Ашёвий ҳуқуқлар. Қитъа ҳуқуқ тизимида ашёвий ҳуқуқлар туркуми мавжуд. Ашёвий ҳуқуқлар шахснинг ўз ашёларига бўлган ҳуқуқларга (мулк ҳуқуқи ҳам киради) ва шахснинг ўзгалар ашёларига бўлган ҳуқуқларига (сервитутлар, эмфитевзис, гаров, қурилиш қилиш ҳуқуқи ва шу кабилар киради) бўлинади. Ўзгалар ашёларига бўлган ҳуқуқлар бегонанинг мол-мулкига бўлган таъсирининг усуллари, ҳажмлари, қуввати ва бошқа жиҳатлари бўйича фарқланади. Ўзгалар ашёларига бўлган ҳуқуқлар мулкдорга бурчлар юклагани сабабли ашёвий ҳуқуқлар доираси қатьий белгилаб қўйилган (numenis clausus). Ҳар қандай ҳолда ҳам ашёвий ҳуқуқ мазмуни позитив ҳуқуқ билан белгиланади.
Ашёвий ҳуқуқларнинг алоҳида турлари билан бирга эгаллаш шахсни ашё билан боғланганлиги фактик ҳолати (шахсни ашё устидан ҳукмронлиги) эканлигига катта эътибор қаратилади. Қитъа ҳуқуқи доирасида эгаллаш махсус эгалик қилишни таъминлаш даъволари билан ҳимоя қилинади, муайян мезонларга жавоб берадиган эгалик қилиш бузилганда, ҳуқуқбузарни айбидан қатъи назар бундай даъволарни қўллаш мумкин.
Табиийки, мулк ҳуқуқи асосий ашёвий ҳуқуқ бўлиб ҳисобланади. Ашёвий ҳуқуқ нормаларининг асосий қисми унга бағишланган. Ҳар бир мамлакатда мулк ҳуқуқининг мазмуни ўзига хос бўлишига қарамасдан, уларнинг барчаси учун умумий бўлган жиҳатлар ҳам мавжуд.
Қитъа ҳуқуқ тизимида мулк ҳуқуқини талқин этишда Рим анъаналарига ва энг аввало, «бир ашёга нисбатан иккита тўлиқ мулк ҳуқуқи бўлиши мумкин эмас» деган асосий тамойилдан келиб чиқилади. Мулк ҳуқуқи ягона ва бўлинмасдир. Бўлинган ёки иккиланган мулк бўлиши мумкин эмас. Мулк ҳуқуқининг ушбу доирасига сиғмайдиган ҳаётий вазиятларнинг ҳусусиятлари ё ўзгалар мулкига бўлган ҳуқуқларда ёки у ёки бу объектга нисбатан у ёки бу субъектнинг мулк ҳуқуқининг ўзига хосликларини белгилаб қўйишда ифодаланиши мумкин. Гарчи кейинги вақтларда қитъа ҳуқуқи томонидан англо-америка ҳуқуқининг мутлақо қарама-қарши тамойилларидан (масалан, траст ёки ишониб топширилган мулк) келиб чиқувчи конструкциялар ўзлаштирилаётган бўлса ҳам, бироқ улар ўрнашиб қолган анъаналарни бузмаган ҳолда мослаштирилмоқда (масалан, ишониб топширилган мулк ўрнига ўзганинг мол-мулкини ишончли бошқариш белгиланган).
Қитъа ҳуқуқ тизими амал қилаётган тамойиллардан яна бири - бу мулк ҳуқуқининг энг тўлақонлиги тамойилидир (plena in re potestas). Европа мамлакатларининг қонунчилигида мулк ҳуқуқининг таркибий қисмлари (мулкдор ваколатлари – эгаллаш, тасарруф этиш, даромад олиш ҳуқуқи ва шу кабилар) турлича ифодаланилади, баъзан эса ҳатто ғаройиб ваколат ҳам (масалан, мол-мулкни йўқ қилиб ташлаш ҳуқуқи) белгилаб қўйилган. Бироқ, айни вақтда ушбу ваколат билан мулк ҳуқуқи мазмуни чегараланмаслиги, бу ваколатлар «энг мутлақ тарзда», «мулкдорнинг хоҳишига кўра», «мустақил тарзда» амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Худди шу билан мулк ҳуқуқининг махсус характери, унинг бошқа ҳуқуқлардан фарқи, уни бошқа ашёвий ёхуд мажбурият ҳуқуқи билан таққослаганда мазмунан ҳар доим кенг ва мустақил эканлиги таъкидланади.
Ўзгалар мулкига бўлган ҳуқуқлар (iura in re aliena) ҳам ниҳоятда турлича ва хилма-хил, бироқ, бу ҳуқуқлар таъсиридаги ашёнинг мулкдори мавжудлиги уларни ягона гуруҳга бирлаштириб туради.
Умумий қоидага кўра, мулкдор унинг ашёсига нисбатан таъсирларга тоқат қилиши лозим, бироқ, сўнгги вақтларда шундай ашёвий ҳуқуқлар ҳам вужудга келмоқдаки, унинг асосида мулкдор у ёки бу фаол харакатларни содир этиши лозим. Мулкдорнинг қайси ваколатлари чекланганлигига қараб ашёвий ҳуқуқ эгаларига ўзгалар ашёсига нисбатан берилган имкониятлар бўйича ашёвий ҳуқуқлар қуйидаги турларга бўлинади:
фақат фойдаланиш ҳуқуқи;
фақат тасарруф этиш;
эгаллаш ва фойдаланиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |