www.ziyouz.com кутубхонаси
64
фойдаланиш ваколатини белгиламаган эди. Бернс буни тушуниб, икковидан қайси бири
раҳбарлик қилиши кераклигини аниқлаштиришга уринмоқда. Унинг доирасидаги эркаклар умр
бўйи шу ўйин билан банд эдилар. Улар тенг вазиятда бўла туриб ҳам хотиржам бўлмасдилар ва
ким паст, ким баланд эканини аниқлашга уринардилар.
Палмер авваллари бу ўйинда қатнашмасди — отаси ишининг вориси эканлиги унга устунлик
берарди. Бу фақат кўринишдангина шунақа эди. У бирдан эрталаб Жо Лумис телефон
қилганини эслаб қолди. Бу қўнғироқ ҳақида қарияга айтиш керакмикин?
Қизиқ, ўйлади Палмер, биз, ахир, Лумис билан таниш ҳам эмасмиз. Эҳтимол, қачонлардир
отамни кўргандир. Жамғарма банкларига қарши кураш билан боғлиқ бирор муаммо Жо
Лумисни менга телефон қилишга мажбур қилгандир. Нима бу — ярашиш йўлини қидиришми?
Эҳтиёткорликми? Ё сотиб олишга уринишми?
— Вуди! — баланд овозда чақирди уни Бэркхардт.
Палмер чўчиб тушди ва қарияга ўгирилди. Бэркхардт унинг ёнига, диванга келиб ўтириб
улгурганди.
— Хатимни сенга бериб улгуришганидан жуда хурсандман. Мен тезда қайтиб кетаман. Нима
ичаяпсан, жин урсин? Наҳотки сув?
— Қарийб шунақа, — жавоб берди Палмер.
— Эски шотланд вискисидан олиб келинг, — деди у етиб келган официантга. — Сўнг
Палмерга ўгирилиб, унинг тиззасига шапатилади-да: — Хўш, Бернс билан тушлик қандай ўтди?
— деб сўради.
Палмер кулди:
— Бу тушликнинг энг қисқа тури бўлди: овқатни олиб келишганда, Бернсни қаёққадир «ярим
соатга» чақириб қолишди. Мен бир ўзим овқатландим ва жўнавордим.
— Шундай, турдинг-у, жўнавордингми? — деди Бэркхардт ғазаб билан.
— У сўраганидай, «ярим соат» кутиб турдим.
— Нима, у келмадими?
— Келиб, кечирим сўрамадими демоқчимисиз? — унинг гапини бўлди Палмер. Ҳар ҳолда у
ўзини айбдор ҳис этди.
— Мен умуман буни назарда тутганим йўқ. У ўзи хафа бўлмадими, шуни билмоқчийдим.
Ўзинг биласан-ку, бу грекларни..
Палмер чуқур ҳўрсинди, ғазабини зўрға жиловлади.
— Биринчидан, у ливанлик. Кейин эса, қулоқ солинг, — у секин, босиқ овозда бошлади. —
Бу одамнинг тана териси «шерман» танкининг зирҳига ўхшайди. Унча-мунчага тешиб
бўлмайди. Ҳозир масала кўндаланг турибди: ё сиз менга унга ўзим хоҳлаганимдек муомала
қилиш имконини берасиз, ёхуд банк томонидан сарфланаётган каттагина пулдан берасиз, токи
мен ўз жойимда ёки, аниқроғи, сизнинг ажойиб хонангизда ўтирай, ахир у бўм-бўш турибди.
— Мен сенга тўла ишона...
— Агар шундай бўлса, қани буни исботлашга бир уриниб кўринг-чи, — деди унинг сўзини
қўполлик билан бўлиб Палмер. Кейин жим қолди ва елкаларини қисди. — Жуда афсусдаман,
лекин менда таъқиб қилиш белгилари пайдо бўлаётир. Бу Бернс менга шундай таъсир
қилаётганидан далолат, — қўшиб қўйди у.
Бэркхардт жавоб бермади. Жимлик янада чўзилди, чунки официант виски олиб келганди.
Қадаҳдаги муз парчаларини аралаштираркан, Бэркхардт ҳамон жим ўтирарди. Палмер қария
мени кечирим сўрашга мажбур этмоқчи шекилли, деб сукут сақлар ва бу ёғи нима бўлишини
кутарди.
Виски қуйилган қадаҳни лабига теккизиб, Бэркхардт Палмерга ўгирилиб сўради:
— Бугун тушдан кейин қаерларда қолиб кетдинг?
Палмернинг жавоб беришга шошилмаётганини кўриб, Бэркхардт қўшимча қилишга
шошилди:
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |