолган мол бор эди... Так што, хоним, бемалол кириб
боришингиз мумкин уйга... Кимсиз? Мармар конини текширишга борган — ревизор! — У яна қаҳ-қаҳ
отиб кулди-да, столни безаб бўлган официантканинг кифтини силаб қўйди. — Ўлма, аканг аилансин! —
Сўнг ниманидир эслагандек бирдан буюрди: — Давай, налей ти сама!
— Конишно, конишно, — деди у тумбочка устидан оппоққина сочиқ олиб, ўша билан коньяк
шишасини ўради. Сўнг уни очиб, Гулсаранинг рюмкасига энгаштирган эди, у чийиллаган каби:
— Нет-нет, — деди. — Яж вам сказала?
— Ах, да, извините.
Таваккал хонимга чимирилиб бокди.
— Нимага коньяк ичмайсиз-а?
— Менга тўғри келмайди.
— А-а, майли... Давай нам коньяк! Қувватжон, би-ир ўтирайлик!
— Раҳмат.
3
Шундан кейин суҳбатимиз шўх ирмоқнинг оқиш мақомида давом этди. Ирмоқ нишаблардан тез
энса, ўрларга аста кўтарилади, чўнқирларни тўлдирар экан, секинлаб ҳам қолади. Гурунгимиз ҳам
шунга ўхшаб, гапга гап уланиб, аммо равон бир изга тушмасдан давом этаркан, қадаҳ сўзига етганда,
кончи дўстимиз:
— Қани, бир тос айтинг, Қувватжон! Зўр бир гап айтинг! Биз шуни қолдирмай олайлик! — деди.
Мен хижолат бўлиб, қадаҳини (унга яҳудий ароғидан қуйилган эди) жойида аста айлантираётган
Гулсарага қараб олдим, ундан узр сўрагандек.
Кейин яна қийналиб қолдим: нима дейман, ахир? Қуриб кетсин бу ёзувчилик ҳам... Ана шунинг учун
кўпинча тўйларга боришдан ҳам тийиламан ёхуд борсам ҳам панада ўтириб, чиқиб кетаман. Сўз
беришади-да, тантанали қилиб. Шунда тўйчи «ака» «яқининг» бўлсаки, хўп-хўп. Акс ҳолда оёғинг
тортмай, урфни оёқости қилмайин, деб келган тўйингни эгасида йўқ сифатларини ҳам тўқиб чиқариб
айтишга тўғри келади.
— Қани, эшитовуз, — деди Гулсара мусиқа тиниши билан. Ва Таваккал (энди) унинг кифтини силаб
қўйди.
— Сизларнинг шундай чиройли бўлиб ўтиришларингни кўриб, хурсанд бўлдим, аввало шуни
айтишим керак, — дедим. — Таваккал акани ўрта ҳисобда йигирма йиллардан буён биламан, гарчи кам
учрашиб турсак-да... Гулсарахон, бу инсон — бир қоп ёнтоқ мисолидир. Дали-ғули, мард. Хуллас,
Темур бобо юртининг валламат йигитларидан...
Таваккал ҳазилакам бир қувлик билан кўзларини дўлайтириб:
— Ана шунақамиз, хоним, — деди. — Айтинг, Қувватжон. Сизнинг ёзганларингизам рост... Йўқ,
честни айтаяпман. Хоним, кўпроқ ўрисча китоб ўқигансиз-да, билмайсиз... Китобларидан бераман...
— Ҳа, энди, барибир «тўқувчи»миз-да, — дедим мен. — Айтмоқчи, ўрис ёзувчилари ҳам яқин-
яқинга-ча, масалан «асарлар» деб эмас, «сочинение» деб айтишарди... Хўп, — қадаҳни сал кўтардим. —
Ана шу аҳилликларинг давом этсин. Хўш, мени дастурхонларингга таклиф этганларинг учун
миннатдорчилик билдириш билан бирга, айтмоқчиманки, мана шу — ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат
орамиздан ҳеч қачон кўтарилмасин.
— Воҳ! — деб юборди Таваккал. — Бу тосдан кейин пужерни тўлдириб ичсаям арзийди!
— Раҳмат, — деди Гулсара менга. Ичиб бўлиб, қази-қартадан газак қилганимиздан кейин хоним
сўради: — Кечирасиз, писател ака, ўзийиз шунақа камтармисиз ёки камтар бўлиб кўринишни яхши
кўрасизми?
Менга ҳеч ким бундай савол бермаган, қолаверса, бу саволда, ҳарқалай, такаббурлик бор эди.
— Хоним, мен пиесалар ҳам ёзганман, — дедим. — Табиийки, ўша жараёнда рўл ўйнайман.
Айтишларича, образларим ростми-ёлғонми — ўз гапларини гапиришар эмиш.
САЙЛАНМА. Шукур Холмирзаев. 2-жилд
Do'stlaringiz bilan baham: |