2. Халқаро Олимпия қўмитасининг ташкил этилиши,
унинг конгресслари
Қадимги олимпия ўйинларини ўтказилишини тўхтатишдан кейин (394 й) давр роппа-роса бир ярим минг йилдан ошиқ вақтни ташкил этмоқда. 1894 йил Халқаро Олимпия қўмитасининг ташкил этилиши ва 1896 йил I-Олимпия ўйинларининг ўтказилиши билан спорт оламининг янги тарихий даври бошланади. Бу икки катта соҳанинг ташкил этилиши француз жамоат арбоби, педагог ва маърифатчи барон Пьер де Кубертен (1863-1937) фаолияти билан чамбар-час боғлиқдир.
У зодагон (арестократ) оиласида туғилиб ва тарбия олади. Унинг дунёқарашлари демократияга ишонч, спортдаги ирқ, миллатчилик ва камситишларга қарши эди. Бир қанча йиллар Француз спорти уюшмасида котиб бўлиб хизмат қилган. Жисмоний тарбия ва спорт бўйича қатор китобларнинг муаллифидир. V-Олимпия ўйинларига (1912) бағишлаб ўтказилган санъат танловида (конкурс) “Спортга ода” поэмаси учун олтин медал соҳиби бўлган эди. Кубертеннинг халқаро олимпия ҳаракатида қилган меҳнат фаолиятларини ҳеч бир қиммат нарсага алмаштириб бўлмас даражада бебаҳодир.
Биринчи халқаро атлетик конгресс 23 июн 1894 йил Париждаги Сарбонн университетида ўтказилади. Кейинчалик бу тадбир I-Олимпия Конгресси деб аталади.
Конгрессда 12 мамлакат вакиллари иштирок этади. 21 мамлакат эса ёзма равишда ўз хоҳишларини розилик билдиради. Катта мамлакат ҳисобланган Германия бундан бош тортади. Чунки, Мамлакат Текасидаги ҳарбийлар олимпия ўйинлари ғояларига қарши эдилар.
Конгрессда асосан тшртда масала муҳокама этилади, яъни:
Ҳаваскорлик ва профессионал спорт ҳақида.
Олимпия ўйинларини қайта тиклаш тўғрисида.
Ўйинларнинг дастури ва уни ўтказиш тартиблари ҳақида.
Халқаро олимпия қўмитасининг таркиби ҳақида.
Конгрессда Халқаро олимпия қўмитаси тузилганлиги ҳақида қарор қабул қилинди. Унинг таркибига Греция, Франция, Россия, Англия, АҚШ, Швеция, Венгрия, Чехия, Италия, Бельгия, Аргентина, Янги Зеландия вакиллари киритилди. Олимпия қўмитасининг биринчи президенти этиб грек Деметриус Викелас (1894-1896 йиллар) сайланди. Кейинчалик унинг ўрнини Пьер де Кубертен эгаллади ва то 1925 йилгача ХОҚ президенти бўлиб фаолият кўрсатди. Сўнгги 12 йил давомида у ХОҚ фахрий президенти деб ҳисобланди.
Конгрессда Олимпия Хартияси (Устав) тасдиқланди. Унда ХОҚнинг мақсад ва вазифалари, ўйин қоидалари ва улар билан боғлиқ асосий масалалар ифода этилган эди.
I-Конгресс Халқаро Олимпия ҳаракатида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унинг моҳияти кейинги олимпия ҳаракатини ривожлантиришда асосий ўринда туради. Конгресс кун тартибидаги барча масалаларни кўриб чиқиб, асосий томонларни тасдиқлади.
Олимпия Конгрессида I-Олимпия ўйинини Афинада ўтказишга қарор қабул қилинган эди. чунки антик Олимпия ўйинлари Ватани Греция бўлганлиги ва Д.Викеласнинг ХОҚ президенти қилиб сайланиши бунинг асосий сабаби эди.
1896 йил 6 апрелда Афинада I-Олимпия ўйини очилади. Ўйинларга 14 мамлакатдан 245 нафар спортчи келишди. Улар Австралия, Австрия, Болгария, Буюкбритания, Венгрия, Германия, Греция, Дания, Италия, АҚШ, Франция, Чили, Швейцария, Швеция мамлакатларининг вакиллари эди. Ўйинлар дастурида 9 тур: енгил атлетика, гимнастика, сузиш, юк (тош) кўтариш, кураш, ўқ отиш, қиличбозлик, велосипед пойгаси ва теннис бўйича курашлар олиб борилди.
Енгил атлетика турида АҚШ спортчилари 9 та (12 тадан) юқори натижаларни қўлга киритди. Уч ҳатлаб сакраш Д.Конноли биринчи олимпия чемпиони бўлди. Гимнастика турида Германия спортчилари ғолиб бўлди. К.Шуман таяниб сакрашда энг яхши натижага эришди. Велопойгада француз П.Массон ғолиб келди.
Теннисда инглиз Д.Боланд, сузишда-Венгр А.Хайош устунлик қилишди. Отиш ва қиличбозликда очколар тўплашда греклар анча фаолият кўрсатиб, ғолиб бўлишди.
Греклар умумий очколар бўйича биринчиликни эгаллади. Америкалик Р.Гаррет диск улоқтиришда ва ядро ирғитишда ғолиб бўлди. Шунингдек у узунликка сакрашда-иккинчи ва баландликка сакрашда учинчи ўринни эгаллаб, барчанинг эътиборига сазовор бўлди. Қизиқарли томони шундаки Гаррет ўйинларга тасодифан тушиб қолган. Чунки у Грецияда ўз татилини ўтказиб юрганда Олимпия ўйинлари ҳақидаги хабарни эшитади ва жамоага ўз рўйхатини киритади. У умрида диск улоқтирмаган, фақат ўйиндан 3 кун олдин у машқ қилиб ўрганган. Унинг табиий қобилияти ва спортдаги фаолиятлари олимпия чемпиони бўлишига сабаб бўлган.
70 минг томошабин сиғадиган стадиондагиларнинг эътиборини грек деҳқони Спирос Адис жалб этади. У марафонга югуришда ғолиб келган. (Марафон шаҳридан Афинагача бўлган масофа 42 км. атрофида).
Афинадаги Олимпия ўйинлари мақсаддагидек бўлиб ўтди. Кубертеннинг бошлаган ҳаракати тўла амалга ошди. Бу ХХ асрнинг энг диққатга сазовор тадбирларидан бирига айланди ва Олимпия ўйинларининг ҳар тўрт йилда ўтказиб борилишига асос солди.
Хулоса қилиб айтганда, Халқаро спорт уюшмаларининг ташкил этилиши ва Халқаро спорт мусобақаларининг ўтказилиши қадимги грек олимпия ўйинларини қайта тиклашга сабаб бўлди. Бу йўлда Европа мамлакатларининг ҳиссаси ғоят каттадир.
Халқаро Олимпия ўйинларини ташкил қилишдаги ҳаракатларда француз адиби Пьер де Кубертеннинг тинимсиз ва машаққатли меҳнатлари ҳамда грек халқининг ўз анъаналарига содиқ бўлиши тарихда ўчмас из қолдирди.
I-Олимпия ўйинлари фақат иштирок этган давлатларнинггина эмас, балки жаҳондаги жуда кўп мамлакатларнинг спортчилари, ёшлари ва мутахассисларини дадил қадамлар билан Олимпия ҳаракатини ривожлантиришга отлантирди.
Do'stlaringiz bilan baham: |