1.4. Иқтисодий таҳлилнинг резервларни аниқлашдаги аҳамияти
Мамлакатимизда корхоналарнинг иқтисодий самарадорлигини оширишда уларнинг ички имкониятлардан самарали фойдаланиш кўрсаткичларини таҳлил қилиш асосий ўринни эгаллайди. Таҳлил натижалари асосида бошқарув маъмурияти ўз корхоналарини иқтисодиётда тутган ўрни, танлаган стратегик йўли тўғрилиги, мавжуд ресурслардан қай даражада фойдаланганлиги, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир қилувчи омилардан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларга эга бў ладилар. Шу билан бирга таҳлил натижалари асосида ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш имкони бўлади. Корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир қилувчи омилларни таҳлил қилиш уларнинг фаолиятини яхшилаш, самарадорлигини ошириш ҳамда молиявий барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.
Корхоналар барқарор ривожланиши учун етарли даражада меҳнат, моддий ва молиявий ресурсларга эга бўлиши керак. Уларнинг минимал ресурсларга эга бўлмаслиги эса молиявий фаолиятининг ёмонлашувига олиб келади. Шу боисдан, корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир қилувчи омилларнинг таҳлили орқали уларни иқтисодий салоҳиятига баҳо бериш, ички хўжалик резервларидан самарали фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва асосли қарорларни қабул қилиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Корхоналарнинг хўжалик фаолиятини таҳлил қилишдан кў зланган асосий мақсад резервларни аниқлашдир. Резервларни аниқлашни осонлаштириш учун уларни илмий асосда туркумлаш керак. Резервлар қуйидагилардан иборат: иқтисодиёт, тармоқ, регионал (ёндош) ва ички хўжалик резервлари.
Айтайлик, машинасозлик саноатида маҳсулот таннархини арзонлаштириш борасида бў лган катта резервлардан бири – рангли металларни пластмассалар билан алмаштириш ҳисобланиб, бу ў з навбатида кимё саноатини янада ривожлантиришни тақозо этади. Шу сабабли, бундай резервлар иқтисодиёт резервлари қаторига киради. Ихтисослаштириш даражасини ошириш эса тармоқ резервлари қаторига кириб, у асосан вазирликларга боғлиқдир. Регионал резервларга, айтайлик, бир маъмурий туманда жойлашган турли бошқармаларга қарашли саноат корхоналарини кооперативлаштириш мисол бўла олади.Ички хўжалик резервларини аниқлаш ва уларни хўжалик айланмасига йўналтиришда корхоналар катта имкониятларга эга. Бу эса асосан уч гуруҳ ишлаб чиқариш ресурслари, (меҳнат ресурслари, меҳнат воситалари ва меҳнат предметлари) омилларидан оқилона ва самарали фойдаланишга боғлиқ.
Қисқа хулоса
Ушбу бобни ўрганиш натижасида талабалар иқтисодий таҳлил фанининг шаклланиши ва ривожланиш тарихи, иқтисодий таҳлилнинг корхоналарни бошқариш тизимидаги тутган ўрнини, ишлаб чиқариш жараёнидаги босқичларни таҳлил қилиш учун асос қилиб олган тамойилларни ҳамда иқтисодий таҳлилнинг ички хўжалик имкониятларни ахтариб топишдаги аҳамиятини билишлари зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |