8.10 Микроўғитлар.
таъсир этувчи моддаси микроэлемент бўлган минерал ўғитларга микроўғитлар дейилади. Даврий системадаги 107та элементларнинг 80% шу жумладан оғир металларнинг барчаси (темир бундан мустасно) микроэлементлардир. Улар ўсимлик ва ҳайвонлар организмида (қуруқ ҳолдагисига нисбатан ҳисобланади) 0,01% дан ошмайди. Ҳар ерга солинадиган нормаси 0,1-3кг дан ошмайди. Ҳозирга қадар 14та микроэлементнинг ҳаётий жараёнлардаги муҳим роли, аҳамияти аниқланган. Шулар жумласига B, Mn, Cu, Zn, Co, Mo ва бошқалар киради. Улар ҳаётий жараёнга таъсир кўрсатувчи муҳим моддалар, ферментлар, гормонлар, пигментлар ва бошқалар таркибига киради. Улар ўсимликлар организмида турли физиологик ва биокимёвий жараёнларга таъсир кўрсатади. Масалан, улар ферментлар активлигини ошириш орқали, углеводородлар алмашинувига таъсир ўтказади, фотосинтез жараёнида нурни ўзлаштиришни кучайтиради, оқсил синтезини тезлатади. Айрим микроэлементлар ўсимликларнинг айрим фойдали хоссаларини кучайтиради. Масалан: қурғоқчиликка, совуққа чидамлилигини оширади, уруғнинг ривожланишини ва пишишини тезлаштиради, касалликларга чидамлилигини оширади ва хоказо. Зарур микроэлементларнинг етмаслиги эса ўсимлик ва ҳайвонларда модда алмашинувини бузилишига, уларни турли касалликларга чалинишига олиб келади. Масалан: борнинг етишмаслиги баҳорги буғдой, каноп ва қанд лавлагини касалликларга чидамлилигини камайтиради, марганец етишмаслиги фотосинтез интенсивлигини камайтиради, молибден етмаслиги баргларда нитратларнинг тўпланишига ва ҳосилида оқсилнинг камайишига, темирнинг етмаслиги эса барглар хлорозига олиб келади.
Бироқ микроэлементларнинг кўпи ҳам ўсимлик ва ҳайвонларга заҳарли таъсир этади. Айниқса, кўпгина оғир металлар (масалан, қўрғошин ва симоб) заҳарли таъсир этади. Шунинг учун ҳам тупроқда микроэлементлар миқдори ва сифати аниқланиши ва унга экиладиган экинларнинг уларга бўлган талаби ўрганилмоғи лозим ва шу маълумотлар асосида у ёки бу микроэлемент тури ва миқдоридан фойдаланиш керак бўлади.
Собиқ СССР ва айрим хорижий мамлакатларда кейинги йилларда микроэлементлардан фойдаланиш (таркибида микроэлементлар сақловчи янги тур ўғитларнинг яратилиши ва ишлаб чиқарилиши айниқса кенгайиб бормоқда) тез суръат билан ўсиб бормоқда. Микроўғит сифатида таркибида микроэлементлар сақловчи табиий руда минераллари, баъзи саноат ишлаб чиқариш чиқиндилари, техник тузлар, махсус тайёрланган моддалар ва аралашмалар, масалан, комплексонатлар (ички комплекс бирикмалар); фиритлар (қаттиқ аралашмалар суюқланмасидан олинадиган шишасимон ёки металсимон доначалар) ва бошқалар ишлатилади. Микроўғитлар экишдан олдин тупроққа солиш ёки ўсимликка чанглантириш (сепиш) ва пуркаш ҳамда уруғларга ишлов бериш йўли билан ишлатилади. Собиқ СССРда кенг қўлланиладиган микроўғитларга борли, мисли, рухли, марганецли, молибденли ва кобальтли ўғитлар киради.
Борли ўғитлар
Микроўғитлар орасида энг кенг тарқалган борли микроўғитлардир. Энг концентратланган борли ўғит борат кислотасидир-Н3ВО3 уни уруғларга сепганда тальк билан аралаштирилади (14-16% гача Н3ВО3 сақловчи аралашмаси ишлатилади) , оддий, қўш суперфосфат ҳамда нитроаммофоск ва бошқаларга қўшилади. Бу мақсадда бура Na2B4O7·10H2O, борат кислотасининг кальцийли тузи ҳам ишлатилади. Кул таркибида ҳам (1кг кулда 200-700мг гача) бор учрайди. Шунинг учун борли ўғит сифатида кул ҳам ишлатилади.
Саноатда турли табиий бор минералларидан борат кислота ишлаб чиқаришда, чиқинди сифатида қолдиқ эритма ҳосил бўлади, у таркибида 21-23% MgSO4 ва 1,8-2,5% Н3ВО3 сақлайди. Бу эритма буғлантирилиб, таркибида 13% Н3ВО3 ва 13% MgО сақловчи бормаглийли ўғит олинади. Бу таркибида ҳам бор, ҳам магний сақловчи ўғит ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |