www.ziyouz.com kutubxonasi
55
—
Биз маошни насл-насабга қараб белгилаганимиз йўқ. Шундай бўлганида, энг кўпини
сизлар олардингиз. Биз Исломни қачон қабул этгани ва қилган хизматларини кўпроқ ҳисобга
олдик.
Бошқа шунга ўхшаш эътироз билдирилганда: «Мен Расулуллоҳга қарши жанг қилганлар
билан у кишининг ёнида елкама-елка турганларни тенглаштиролмайман», дея жавоб қайтарди.
Ҳазрати Умарнинг бу жавобига улар эътироз билдиролмай, изларига қайтиб кетишди.
Бадр жанги иштирокчиларига беш минг, уларнинг завжаларига эса беш юз дирҳамдан
тайинланди. Икки қария ва икки ўспирин Бадрда қатнашмаган бўлса-да, ўша маошни оладиган
бўлди. Улар Салмон Форсий билан Абу Зарр, Ҳазрати Ҳасан ва Ҳусайнлар эди.
Ҳудайбия қатнашчилари ва Ҳабашистонга сафар қилган муҳожирларга тўрт ярим минг,
аёлларга тўрт юз эллик дирҳам белгиланди.
Ҳазрати Абу Бакр бошчилигида диндан қайтганларга қарши курашганларга уч минг,
аёлларига уч юз дирҳам, Ярмук ва Қодисия жанглари иштирокчиларига икки минг, уларнинг
аёлларига икки юз дирҳам белгиланди. Ушбу жангларда жонбозлик кўрсатганларга эса икки
ярим минг дирҳам маош тайинланди.
«
Қодисия ва Ярмукда катнашганлар билан Бадр иштирокчилари баробар ола қолсинлар, эй
мўминлар амири», дейишганда, «Йўқ, бунақа қилмаймиз», дея жавоб берди. Қолганлар минг,
уларнинг аёллари юз дирҳамдан олди. Болалар эса уч юз дирҳамлик бўлди. Фақат эмизикли
чақалокларгагина пул ажратилмади. Сўнгра Ҳазрати Умарнинг фармонларига биноан,
Мадинадаги олтмиш нафар фақир одам чақирилди. Улар олдиларига қўйилган икки замбил
хурмони бир зумда еб битирдилар. Бу билан бир камбағал кишининг ойлик таоми миқдори
маълум бўлди. Уларнинг ҳар бирига ҳар ой икки замбил хурмо бериладиган бўлди.
* * *
Мукофот миқдорини белгилашда қандайдир хусусиятлар эътиборга олингани бир қанча
кўнгилсизликларга ҳам сабаб бўлди. Зеро, ҳар қандай инсонда нафс деган бало бўлади.
Халифага эътироз билдирганлардан бири ўғли Абдуллоҳ эди.
—
Отажон, менга уч минг дирҳам тегди, Усомага эса тўрт минг. Ҳолбуки, менинг отам
унинг отасидан кам эмас. Ўзим ҳам Усомадан устунроқ бўлсам керак. Ахир, сафарларда ундан
кўпроқ қатнашганман.
—
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усомани сендан кўпроқ яхши кўрардилар.
Унинг отаси ҳам у зотга сенинг отангдан кўра маҳбуброқ эди.
Ҳазрати Умарнинг бу гаплари тўғри, дейишга ҳақлимизми? Расулуллоҳдан: «Энг
севганингиз ким?» дея сўрашганида у зот аввал Абу Бакрни, кейин Умарни тилга олганлар.
Исломга хизмат борасида, Ҳазрати Умар билан Усоманинг отаси Зайдни киёслашнинг ўзи тўғри
бўлмас. Лекин Ҳазрати Умар ўғлига «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Зайддан
кўра кўпроқ яхши кўрганлар», дея олмасди. Бу билан буюк зот ўта камтарлик қилди.
Абдуллоҳ агар халифанинг ўғли бўлмаганида, балки Усома билан баробар маблағ оларди.
Чунки у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан шу қадар кўп бирга бўлганки,
бундай одамлар жуда кам эди. Абдуллоҳнинг бундан кейинги ҳаётига назар соладиган бўлсак
ҳам, у отасининг илм ва адолат борасида ишларини уммати муҳаммадияга етказишда беқиёс
хизмат қилганини кўрамиз. Расулуллоҳнинг суннатларига амал қилиш ва уни билишда
Абдуллоҳнинг олдига тушадиганлар жуда оз. Бу жиҳатдан Абдуллоҳ ибн Умар Усомадан бир
эмас, икки бор устун эди. Шу воқеадан кейин яна эллик беш йил ҳаёт кечирган у зоти шариф
мол-дунёга ортиқча эътибор бермай яшади.
* * *
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |