www.ziyouz.com кутубхонаси
230
Аёл манзилни айтди.
Қирқ тўртинчи боб
Палмер Виржиния билан учрашиладиган жойга яқин бўлган барни танлади. Ўн беш минут
ичида Гаусс биринчи стакан вискини ичиб бўлди ва иккинчисига қўл урди. Ичкилик унинг
кайфиятини кўтармаганини Палмер сезиб турарди. У фақат ўзини назорат қилиб турган ички
кишанларни узиб ташлади, холос. Столда унга қарама-қарши ўтирган Палмер фахрланса
арзийдиган катта ишларни қилиб қўйган бу одам шу қадар бахтсиз кўринишига ҳайрон
қолмоқда эди.
— Nа, — дер эди Гаусс, — Nа, nа1! Ҳамма нарса мени четлаб ўтди, аlter Freund2 . Ҳозир
етмиш ёшдаман. Отмишдан ошиб кетдим! Қисматимга ёзилган омад аллақачон мени тарк этган.
У, du kennst3 , ausgespielt4 , мен билан бирга тамом бўлди.
— Омад билан фан орасида қандай умумийлик бор?
— Тамом. Одам қиладиган ҳамма ишлар билан омад қай даражада алоқадор деб
сўраяпсизми? Сурат чизасизми? Мусиқа тўқийсизми? Ракета қурасизми? Ҳаммаси ўз вақтида
қилиниши керак, вақтида қилиш учун эса омад лозим.
— Кўп марта муваффақият қозонгансиз. — Палмер унинг стакани бўшаб қолганини кўриб,
официантни имлади.
— Уларни ким билади? — сўради немис. — Баъзи ҳамкасбларим бутун дунёга танилган.
Гаусснинг номини дунёда ким билади? Сизга айтишим мумкин. — У жарангдор оҳангда қаттиқ
кулди. Бу овоз Палмернинг қулоғини тешиб юбораёзди. — Менинг исмим физикада жуда
машҳур. Ҳа-да, менинг исмим. Сиз Карл Фридрих Гауссни эшитганмисиз? Математикани?
Магнетизм асосчиси?
— Эшитганман деб айтолмайман. У қариндошингизми?
— Ҳамма шундай деб сўрайди... Қариндошим эмас. Ҳеч кимим эмас. Шундай ном билан
яшайдиган физика не чоғлик оғир бўлишини биласизми? Худди Гёте исми билан туғилган
шоирдек гап... Нима учун, — хитоб қилди Гаусс — Нима учун фон Браунга ҳар доим пул
топилади-ю, нега Гауссга йўқ?
— Ҳукумат билан бевосита алоқада ишласангиз бўлмайдими?..
— Бўлмаган гап. Бу ёққа дастлабки келган пайтимда ҳукумат мени ўз қаноти остига олди,
улкан, юмшоқ бу қанот остидан кўплаб аблаҳлар макон топиши мумкин... аммо канализация
трубаси ичида яшагандек бўласан. Ҳаво йўқ. Ҳеч қандай ғоя йўқ. Интилиш йўқ. Янги
йўналишларни ҳеч ким изламайди. Худойим-ей, мен чалғиб кетдим. Адашган кекса одамман.
Ўттиз-ўттиз беш ёшдан кейин сиз янгилик яратолмайсиз. Юксак илҳом дақиқалари сизни
безовта қилмай қўяди. Сиз даҳоликни тажриба ва айёрлик билан алмаштирасиз. Фикр
бўлакларини йиғасиз, бошқалар амалга оширолмаган ғояларни тўплайсиз, ёшларни
бирлаштирасиз ва жуда кичкина бўлса ҳам қандайдир шахсий кашфиётингизни яратасиз.
Шунда бошингизни силашади. Ҳукумат буюртмаларидан биринчилар, қаторида воз кечишга
уриниб кўрдим. Яна ҳисобда адашибман. Омад қайтиб келмади.
— Мен Жет-Техдаги сизнинг гуруҳингиз бояги янги нарсаларни яратган деб ўйлаган эдим.
— Сизга айтган ўйинчоқларними? — Немис виски хўплади. — Улар ёмон эмас. Аммо бир йил,
нари борса икки йилдан кейин “Женерал дайнемикс”, “Бэлл” ва “Женерал электрик”, “Юнион
карбайт” ва “Вестингауз” ва бошқалар ҳам уларни ишлаб чиқара бошлайди. Мен бўлсам қуруқ
ҳамён билан номаълумлигимча қолиб кетавераман. Мени ёшимда бу камситилиш бўлади. Бу —
таназзул демакдир. Мен тиланчи эмас, олимман. Бу Жет-Тех... Бахтсизлик келтирадиган... бу
нарса. Иш юришмаслиги. Омадсизлик.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |