Спорт ўйинлари иштирокчиларига “Универсиада-2002”
Азиз ўғил-қизларим!
Сизларнинг барчангизни қадимий Бухоро шаҳрида бунёд этилган мана шу замонавий ва муҳташам спорт мажмуида Ўзбекистон талаба ёшларининг “Универсиада-2002” мусобақаларининг тантанали очилиши муносабати билан чин қалбимдан табриклаш менга алоҳида мамнуният бахш этади.
Мамлакатимизда иккинчи бор ўтказилаётган универсиада наинки унинг қатнашчилари, балки бутун халқимиз, авваламбор, ёшларимиз ҳаётида ёрқин из қолдирадиган муҳим бир воқеадир.
Бугунги кунда Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги, фаровон ҳаётга эришиш, халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашдек эзгу мақсадларга етиш йўлида бизнинг таянчимиз ва суянчимиз бўлмиш ёшларимизга беқиёс орзу-умидлар билан қараймиз.
Биз учун давлат сиёсати даражасига кўтарилган устувор вазифа-нафақат маънавий етук, зукко ва билимдон, шу билан бирга, спорт ва кураш майдонларида тобланган, қийинчиликларни енгишга қодир, ирода ва эътиқоди бақувват, беллашувларда чиниққан мард фарзандларни тарбиялаш-бу бир-бирини тўлдирадиган, бир-биридан ажралмас ягона мақсад бўлиши даркор.
Жисмоний тарбия ва спорт юртимизнинг ҳар қайси шаҳар ва қишлоғига, ҳар бир хонадонга кириб боришига эришиш, шу асосда ҳаётимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бизнинг олижаноб орзу-интилишларимиз узвий бир қисмига айланиши зарур.
Шу маънода “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” спорт ўйинларини ўз ичига олган уч босқичдан иборат яхлит тизимнинг амалга оширилиши ана шу йўлда қилаётган салмоқли ишларимизнинг яққол намоёни, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.
Бу тизимнинг юқори босқичи бўлган универсиада, таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон ёшларининг ўзига хос спорт олимпиадасидир.
Мана шу унутилмас дақиқаларда сиз-бутун борлиғидан куч-ғайрат ёғилиб турган соғлом ва навқирон ёшларимизнинг очиқ чеҳрангизга боқиб, ушбу муаззам, замонавий стадионда сизларнинг минг-минглаб тенгдошларингизни, сизларга катта ҳавас ва умид билан қараётган барча ўғил-қизларимизни кўргандек бўламан ва бундан кўпчилик қатори менинг ҳам юрагим қувонч ва ғурурга тўлишини изҳор этмоқчиман.
Эртанги умидимиз, ифтихоримиз бўлган сиз каби ёшларни вояга етказган ота-оналарингизга, ҳаётга йўлланма бераётган устоз-мураббийларингизга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ва сизларга қарата яна шуни айтмоқчиманки, бугун ҳаётга қадам қўяр экансиз, белни қаттиқ боғлаб, кураш майдонига чиқаётган экансиз, олдингизга қўйилган марраларингиз доимо баланд ва юксак бўлсин, иродангиз бақувват, ишончингиз мустаҳкам бўлсин.
Шуни унутмангки, сизларнинг ортингизда ҳар қарич тупроғи мўътабар Ватанингиз, бағрикенг, матонат ва қудрат соҳиби бўлмиш халқингиз бор.
Азиз фарзандларим!
Ёшлик, гўзаллик ва спорт байрами-универсиада мусобақалари юксак сафарбарлик, соғлом рақобат, ҳалол курашчанлик руҳида ўтади, деб ишонаман.
Умид қиламанки, бу мусобақалар келажакда ўзбек спортчиларининг жаҳон олимпиадаси шохсупаларига кўтарилиши учун бамисоли зинапоя бўлиб хизмат қилади.
Сиз, универсиада қатнашчиларига баланд руҳ, азму-шижоат, қатъиятлик, шу билан бирга, бағрикенглик ва мардлик, ҳақиқий спортчиларга хос хусусият ва фазилатлар доимо ёр бўлишини истаб қоламан.
Сизларга сихат-саломатлик, ҳаётдан кутаётган барча эзгу орзу-ниятларингиз рўёбга чиқишини тилайман.
Универсиада якунлари ҳақида баъзи бир эътиборли далилларни келтирилди. Умумжамоалар бўйича эгалланган ўринлар қуйидагича:
Тошкент шаҳри -248 очко
Бухоро вилояти -203 очко
Наманган вилояти -172 очко
Фарғона вилояти -161 очко
Тошкент шаҳри-2 -155 очко
Самарқанд вилояти -148 очко
Андижон вилояти -144 очко
Хоразм вилояти -130 очко
Тошкент шаҳри-3 -105 очко
Тошкент вилояти -101.5 очко
Қорақалпоғистон -98 очко
Қашқадарё вилояти -91 очко
Сурхондарё вилояти -91 очко
Навоий вилояти -88 очко
Жиззах вилояти -88 очко
Сирдарё вилояти -27 очко
Эслатма: Тошкент шаҳар 1-жамоаси футболда 2-ўринни эгаллаб, қолган барча турларда 1-ўринни эгаллади. Бухоро футболчилари универсиада чемпиони бўлишди. Андижонлик қизлар волейбол жамоаси ҳам универсиада ғолиби бўлишди.
Эътироф этиш лозимки, талабаларнинг универсиадаларига тайёргарлик жараёнларида асосий фаолиятни “Талаба” спорт клуби кенгаши аъзолари ва раҳбарлари ҳамда уларда бевосита мураббийлик вазифасини бошқарувчилар, жисмоний тарбия кафедраларининг ўқитувчилари катта хизмат қилишмоқда.
Шунингдек, “Баркамол авлод”, “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларини ўтказиш, терма жамоаларни туман-шаҳар, вилоят ва республика мусобақаларида қатнаштиришда жисмоний тарбия ўқитувчилари, спорт турлари бўйича мураббийларнинг фаолияти асосий ўринда турмоқда.
Республика вилоятларининг жуда кўпчилик мактабларида жонкуярлик билан узоқ йиллар жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаган ва ҳукуматимизнинг турли хил орден ва медаллари билан мукофотланганлар оз эмас. Улар орасида Жиззах туманидаги 47-сон ўрта мактаб жисмоний тарбия ўқитувчиси Оқил Умаровнинг ўрни ғоят каттадир. О.Умаров 1934 йил 1 май куни Жиззахда таваллуд топган. Урушдан кейинги йилларда илк ташкил қилинган ўйинлар, мусобақаларда фаол иштирок этган 1949 йил Ҳ.Олимжон номидаги Жиззах педагогика билим юртига ўқишга кириб, уни 1954 йил тамомлайди ва Сурхондарёнинг Шўрчи туманида 3 йил ишлаб, кейин Жиззахга қайтиб келади. Аввало туман газетасида ходим бўлиб ишлаган. 1957-1958 йилларда тумандаги “Москва” жамоа хўжалиги ва эски шаҳар ёшларидан иборат “Пахтакор” футбол жамоасини тузган. Унинг хизматлари ҳукумат мукофотлари, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, меҳнаткашлар, қишлоқ ёшлари ва аҳоли истиқомат жойларида ҳам замонавий спорт турлари ва халқ миллий ўйинлари бўйича турли-туман спорт мусобақалари ташкил этилмоқда. “Наврўз”, “Мустақиллик куни”, “Ҳосил байрами” ва турли улуғ саналарга бағишлаб ўтказилаётган анъанавий байрамлар, маданий тадбирларда кураш бокс билан кучини синаш, тош (гир кўтариш) шарқона якка курашлар ва бошқа халқ миллий ўйинлари, айниқса кўпкари, улоқ, пойга, дорбоз каби томошабоп ўйинлар ҳам намойиш этилмоқда. Уларнинг асосий мақсади жисмоний тарбия ва спортни тарғибот қилиш йўли билан аҳолининг саломатлигини яхшилаш, ўқувчи-ёшларнинг маънавий ва жисмоний баркамоллигини оширишга қаратилгандир. Бу эса соғлом авлод давлат дастурининг бош мезонидир.
Эътироф этиш лозимки, аҳоли ўртасида ЖТ ва Сни кенг ёйиш, ўқувчи-ёшларнинг жисмоний жиҳатдан баркамол бўлиб ўсиши, иқтидорли спортчиларнинг маҳоратларини ошириш йўлида Халқ таълими ва олий таълим вазирликлари, Республика Давлат спорт қўмитаси, “Динамо”, “Ёшлик”, “Талаба”, Касаба уюшмалари спорт жамияти “Ўзбекистон”, “Ватанпарвар” спорт уюшмалари ҳамда “Камолот”, “Экосан”, “Маҳалла”, “Наврўз”, “Соғлом авлод учун”, “Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси” каби ўнлаб жамғарма уюшмалари, хомийлар катта хизмат қилмоқда.
Тадбирларни уюштириш ва мақсадли ўтказишда спорт турлари бўйича ҳамда вилоятлардаги спорт федерациялари, ҳакамлар кенгашлари, спорт клублар, жисмоний маданият жамоалари кенгашлари, улардаги мутахассис ва жамоатчи кадрларнинг хизматлари ғоят каттадир.
Республика мустақиллигининг истиқболлари барча соҳалар каби жисмоний маданият ҳаракатининг барча томонлари ва тизимларида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассис кадрлар тайёрлаш, уларнинг иш малакаларини давр талаблари асосида юритишни талаб этмоқда.
Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш миллий дастури (1997 йил) ва унинг тармоқлар ҳамда соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш фаолиятида жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг ҳам ўзига яраша хусусиятлари ва моҳиятлари мавжуд.
Амалдаги Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институти (ЎзДЖТИ) вилоятлардаги олий ўқув юртларининг 16 та жисмоний тарбия факультетлари, педагогика касб-ҳунар коллежларидаги жисмоний тарбия бўлимлари, ҳар бир вилоят марказида янгидан (1999-2001 йиллар) ташкил этилган Олимпия ўринбосарлари коллежлари Олий ва ўрта маълумотли жисмоний тарбия мутахассисларини тайёрламоқда. Шунингдек, А.Авлоний номидаги Республика ўқитувчилар малакасини ошириш марказий институтининг жисмоний тарбия кафедралари, ЎзДЖТИ қошидаги малака ошириш факультети, Республика Давлат спорт қўмитаси ҳамда Республика касаба уюшмалари Марказий кенгаши қошидаги малака ошириш ва қайта тайёрлаш курс-семинарлари жисмоний маданият ҳаракати тизимидаги барча мутахассис ходимларнинг малакаларини такомиллаштиришда катта фаолият кўрсатмоқда.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги йўналишларида қуйидаги соҳалар бўйича мутахассислар фаолият кўрсатмоқда, яъни:
1. Умумтаълим мактаблар, касб-ҳунар коллежлари, лицейлар ва олий ўқув юртларида жисмоний тарбия ўқитувчилари.
2. Барча турдаги ва босқичдаги спорт мактаблар, спорт турлари бўйича терма жамоаларда (шаҳар-туман, вилоят ва республика миқёсида) мураббийлар.
3. Спорт қўмиталари ва спорт жамиятларидаги (туман-шаҳар, вилоят ва Республика бўйича) раҳбар ҳамда масъул ходимлар.
4. Ишлаб чиқариш корхоналари, аҳоли истиқомат жойлари, хўжаликлар ва ўқув юртларидаги спорт клубларнинг раҳбарлари, мураббий-йўриқчилари ва ҳ.к.
Соғлом авлод Давлат дастури, кадрлар тайёрлаш миллий дастури, оналик ва болаликни муҳофаза қилишдаги расмий кўрсатмалар, қарорлар асосида тарбия ва тиббий муассасаларда жисмоний тарбия бўйича йўриқчи (методист) маҳаллаларда жисмоний тарбия ва халқ миллий ўйинларини уюштирувчи ташкилотчилар, хотин-қизлар билан бевосита шуғулланувчи жисмоний тарбия мутахассисларига эҳтиёж кучаймоқда. Яъни бу соҳалар бўйича вилотлардаги жисмоний тарбия факультетлари, бўлимлари, Олимпия ўринбосарлари касб-ҳунар коллежларида махсус кадрлар тайёрлашни йўлга солиш лозимдир. Шу билан бирга бўлажак жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт турлари бўйича мураббийлар ҳам оммавий соғломлаштирувчи жисмоний тарбия-спорт, халқ миллий ўйинлари ва саёҳатлар бўйича зарур назарий билим ҳамда амалий малакалар ҳосил қилишни янада чуқурлаштиришлари лозим бўлади.
Маълумки мутахассис кадрлар ҳисобидан ва спорт ихлосмандларидан спорт турлари бўйича ҳакамлар, жамоатчи мураббий-йўриқчилар тайёрлашни давр тақазо этади. Шу сабабдан шаҳар-туман спорт ташкилотлари қуйи жамоаларда жамоатчи фаолларни кўпайтиришлари, уларнинг амалий фаолиятларига яқиндан ёрдам беришлари, меҳнатларига яраёша ўз вақтида рағбатлантириш, тақдирлаш ишларини яхши йўлга қўйишлари зарурдир.
Ўрни келганда айтиш зарурки, мутахассис кадрлар тайёрлашда ЎзДЖТИ (ректорлар А.Қ.Ҳамроқулов 1986-2000, Р.Қ.Қудратов 2001-2005, Ж.А.Акромов-2006 йилдан бошлаб) катта фаолият юритмоқда. 20 дан ортиқ кафедраларда 10 дан ортиқ фан докторлари, профессорлар, 100 га яқин фан номзодлари ва доцентлар, ўнлаб хизмат кўрсатган спорт мураббийлари, Республикада таниқлидир. Улардан Р.Д.Холмухамедов (бокс), А.Расулов, Г.Г.Арзуманов (енгил атлетика), Г.Б. Абдурасулова (қиличбозлик), Ж.А.Акромов (қўл тўпи), Ш.Исроилов (жисмоний тарбия назарияси), О.Р.Тўймуродов (спорт кураши), У.Р.Ниёзбеков (гимнастика) ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Эслатиш зарурки, ЎзДЖТИ 1955 йилда ташкил топди. Ўтган даврда 20 мингдан ортиқ олий маълумотли ва юқори маҳоратли кадрларни тайёрлади. Улар орасида Осиё, Европа ва жаҳон чемпионлари, Олимпия ўйинлари ғолиблари, истедодли олимлар, спорт ташкилотларининг раҳбарлари етишиб чиқди.
Кадрлар тайёрлашда Фарғона, Самарқанд, Бухоро давлат университетлари, Тошкент давлат педагогика университети, Жиззах, Қўқон, Ангрен давлат педагогика институтларининг жисмоний тарбия факультетлари катта тажрибаларга эришди. Уларнинг намунавий фаолиятлари барча вилоятлардаги жисмоний тарбия факультетларида кенг қўлланилмоқда.
“Алпомиш” ва “Барчиной” махсус тестлари жисмоний камолот манбаъи
Ўтган бобларда собиқ Иттифоқ даврида “Меҳнат ва мудофаага тайёр” (ММТ-ГТО) жисмоний маданият мажмуи ва унинг тарбиявий жиҳатлари ҳақида маълумотлар берилди. Таъкидланганидек, бу мажмуанинг (комплекс) турлари, талаб меъёрлари яқин ўтмишимизгача қўлланилиб келинди.
Мустақилликнинг ғояси ва миллий хусусиятларимиз ёшларни меҳнат, касб-ҳунар ва Ватан мудофаасига тайёрлашнинг изчил тизимга эга бўлган омиллар, усулларни ишлаб чиқиш, уларни амалда синаб кўриш ҳамда энг илғор ва яхши тажрибаларни ҳаётга сингдиришни талаб этади. Бу асосан ЎзРВМнинг “Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор, соғлом авлод Давлат дастури ва бошқа бир қатор расмий ҳужжатларда талқин қилинган.
“Алпомиш” ва “Барчиной” махсус тестлари мазмуни ва меъёрий талаблари собиқ ММТ (ГТО) мажмуасининг давоми ҳисоблансада, унда миллий рамзлар ва ифтихоримизни акс эттирувчи хусусиятлар мужассамлаштирилди.
Ўзбекистоннинг буюк келажагини яхши тасаввур қилган, аҳолининг барча табақаларида саломатликни яхшилаш, ўқувчи-ёшларнинг жисмоний баркамоллигини таъминловчи жисмоний машқларнинг афзалликларини илмий-назарий ва амалий жиҳатдан тўла тасаввур этган бир қатор мутахассис олимлар, ўқитувчилар ва йўриқчилар “Алпомиш” ва “Барчиной” махсус тестлари мажмуини ишлаб чиқишди 1999 ва 2000 йил 1 мартдан бошлаб уни амалга оширишга мутасадди давлат ва жамоат идоралари махсус қарор қабул қилди.
Махсус тестларнинг турлари ва талаб меъёрлари собиқ ММТ (ГТО)нинг таркибий тузилишидан фарқи кам дейиш мумкин. Фақат бунда 6 ёшдан 60 ёшгача бўлган болалар, ёшлар ва катта ёшдаги кишилар ёши, жинси ва жисмоний жиҳатдан ўсиш тамойилларига (анатомия, физиология) қараб жуда кўп гуруҳларга майдалаб юборганлар. Бу бир жиҳатдан мантиқий тўғри деб ҳисобланса, иккинчи томондан эса уларни амалда бажариш, расмийлаштириш, фаолиятларда ортиқча меҳнат, вақт талаб этилади.
Махсус тестлар асосан учта босқичга, яъни: I-босқич-6-17 ёш, II-босқич-18-34 ёш ва III-босқич-35-60 ёшга мўлжалланган. Уларнинг турлари ва талаб меъёрлари махсус қўлланмаларда ифода этилганлиги учун бу ерда уларга батафсил тўхталишга ҳожат йўқ ҳисобланади. Лекин баъзи бир томонларини ҳисобга олиш, қайта ишлов ва нашр ишларида уларни эътиборга олишга тўғри келади. Яъни:
1. “Алпомиш” ва “Барчиной” рамзий ном бўлсада, “Алпомиш” достонида тасвир этилган кураш, отда пойга халқ орасида кенг қўлланилиб келинмоқда. Деярлик барча кишилар бундай турлар билан шуғулланиш, белгиланган талаблар ва меъёрларни қизиқиб бажаришларига шубҳа йўқ. Қишлоқ шароитларида отда пойга ва бошқа от ўйинларини бажариш имкониятлари ёмон эмас. Кураш эса барча жойда бирдек ташкил қилинмоқда. Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, махсус тестлар таркибига бу икки турни киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.
2. Калибрли ва ёки пневматик милтиқлардан ўқ отишни “Камондан ўқ отиш” деб ҳис қилинадиган (“Алпомишнинг бир ўйини”), унга яраша шароитларни яратиш лозим бўлади. Лекин иқтисодий, моддий жиҳатларни ҳисобга олинса, ўқ отиш тирлари ва қуроллари жуда қимматга тушади. Унинг ўрнига оддий тол ва бошқа дарахтларнинг новда шоҳларидан (дарахтларни янада кўпайтириш эвазига, бу катта муаммо эмас) оддий ёй (камон) ясаб, мусобақалар ташкил этиш қулай ва арзонга тушади.
3. Саёҳатлар ва сайрлар жуда ўринли киритилган. Бунинг хусусияти шундаки, ўқувчи-ёшларни табиат манзараларига олиб чиқиш билан уларни жисмоний чиниқтириш (пиёда юриш билан) ва ўлкани ўрганиш, топографик билимларни кенгайтириш амалга оширилади. Бу ўз навбатида ҳарбий чақириқ ёшидагилар ва умуман ҳар бир киши учун зарур тадбирдир.
Ўзбекистоннинг чегаралари асосан тоғли ва дашт-саҳро билан ўралганлиги, ҳарбий хизматдагиларни шу соҳада тарбиялаш кўзда тутилади. Бунда саёҳатлар орқали олинадиган назарий билимлар ва амалий кўникмаларни тарбиялаш имконияти мавжуддир.
Саёҳатларни қишлоқ жойларида уюштириш муаммолари унчалик мураккаб эмас. Шаҳар шароитларида саёҳатларни ҳиёбонлар, истироҳат боғлари, очиқ-яланглик, жойлар ва хатто стадионлар, футбол майдонларида ҳам ўтказиш мумкин. Фақат бунда масофаларни аниқ белгилаш ва имконият даражасида кичик ғилдиракли аравачалардан (ролик) мақсадли фойдаланиш мумкин.
4. Сувда сузиш муаммоси ҳам анча мураккаб, фақат ёз ойларида ўқувчи-ёшлар ва меҳнаткашлар учун махсус мусобақалар (“Чиниқиш-саломатлик ва узоқ умр омили”) орқали вазифаларни бажариш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |