IV-БОБ. ФУҚАРОЛИК ХУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИНИНГ ВУЖУДГА КЕЛИШИ
1-§. Фуқаролик хуқуқий муносабат тушунчаси
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабат деб ҳуқуқ субъектлари ўртасида бўладиган ва фуқаролик-ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатга айтилади. Шахслар ўртасида тузиладиган олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш, бирор-бир ишни бажариш, хизмат кўрсатиш, ижара, қарз тўғрисидаги шартномалар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар жумласига киради.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабат ижтимоий муносабат сифатида, энг аввало, шахслар, кишилар ўртасидаги муносабат бўлганлиги учун унда қатнашувчиларнинг эрки-иродасидан вужудга келади. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатда ифодаланган шахсларнинг эрклари, турли-туман манфаатлари давлатнинг фуқаролик-ҳуқуқий нормаларида (қонунларда) ўз ифодасини топади.
Шахслар ўртасида бўладиган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар қонун билан тартибга солинадиган нормал муносабатлар бўлганлиги туфайли улар ихтиёрий равишда амалга оширилиши лозим. Аммо баъзи ҳолларда ҳуқуқий муносабат юзасидан олинган мажбуриятлар ихтиёрий равишда амалга оширилмаганлиги туфайли давлат томонидан белгиланган мажбурий ижро чоралари қўлланилади.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатга хос баъзи хусусиятлар ҳам мавжуд. Жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатда қатнашувчи шахслар бу муносабатларда ўзларига хос мулкка, аниқроғи, муайян мулкий мустақилликка эга ҳолда қатнашадилар. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатда қатнашувчи шахслар бир-бирларига нисбатан тенг ҳуқуқли шахслар ҳисобланади. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатда қатнашувчи шахсларнинг ҳуқуқлари бузилган тақдирда, бу ҳуқуқлар, одатда, даъво қўзғатиш йўли билан судлар томонидан қўриқланади.1
Бошқа ҳуқуқий муносабатлар сингари фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар ҳам учта мустақил элементдан - ҳуқуқий муносабат субъектлари, объектлари ва мазмунидан иборатдир.
Бунда, фуқаролик-ҳуқуқий муносабат субъектлари бўлиб, ушбу ҳуқуқий муносабатда қатнашувчи шахслар – фуқаролар ва ташкилотлар (яъни, юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган корхоналар) ҳисобланади. Давлат ҳам фуқаролик ҳуқуқий муносабат субъекти бўлиши мумкин.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатда қатнашувчи шахслар фуқаролик ҳуқуқ лаёқатига, яъни фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларига эга бўлиш лаёқатига молик бўлишлари лозим.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатнинг мазмунини шу муносабатда қатнашувчи шахсларнинг субъектив ҳуқуқлари ва бурчлари ташкил этади.
Баъзи муаллифлар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатнинг мазмунини бундай муносабат қатнашчиларининг ўз субъектив ҳуқуқ ва мажбуриятларига мувофиқ амалга оширадиган ўзаро ҳаракатлари ташкил этади, субъектив ҳуқуқлар ва бурчлар эса ҳуқуқий муносабатнинг ҳуқуқий шаклидир деб ҳисоблайдилар.2
Субъектив ҳуқуқ дейилганда, муайян ҳуқуқий муносабатда қатнашувчи шахсга тегишли ҳуқуқ тушунилади. Субъектив ҳуқуқлар объектив ҳуқуқ нормалари, яъни, давлат томонидан белгиланган умумий қоидалар асосида вужудга келади ва уларга мувофиқ равишда амалга оширилади. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг ҳуқуқлари, одатда, объектив ҳуқуқ (давлат томонидан ўрнатиладиган ва белгилаб қўйиладиган ҳуқуқлар) нормаларидан келиб чиқади. Ушбу ҳуқуққа нисбатан “субъектив” сўзи қўлланилишининг асосий сабаби, фуқаролик-ҳуқуқий муносабат иштирокчисининг ушбу ҳуқуқнинг соҳиби бўлиш ҳамда уни амалга оширишдаги хоҳиш-иродасининг бирлашиши аҳамиятга эгалигидир. Чунки субъектив ҳуқуқ соҳиби ўзининг бу ҳуқуқларини ўз хоҳишига кўра амалга ошириши ёки умуман амалга оширмаслиги ёхуд ушбу ҳуқуқлардан воз кечиши мумкин.
Субъектив ҳуқуқлар ўз эгасига қонун билан йўл қўйилган доираларда ўз хоҳиши ва ихтиёри билан ҳаракат қилиш имкониятини беради. Бошқача қилиб айтганда, субъектив ҳуқуқ субъектга ўз эркини амалга ошириш ва ўз манфаатларини қондириш имкониятини берадиган муносабатларни вужудга келтиради. Субъектив ҳуқуқ иккинчи томондан, ҳуқуққа эга бўлган шахснинг бошқа шахслардан ўз ҳуқуқининг бузилмаслигини талаб қилиш имкониятини назарда тутади. Масалан, мулк эгасининг субъектив ҳуқуқи, бир томондан, ўз мулкини эгаллаш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш билан боғлиқ ҳуқуқларни назарда тутса, иккинчи томондан, у субъектив ҳуқуқ эгаси сифатида ўз ҳуқуқларининг бузилмаслигини ҳар кимдан талаб қила олади. Субъектив ҳуқуқлар ўз ҳаракатларига кўра мулкий ёхуд шахсий номулкий бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида субъектив ҳуқуқлар кафолатланган ҳуқуқлардир. Давлат бу ҳуқуқларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган моддий шароитларни яратади.
Ҳуқуқий муносабатларнинг мазмунини юқорида кўрсатилганидек, ҳуқуқлар билан бир қаторда мажбуриятлар ҳам ташкил этади. Мажбуриятнинг моҳияти шундаки, бунда ҳуқуқий тартибнинг талаби бўйича уни ўз зиммасига олган шахс маълум ҳаракатларни қилишга ёки ҳаракатларни қилишдан сақланишга мажбур бўлади.
Ҳар қандай мажбурият қарздор шахснинг, яъни, зиммасида мажбурият бўлган шахснинг эркини маълум даражада чеклайди, уни ҳуқуқ эгасининг манфаатлари билан боғлайди. Масалан, сотувчи сотилган мулкни ҳаридорга шартномага мувофиқ равишда топширишга мажбур. Яъни, бировдан ашё сотиб олган шахс бу ашёнинг ўзига топширилиши учун лозим бўлган барча ҳаракатлар қилинишини талаб этишга ҳақлидир, сотувчи эса-ашёни топшириш билан боғлиқ ҳаракатларни қилишга мажбур бўлади.
Шахсдан муайян ҳаракат қилишни талаб этадиган мажбуриятлар ижобий (позитив) мажбуриятлар, муайян ҳаракатларни қилишдан сақланишни талаб этадиганлари эса салбий (негатив) мажбуриятлар деб аталади.
Субъектив ҳуқуқлар ва мажбуриятлар ягона ҳуқуқий муносабатнинг элементи бўлиб, ўзаро боғлангандир. Бировда субъектив ҳуқуқнинг бўлиши, бошқа бировда, албатта, бу ҳуқуққа яраша мажбурият бўлишини билдиради ва, аксинча ҳар қандай мажбурият ўз қаршисида уни бажаришни талаб қилишга ҳақли шахснинг бўлишини билдиради. Жумладан, мулкдор ўзига қарашли мулкдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлгани учун у бошқа фуқаролардан бу ҳуқуқдан фойдаланишда тўсқинлик қилмаслигини талаб қила олади. Қарздор маълум бир ҳаракатни бажаришга мажбур бўлса, кредитор бу ҳаракатнинг бажарилишини талаб қилишга ҳақлидир.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатнинг объекти деб, фуқаролик ҳуқуқий муносабатда қатнашувчи шахсларнинг субъектив ҳуқуқлари ва мажбуриятлари нимага қаратилган бўлса, шунга айтилади. Булар - ашёлар, мол-мулклар, пуллар ва қимматли қоғозлар, ишлар ва хизматлар, интеллектуал фаолият натижалари, шахсий номулкий ҳуқуқлардир.
Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг объектлари сифатида кўрилган ашёлар фуқаролик ҳуқуқида муҳим аҳамиятга эга.
Ишлар ва хизматлар фуқаролар ҳамда юридик шахсларга кўрсатиладиган ҳуқуқий муносабатларнинг объектлари бўлиб ҳисобланади.
Масалан, олди-сотди шартномаси бўйича сотувчи ашёни топширишга қаратилган ҳаракатни қилади, пудрат шартномаси бўйича, кийим тикиш ательеси мижознинг буюртмаси бўйича кийим тикишга қаратилган ҳаракатни қилишга ва ўзи бажарган иш натижасини топширишга мажбурдир.
Интеллектуал фаолият натижалари, Жумладан, фан ёки санъат асарлари, ихтиролар, саноат намуналари, муаллифлик ҳамда саноат мулки ҳуқуқи нормаси билан тартибга солинадиган ва қўриқланадиган ҳуқуқий муносабатларнинг объекти бўлади.
Мулкий ҳарактерда бўлмаган шахсий ҳуқуқлар ФКнинг 100-моддасида кўрсатилган бўлиб, улар шахснинг номи, шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўси ва бошқа шахсларнинг мулкий ҳарактерда бўлмаган манфаатларини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий муносабатларнинг объекти сифатида кўрилади. Амалдаги фуқаролик-ҳуқуқий ҳарактердаги қонунларимизда фуқаролик-ҳуқуқий муносабат объектларини ташкил этадиган мулкий ва шахсий-номулкий ҳуқуқлар доираси бирмунча кенгайтирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |