www.ziyouz.com кутубхонаси
224
Палмер бошини кўтариб қаради ва Эдис кичкина шароб стаканини майдаланган муз устига
қўяётганини кўрди. Ҳозир у драмбун ёки бенедиктин қуяди-да, совутиб ичади.
— Менга ҳам тайёрлаб бер, — илтимос қилди у.
— Ҳозир.
— Гапларингга қараганда, — давом этди у, — бугун зерикарли бўлдими?
— Зерикарлими? Билмадим. Балки бунга хонамиз сабабчидир?
Палмер бош чайқади.
— Ўзлари айбдор. Ҳаммасидан олдин мен. Сен Жейн билан эридан бошқа ҳеч кимни танимас
эдинг. Мен эса билардим. Тушлик кўнгилдагидек ўтди. Бэркхардт иш юзасидан гаплашиб
олайлик деб мени дераза ёнига чорлагандан кейин совуқчилик бошланди.
— Нимани муҳокама қилдинглар ўзи? — сўради у муз устига яна битта стакан қўятуриб. —
Иш юзасидан суҳбатдан кўра фалсафий баҳсга ўхшаб туюлди.
— Менимча, — деди Палмер стаканлар қандай тўлдирилаётганини кузатар экан, — айни шу
нарса бу қари калхатга ёқмади. Фалсафий баҳсларга унинг тоқати йўқ.
— Чамамда у сени қолоқ одам деб ҳисобласа керак.
— У мени замон билан бирга юролмайсан, деб айблайди.
Бир муддат жим қолишди. Уларнинг уйидан анча узоқликдаги черков қўнғироғи ўн икки
марта бонг урди.
— Ҳалиям совумадими? — сўради Палмер.
Эдис бош чайқади.
— Мен биладиган банкирлар ичида, — деди у, — фақат сени қолоқликда айблаб бўлмайди.
Қачондан бери замондан орқада қолиб кетдинг?
— О, бу жуда мураккаб, чалкаш масала, чамаси, бунинг жавоби, менинг тахминимча, эллик
йиллардан кейин аниқланса керак. Бундан ташқари, бу муаммо батамом академик тадқиқотлар
доирасида қолади, чунки эътирозларимга мутлақо эътибор беришмаяпти.
— Шамол тегирмони билан жанг қилишяптими?
У бар олдидаги баланд ўриндиққа ўтирди.
— Бу борада ким билан гаплашган бўлсам, ҳаммаси сен ноҳақсан дейишмоқда. — У муз
солинган идишга кўз ташлади. Қиров босган стаканчалар ҳам унга қараб туришгандек туюлар
эди.
— Ўзинг ҳам ишонмайсан-ку.
— Ҳақлигимга тўла ишонаман. — У истеҳзо билан жилмайди. — Балки амалий жиҳатдан
ноҳақ бўлишим мумкин. Нари борганда, мен бу йил ёки кейинги йил ҳисобига
адашаётгандирман.
— Бемалол гаплашиб олишни хоҳлайсанми? Ёки ҳаммаси тугагандан кейин нима гап
бўлганини айтиб берасанми?
— Қари Бэркхардтдан эшитгансан деб ўйлагандим?
Унинг овози хонанинг барча бурчакларига тарқалиб кетгандек туюлди.
— Мен бошқалар билан ҳалол гаплашганман.
— Майли. Гап чекланмаган истеъмол қарзлари устида кетмоқда. — У хўрсинди. — Совиб
бўлдимикин?
Эдис бир стаканни олиб, Палмерга узатди:
— Илиқ драмбун ичишни хоҳласанг...
Палмер озгина ичиб, ликер совиб бўлган деб ҳисоблади.
— Кўряпсанми? — деб гап бошлади у, — вақти келиб, ҳамма қарздорлар қарзини тўлаб
битиради — бу амалга ошмайдиган нарса; ёки иқтисод шиширилган шардек ёрилиб кетади.
Қарз тўлаш муддатлари қаттиқ сиқиб қўйилган, берилган қарзлар нақд пул билан қопланмаган,
вақти келиб фабрикачилар кўтара савдо фирмаларидан ҳақ талаб қилишга мажбур бўлади,
улар эса майда савдогарлардан талаб қилади, буниси ичтеъмолчиларни қисади.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |