www.ziyouz.com кутубхонаси
227
Қирқ учинчи боб
... Ички телефон оҳиста жиринглади.
— Эшитаман, — жавоб берди у.
— Қандайдир мистер Гаусс сизни кўрмоқчи.
— Ким?
— Қандайдир мистер Гейнц Гаусс. У билан учрашув тайинланмаган.
— Худойим-ей, тез ҳузуримга олиб келинг. — Палмер эшикка қараб юрди. — Ким ўйлабди
буни!
— Олим Гейнц Гауссми? — сўради Виржиния.
— Худди ўзи, уни Пенемюнда асир туширган эдим.
Палмер эшикни очди, айни замонда Гаусс қабулхонага кириб келди. — Гаусс! — деди у
қўлини чўзиб.
Гейнц Гаусс Палмердан бир бош кичкина эди, озғин митти одам, ёши 60 дан сал ошган, қора
сочлари тўкила бошлаган, чаккалари оқарган...
— Кўп ҳам ўзгармабсиз, — деди Палмер.
— Э, йўқ, ўзгариб кетганман.
Палмер унинг қўлини бўшатди, Гаусс бир нуқтада туриб қолди. Катта хонани кўздан кечириб
чиқди. Назари Виржинияда тўхтади.
— Бу реклама бўлимидаги ходимингиз мисс Клэрими?
Гаусс қаддини тик кўтарди, аммо пошналарини тарақлатмади. У бир оз эгилди.
— Жуда мамнунман, мисс Клэри.
Виржиния эшикка қараб юрди.
— Тўғриланган нусхасини кейин оласиз.
— Ҳозир уйга кетасизми?
— Йўқ, матн устида бироз ишламоқчиман.
— Кейинроқ ҳузурингизга кираман.
— Мамнунман.
Палмер эшикни ёпиб, Гауссни ёзув столи ёнида турган оромкурси олдига олиб борди.
Кичкина одам иложи борича кам жой олишга интилгандек, эҳтиёткорлик билан ўриндиққа
ўтирди. Палмер ўз жойига ўтди.
— Сигарета чекасизми?
Гаусс чимирилиб сигарета олиб, тутатди.
— Билсангиз керак, — деди у. — Жет-Техга алоқадор тарих. Мен илмий-тадқиқот ишларига
раҳбарлик қиламан.
Палмернинг юрагига биров совуқ латта билан ургандек бўлди. Ўн беш йил ичида Гауссдан
ҳеч қандай дарак йўқ эди. Айни шу кунларда кириб келиши кўп нарсани англатади.
— Шаҳарда Барни Кинч билан бирга бўлсангиз керак?
— Мажлисдан тўғри келяпман. Натижалар, чамаси, сизга маълумдир?
— Ҳа, — Палмер столга яқинроқ сурилди. — Агар сизга фойдаси тегадиган бўлса, қабул
қилинган қарорга қарши чиқаман.
Немиснинг кўзлари чарақлади.
— Шундайми? Нима учун?
— Биз қандайдир битимга келишамиз деб ўйлайман. Балки бу сиз хоҳлагандек бўлмаслиги
мумкин, аммо сиз озми-кўпми пул орттириб оласиз.
— Пул дейсизми? — Гаусснинг оғиз чеккалари ёзилди.
— Эски дўстлигимиз ҳурмати учун баъзи нарсаларни сизга айтсам майлими?
— Ўзингиз зарур деб ҳисобласангиз. — Келгуси йилдаги тажриба ишларим учун ажратилган
бюджет маблағларининг ярмиси лаънати элтувчи ракета “Уотан”га сарфланиб бўлди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |