II-Боб. ФУҚАРОЛИК-ҲУҚУҚИЙ ТИЗИМЛАР
1-§. Фуқаролик - ҳуқуқий тизимлар тушунчаси
Фуқаролик - ҳуқуқий тизимлар ўз мохиятига кўра бир неча давлатларнинг бирлашмаси томонидан асосий қонуниятларни амалга ошириш ва ижтимоий муносабатларни фуқаролик ҳуқуқий тартибга солишни назарда тутади. Ҳозирги кунда бирор бир мамлакат ёки давлат фуқаролик ҳуқуқисиз ижтимоий муносабатларни самарали тартибга сола олмайди.
Бугунги кунда дунёда амал қилувчи учта асосий ҳуқуқ тизими мавжуд бўлиб улар қуйидагилардан иборат:
қитъа ҳуқуқ тизими;
умумий ҳуқуқ тизими;
мусулмон ҳуқуқи тизими.
Ҳар қандай тизим каби фуқаролик-ҳуқуқий тизимлар ҳам муайян таркибий қисмлардан иборат. Фуқаролик-ҳуқуқий тизимни таркибий қисмларига ҳуқуқ манбалари, фуқаролик ҳуқуқининг ички тузилиши, нормаларнинг қисмлари, бўлимлар, боблар, сохалар, институтлар, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ҳуқуқ ва унинг амалиётига нисбатан доктриналар киради.
Юқоридаги таркибий қисмлар қитъа (роман-герман), умумий (англо-америка) ва мусулмон ҳуқуқ тизимларида яққол намоён бўлса, патриархал ҳуқуқ тизимида заиф тарзда акс этади. Қитъа ҳуқуқ тизими асосан Европа мамлакатларини (Буюк Британиядан ташқари) қамраб олган, шунинг учун ҳам у қитъа ҳуқуқ тизими номини олган. Бундан ташқари бу тизимга Лотин Америкасининг кўпгина давлатлари, Корея, Хитой ва бошқа мамлакатлар киради.
Умумий ҳуқуқ тизими АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия, Ҳиндистон, Янги Зеландия ва бошқа мамлакатларда қўлланилади.
Мусулмон ҳуқуқ тизими Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари Эрон, Саудия Арабистони, Ливия, Малайзия, Иордания, Афғонистон ва бошқа давлатларда қўлланилади.
Тропик Африка мамлакатларида, Арабистон ярим оролининг шарқий қисмидаги кўчманчи қабилаларида, Жанубий Шарқий Осиёнинг миллий озчилигини ташкил этувчи халқларида патриархал ҳаёт тарзи сабабли патриархал ҳуқуқ тизими қўлланилади.
МДҲ мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ тизими қитъа ҳуқуқ тизимига мансубдир.
Ҳозирги кунда барча фуқаролик ҳуқуқи тизимлари ўртасида ўзаро яқинлашув, бир-биридан андоза олиш, имплантация жараёни кечмоқда. Бу жараён асосан, иқтисодий, илмий-ижодий, маданий соҳалардаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи нормаларда яққол намоён бўлмоқда. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг айрим соҳалари бўйича халқаро Конвенция, давлатлараро битимлар, Бутунжаҳон Савдо Ташкилоти, Европа иқтисодий ҳамжамияти, Бутунжаҳон Интеллектуал мулк Ташкилоти, Халқаро тадбиркорлик Палатаси ва бошқа қатор умумжаҳон, минтақавий ва давлатлараро тузилмаларнинг фаолияти бу соҳада ўзига хос туртки бермоқда, уни мақсадга мувофиқ тарзда йўналтирмоқда.
Биз қуйида қитъа, умумий ва мусулмон фуқаролик - ҳуқуқий тизимлари хусусида тўхталамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |