1.2. Иқтисодий таҳлил – диалектиканинг муҳим хусусияти Билиш – фалсафа фанининг фундаментал услубий бўлими бўлиб, обектив борлиқни инсон онгида акс этишининг ўрганилишини ўргатади. Барча тармоқ фанларининг услубий асоси сифатида билиш назарияси иқтисодий таҳлилнинг моҳияти, зарурийлиги ва натижасини аниқлаб беради.
Иқтисодий таҳлилнинг услубий асоси сифатида ҳам билиш назариясини кўрсатиш мумкин. Иқтисодий таҳлил - амалий фандир. Агар у билиш назариясига таяниб ривожланса, инсоннинг амалий фаолиятида нафлилик ва иқтисодий самарадорлик ошади. Бу эса фаннинг амалий ҳаётда ўз ўрнини топганлигидан далолат беради. Иқтисодий таҳлил ўз фаолиятида диалектиканинг асосий тамойилларига асосланади. Улар қуйидагилардан иборат:
- доимо ҳаракат;
- ўзаро алоқа ва ўзаро боғлиқлик;
- сабаб-оқибат;
- координатсия ва субкоординатсия;
- қарама-қаршилик;
- миқдор ўзгаришидан сифат ўзгариши;
- инкорни-инкор ва бошқалар.
Таҳлилнинг хусусияти, зарурийлиги ва қимматли томони, у воқеа ва ҳодисалар динамикасини ўрганади. Бу жараёнда мазкур фан тадқиқ қилиш мумкин бўлган обектив реаллик; предмет ва ҳодисалар у ёки бу томон ҳамда жиҳатларга кўра бошқалар билан бевосита ва билвосита боғлиқ бўлган ҳолда, доимо ҳаракатда, ўзгаришда деб ўрганилади.
Иқтисодий таҳлил диалектикани ўрганишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Билиш назариясининг мантиқийлиги диалектик тарзда қуйидаги формулада акс этади, яъни: жонли мушоҳада, абстракт тафаккур, амалиёт. Иқтисодий ҳодиса ва жараёнларни билиш ҳам уч босқичли билиш назариясига асосланади. Бунда жонли мушоҳада босқичида хўжалик юритишни бевосита иқтисодий ахборотлар тизими орқали идрок қилинади. Бу ў ринда иқтисодий ахборотлар тизимига шундай талаблар қўйиладики, булар билиш назариясининг иккинчи босқичи – абстракт тафаккурга кўп жиҳатдан боғлиқ.
Иқтисодий жараёнларни таҳлил қилишда барча жараёнларни тафаккур кучи бажаради.
Иқтисодий ҳодисаларни ўрганиш жараёнида диалектик билиш усули – анализ ва синтез усули биргаликда ҳаракат қилади. Таҳлил жараёнида дедуктив ва индуктив усуллар ҳам қўлланилади (1.2-чизма).
Таъкидлаш керакки, ҳодиса ёки жараёнлар ўрганилиб илмий хулосалар чиқарилишида таҳлил ва синтез усули биргаликда ҳаракат қилади. Мазкур тартиб обектнинг диалектик бирлигини таъминлайди. Бу билан тадқиқ этилаётган предмет ёки ҳодисаларнинг диалектик бирлигини ҳар томонлама билиш мумкин. Фактлар таҳлилидан назарий синтезга ўтиш индуксия ва дедуксия методлари ёрдамида амалга оширилади.