Мажбурият ҳуқуқи. Мажбурият ҳуқуқи шахслар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда мўлжалланган ҳуқуқ нормалари тизимидан иборат. Мажбурият доирасида бир шахсга бошқа шахсдан (iug in perconal) қандайдир ҳарактерларни содир этиш (тақдим этиш) ёки муайян ҳаракатларни содир этишдан сақланишни талаб қилиш ҳуқуқи тегишли бўлади. Мажбурият тарафлари бўлиб кредитор (талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс) ва қарздор (зиммасига бурч, мажбурият юклатилган шахс) ҳисобланади, мажбурият предмети фуқаролик ҳуқуқининг ҳар қандай объекти бўла олади, мажбуриятнинг мазмуни тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ташкил этади. Бунда мажбурият мазмуни нафақат позитив ҳуқуққа, балки тарафларнинг эрки, иродасига ҳам боғлиқ бўлади.
Мажбурият ҳуқуқи икки қисмга бўлинган бўлиб унда мажбурият ҳуқуқининг умумий қисми барча турдаги мажбуриятларга қўлланиладиган нормаларни ўз ичига олган. Мажбурият ҳуқуқининг маҳсус қисми мажбуриятларнинг алоҳида турларига бағишланади.
Мажбуриятлар, энг аввало, уларнинг келиб чиқиш асослари бўйича туркумланади. Мажбуриятлар вужудга келишининг бир қатор бош асослари фарқланади - шартнома, бир томонлама битим, зарар етказиш (деликт), топшириқсиз бошқаларнинг ишларини юритиш, асоссиз бойиш ва қонун.
Шартнома икки ва ундан ортиқ шахсларнинг ўзаро ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни белгиловчи келишуви сифатида тан олинади. Шартнома тузилгандан кейин қатъий бажарилиши лозим (pacta sunt sertsonda), унинг ижроси мажбурийлиги таъминланади.
Жабрланувчининг шахсга ёхуд мол-мулкига қандайдир муайян шартнома билан боғлиқ бўлмаган ҳолда зиён етказиш деликт ҳисобланади.
Шартномани бузгани учун ва деликт учун жавобгарлик айблилик тамойили асосида белгиланади, айни вақтда зарар етказувчининг айбдорлиги презумпцияси белгилаб қўйилган. Бироқ, бу умумий тамойилдан истиснолар ҳам мавжуд.
Шартномалар, энг аввало, ижтимоий - иқтисодий мазмуни бўйича турларга бўлинади, мол-мулкни топшириш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар ва ҳ.к. Шартнома ҳуқуқида шартномаларнинг барча турлари учун қўлланиладиган умумий қоидалар ҳам мавжуд.
Деликтлар бош ва махсус деликтларга бўлинади. Бош деликт стандарт қоидаларга киритилган ҳар қандай зарарни қоплаш учун асос бўладиган умумий қоидалардан иборат. Махсус деликтлар зарарнинг алоҳида характери (мулкий зарар, маънавий зарар, шахсга етказилган зарар, соғлиққа етказилган зарар), зарар етказиш манбаи (оширилган хавф манбаи), айби (айбли ёҳуд айбсиз жавобгарлик), зарар етказувчининг шахси (масалан, ёлланма ҳодим, давлат хизматчиси) ва бошқа ҳолатлар бўйича ўз хусусиятига эга.
Мутлақ ҳуқуқлар (интеллектуал мулк) инсон тафаккури, ижодий фаолият натижалари қатор халқаро конвенциялар - муаллифлик ҳуқуқига бағишланган Берн, Женева, Париж ва бошқа халқаро конвенциялар асосида яратилган, ривожланган қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган. Шу сабабли ҳам, бу масалада қитъа ёки англо-америка ҳуқуқ тизими билан боғлиқ ўзига хос хослик мавжуд эмас. Ҳар иккала тизимга кирувчи мамлакатлар қонунчилиги бир аср мобайнида юқорида кўрсатилган конвенциялар асосида бир хилдаги моделлар асосида таркиб топди.
Ушбу институтлар доирасида мавжуд бўлган тушунчалар ўртасидагина айрим жузъий фарқлар мавжуд. Қитъа ҳуқуқ тизимида одатда, муаллифлик ёки патент ҳуқуқлари тушунчаларидан фойдаланилади, баъзан улар «мутлақ ҳуқуқлар» номи билан умумлаштирилади. Англо-америка ҳуқуқи эса (адабий) ва саноат мулки деган иборалар қўлланилади, интеллектуал мулк тушунчаси уларни бирлаштирувчи ибора ҳисобланади. Бундай талқин мулк тушунчаси доирасини кенгайтиришга мойил бўлган мавжуд доктринага мос келади. Шуни ҳам эътироф этиш ўринлики, бундай ибораларни қўллаш халқаро конвенцияларга ҳам қитъа ҳуқуқ тизимининг баъзи мамлакатларида масалан, Францияда ҳам русм бўлган. Бироқ, бундай ҳолда ҳам «мулк» атамасидан шартли равишда фойдаланилади (бундай ҳуқуқларнинг ҳимояси мутлақ эканлигини таъкидлаш маъносида).
Do'stlaringiz bilan baham: |