www.ziyouz.com kutubxonasi
47
бири унга отини берди. Амр энди филга ҳужум қилди. Самсома кучли зарб билан филнинг
хартумига тушиб, узиб юборди. Қон сочаётган филнинг аянчли ўкиришидан атрофидагилар
қочишга тушди. Фил ўзини ҳар ёққа уриб, бўкирганча жон берди.
Қаъқа билан Осим эса, машҳур оқ филга ҳужум қилиб, икки тарафдан кўзларига найза
суқди. Оғриққа чидай олмаган фил бўкириб, устидаги одамни учириб юборди. Қаъқанинг
иккинчи зарбаси филнинг биқинига тушди. Ёнбошига ағдарилган жонивор қисқа фурсатдан
кейин қимирламай қолди.
Саъд жонбозлик кўрсатаётган Ҳаммол ва Риббилга амр берди. Иккови бориб бир филга
ташланди. Ҳаммол ҳайвон кўзига найза санчгандан сўнг фил йиқилди. Кейин яна турмоқчи
бўлганида Риббил қиличини хартуми узра сермади. Фил тура солиб, дуч келган тарафга караб
қоча бошлади. Бошқа филлар ҳам унга эргашди. Шу тариқа майдонда филлар кўринмай қолди.
Жанг пайтида баланд бўйли форс суворийи паст бўйли иккита мусулмон билан тўқнашди.
Қисқа олишувдан кейин форс аскари юзида мамнунлик ҳисси пайдо бўлди: у рақибини ерга
қулатган эди. Шу заҳоти отидан сакраб тушиб, мусулмон аскарнинг устига ўтириб олди. От
юганини бўйнига илди. Кейин бир қўли билан рақибини ушлаб, бошқа қўлини қиличга юборди.
Ҳаётининг сўнгги дамлари келди, деб ўйлаган мусулмон шаҳодат калимасини такрорлай
бошлаганда, кутилмаган воқеа юз берди. Офтобда порлаган қилич шуъласи отнинг кўзларини
қамаштириб юборди ва ортга чекинди. Бўғзидаги отнинг юганини ололмай, форс аскари ерга
ағанади. Бундан фойдаланган рақиби сакраб ўрнидан турди ва уни тинчитиб қўя қолди. Шу
тариқа ярим дақиқа аввал душманини ўлдиришга ўзгача шавқ билан шайланган аскар ҳаёт
билан видолашди (Ибн Асир, «Ал-комил»).
* * *
Ўша тун Амр ибн Маъдий ва Тулайҳа бир нечта сафдошлари билан душман қароргоҳига йўл
олишди. Улар қилаётган иш жуда хатарли бўлиб, қўлга тушган тақдирларида, ўлим муқаррар
эди. Шунга қарамай, олға юриб боравердилар. Бирдан ортга қайтишиб, «Аллоҳу акбар», дея
қичқира бошладилар. Бу қичқириш кутилган натижани берди. Ярим тунда уйқуси бузилган
форслар нима бўлганини тушунолмай қолишди. Улар босқин бўляпти, деган ўйда, қўрқинч
билан нима бўлишини кутиб туришарди. Ҳеч қандай ҳужум бўлмаган эса-да, асаблар
таранглашиб, уйқу қочган эди.
Эртасига ҳам жанг оқшомгача давом этиб, икки тараф роса олишди. Кейин яна дам олишга
тўхтадилар. Қаъқа одамлари билан Рустамнинг чодирига ҳужум қилиш режасини тузиб чиқди.
Шу пайт қаттиқ шамол эсиб, Рустамнинг чодирини учириб етди ва дарёга улоқтирди. Ушбу
воқеадан сўнг мусулмонларнинг иши енгиллашиб, форслар саросима ичида келди. Рустам
ҳаммаси тамом бўлганини сезиб, дарё томон шошилди. У ерда махсус ҳозирлаб қўйилган
қайиққа минмоқчи бўлиб турганида, ортидан Ҳилол ибн Алқама етиб келиб, бир зарб билан уни
йиқитди. Оёққа қадалган қилични чиқариб, Ҳилол иккинчи зарбани солди ва машҳур
лашкарбошини тинчитди.
Ҳилол хаёлига ҳам келтирмаган ишнинг уддасидан чиқиб, Форснинг бош қўмондонини
асфаласофилинга жўнатган эди. Бундан қувониб, севинчи ичига сиғмай қичқира кетди.
Олишишга қуввати қолмаган, телбаларча югуриб кетаётган инсонга атрофдагилар ҳайрат ичида
қарашди. Қўли билан бир бошнинг сочидан тутамлаб олган кўйи:
—
Мен Рустамни ўлдирдим. Мана Рустамнинг боши, ўлдирдим уни! — деб бақирарди. Сўнг
югуриб келиб, Рустамнинг тахтига ўтириб олди ва қўлидаги бошни янада юқори кўтарди:
—
Мана Рустамнинг боши, уни мен ўлдирдим!
Юз минглаб аскарларга қўмондонлик қилган кишининг бошини кўрганлар батамом
ўзларини йўқотиб қўйдилар. Энди ширин жонни қутқаришдан бошқа чора қолмаган эди.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |