www.ziyouz.com кутубхонаси
63
— Сэр, ушбу номалар сиз учун қолдирилган.
Палмер унга миннатдорлик билдириб, номага кўз югуртирди. Уларнинг бештасидан
тўрттасида Мак Бернс телефон қилгани ёзилганди. У соат 4.40 дан 4.55 гача телефон қилибди.
Демак, Палмернинг клубга келишидан бир дақиқа олдин ҳам сим қоққан экан-да. Кейинги
хатда Бэркхардт белгиланган вақтидан олдинроқ келиши ёзилганди. Чунки унинг кейинги
учрашув соат олтига белгиланган эмиш.
Ҳамиша мана шунақа бўлади, деди ўзига Палмер, ғижимланаган хатларни чўнтагига
соларкан. Улар энди эгар устида маҳкам ўтиришибди.
У аста ўрнидан туриб, телефон ҳужрасига қараб юрди. Уни Бернс идораси билан боғлашди.
— Вуди, азизим, нима бўлди?
— Мен сиздан сўрамоқчиман: нима бўлди? — деб.
—Яъни нима учун айнан «нима бўлди?» — ҳайрон бўлиб сўради Бернс.
— Ахир, сиз мени излабсиз-ку, шундай эмасми?
— Ҳа-а, гап бу ёқда денг, — минғирлади Бернс, кейин эҳтиётсизлик билан қўшиб қўйди: —
Э-э, ҳеч гап йўқ. Мен фақат хафа бўлдингиз деб ўйладим.
— Нима учун?
— Учрашувимиз барбод бўлгани учун-да. Мен қайтиб борсам, сиз кетиб қолибсиз.
— Сиз айтдингиз-ку, ярим соатдан сўнг қайтиб келаман деб, — эслатди унга Палмер.
— Ҳа-я, рост. Рождество байрамига менга янги соат совға қилишингиз мумкин. — Орага узоқ
жимлик чўкди. Палмер бирдан тушундики, Бернс барбод бўлган учрашув учун айбни унга
тўнкаши ҳеч гап эмас. Палмерни қолдириб кетгани учун ўзини айбдор ҳисоблаган Бернс энг
аввло унинг қанчалик ранжиганини текшириб кўрмоқчи эди, кейин эса юз берган
кўнгилсизликнинг ҳаммаси учун масъулиятни унга юкламоқчи бўлди.
— Сизга кетишга тўғри келганидан жуда афсусдаман, — деди Палмер бир оз сукутдан сўнг.
— Сизни жуда яхши тушуниб турибман ва асло ранжиганим йўқ. — Яна жимлик чўкди. Палмер
Бернс ҳозир ҳаммасини босди-босди қилади ва низо барҳам топади деб кутган эди.
— Жуда бемаъни иш бўлди-да, — бўш келмасди Бернс. — Гап шундаки, мен сиз билан
иккита ўта муҳим масалани муҳокама қилмоқчи эдим. Энди бўлса, қачон учрашишимни ҳам
билмайман, жин урсин.
— Ҳа, жуда бемаъни иш, — тасдиқлади Палмер, адашганини тушуниб. — Бу ҳақда ташвиш
тортманг, Мак, мен ҳечам хафа эмасман.
— Нима қилишни ўзим ҳам билмайман, азизим, — деди Бернс, бир оз жимликдан сўнг. — Биз
сиз билан анча жиддий аҳволга тушиб қолдик.
— Мак, — деди Палмер. Барибир бугун ҳеч нарса қила олмасдик.
— Майли, — деди Бернс. — Бугун кечқурун учрашувим бор. Соат 11. 30 да бизникига
боринглар.
— Бугунми?
— Ҳа, бугун, — тасдиқлади Бернс. — Бугун кечқурун. Акс ҳолда учрашувимиз бир ҳафта
орқага сурилади.
— Билмадим, бора олармиканман. Мен кейинроқ хабар қиламан. Қаерга сим қоқай?
— Соат нечада?
— Саккиз билан тўққиз орасида.
— «Шамбор» отелига.
— Мен телефон қиламан, кўришгунча. — Палмер жавобини кутиб ўтирмай гўшакни илди. У
Бернсдан, ўзидан ва шу аҳмоқона арзимас ўйинда қатнашишга мажбур эканидан жуда ғазабда
эди.
У яна диванга ўтирди ва қолган вискини қултумлаб ича бошлади. Палмер узил-кесил шунга
ишонч ҳосил қилдики, барча қийинчиликлар аввал-бошданоқ ваколат муаммоси туфайли экан.
Бэркхардт банкда унга иккинчи шахс даражасини берган, лекин бу ҳокимиятдан қай тахлитда
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |