ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ
ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ
ИЖТИМОИЙ ФАНЛАР ФАКУЛЬТЕТИ
“Демократик давлат қуриш назарияси ва амалиёти”
кафедраси
ФУҚАРОЛИК ҳуқуқи
ФАНИДАН
5111600-Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими
йўналиши сиртқи бўлим талабалари учун
МАЪРУЗАЛАР МАТНИ
Тошкент - 2017
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг № - сонли буйруғи билан тасдиқланган фан дастури асосида ишлаб чиқилган.
Тузувчи:
ю.ф.н., доцент В.Р.Топилдиев
Тақризчилар:
ю.ф.д., профессор Р.Рўзиев
ю.ф.н., доцент Л.Бурханова
Ўқув - услубий мажмуа Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўқув-услубий Кенгашида қўриб чиқилган 2017 йил 28 сентябрдаги №2 - сонли баёни.
I-Боб. ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚИНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ
1-§. Фуқаролик ҳуқуқи тушунчаси ва предмети
Фуқаролик хуқуқи Ўзбекистон Республикаси хуқуқ тизимининг асосий сохаларидан бири бўлиб, мамлакатимизда иқтисодий муносабатларни такомиллаштириш, босқичма-босқич бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш даврида фуқаролар ва бошқа субьектларнинг моддий ва маънавий эхтиёжларини тоборо тўлароқ қондириш мақсадида мулкий муносабатларни тартибга солиш ва мустахкамлашга қаратилган хуқуқий нормалар йиғиндисидан иборатдир.
Фуқаролик хуқуқи билан тартибга солинадиган муносабатлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 2-моддасида белгилаб қўйилган. Бунга асосан фуқаролик ҳуқуқи фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг хуқуқий ҳолатини, мулк хуқуқи ва бошқа ашёвий хуқуқларнинг, интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиш асосларини ҳамда уларни амалга ошириш тартибини белгилайди, шартнома мажбуриятлари ва ўзга мажбуриятларни, шунингдек, бошқа мулкий ҳамда у билан боғлиқ шахсий номулкий муносабатларни тартибга солади.
Фуқаролик ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинадиган муносабатлар ўзининг моҳияти ва табиати билан бошқа ҳуқуқ сохалари нормалари билан тартибга солинадиган муносабатларган муносабатлардан фарқ қилади. Ушбу муносабатлар иқтисодий ва юридик жихатидан мустақил, бир-бирига бўйсунмаган тарафлар ўртасида вужудга келади, улар қиймати белгиланадиган, товар пул шаклига эга бўлган ва шу туфайли эквивалент, ҳақ эвази асосида вужудга келадиган муносабатлардан иборат.
Фуқаролик ҳуқуқи асосан муайян эквивалент баробарига белгиланадиган қиймат баҳо билан ифодаланадиган ва иштирокчилари тенг даражада кўриладиган мулкий муносабатларни тартибга солади.
Фуқаролик ҳуқуқи иқтисодий муносабатларни махсус юридик шаклда мулкий-ҳуқуқий муносабатлар шаклида расмийлаштиради ва мустаҳкамлайди.
Фуқаролик ҳуқуқида мулкий муносабатлар ишлаб чиқариш муносабатларининг ҳуқуқий шакли, юридик ифодаси сифатида кўрилади. Шу нуқтаи назардан мулкий муносабатлар шахслар ўртасидаги, уларнинг эрклари билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни билдиради.
Фуқаролик ҳуқуқи томонидан тартибга солинадиган мулкий муносабатлар доираси ниҳоятда кенг. Булар жумласига олди-сотди, ҳар хил буюртмалар қабул қилиш, турар жойларни ижарага олиш ва бериш, корхоналар, ташкилотларнинг бир-бирига маҳсулотлар етказиб бериш, қурилиш ишларини амалга ошириш, транспорт корхоналари орқали юк ва йўловчи ташиш, етказилган зарарни тўлатиш, қонун ва васият бўйича мерос олиш, умуман ҳар қандай шаклдаги мулкни эгаллаш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш билан боғлиқ бўлган муносабатлардан иборатдир.
Фуқаролик ҳуқуқи томонидан тартибга солинадиган мулкий ҳарактерда бўлмаган шахсий ҳуқуқий муносабатлар икки турга:
мулкий муносабатлар билан боғлиқ бўлган шахсий муносабатлар;
мулкий муносабатлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий муносабатларга бўлинади.
Фуқаролик ҳуқуқи ҳуқуқнинг бошқа соҳалари каби ўзи тартибга солинадиган, ҳуқуқий муносабатларга, уларнинг иштирокчилари ҳатти-ҳаракатларига таъсир кўрсатишда махсус воситалар ва усуллар йиғиндисидан фойдаланади.
Қўриқлаш вазифасини бажарувчи ҳуқуқ соҳалари (жиноят ҳуқуқи, маъмурий ҳуқуқ ва хоказо)дан фарқли равишда, фуқаролик ҳуқуқи, энг аввало, нормал ҳуқуқий муносабатларга таъсир кўрсатади.
Унинг тартибга солиш услубидаги ўзига хос хусусиятлар:
фуқаролик ҳуқуқи муносабатларда иштирок этувчиларнинг тенг ҳуқуққа эга бўлишлари, уларга имкон борича эркинлик, мустақиллик ва ташаббускорлик берилишида;
фуқаролик ҳуқуқида императив меъёрлардан кўра диспозитив меъёрларнинг қўлланилишида;
фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жавобгарликнинг мулкий ҳарактерида бўлишлигида;
бузилган ҳуқуқларнинг суд орқали даъво билдириши тартибида ҳимоя қилинишида;
бузилган фуқаролик ҳуқуқини ҳимоя қилишда уни тан олиш, тиклаш, ҳуқуқни бузадиган ҳаракатларга чек қўйиш, етказилган зарарларни ундириб олиш ва шу каби чоралар қўлланишида намоён бўлади.
Фуқаролик ҳуқуқи билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар фуқаролик хуқуқи фанининг предметини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |