Инсоннинг эркинлиги ҳақидаги таълимоти. Пико юлдузларга қараб инсон келажагини айтиб берган астрологларга ишонмайди ва уларни танқид қилади. Бунинг ўрнига у осмон жисмларининг ҳаракатини математик усуллар орқали ўрганишга даъват этади.
Пиконинг фикрича, инсоннинг ўзи ҳам бутун борлиқни қамраб олувчи
микрокосмосдир. Пико инсонни иерархиянинг барча босқичларидан ҳоли
деб ҳисоблайди.
Коинотнинг зинопоясида инсоннинг аниқ эгаллаган ўрни йўқдир. Инсон бу ўринни ўзининг, ҳоҳиши ва иродасига биноан танлайди. Худо инсонга танлаш ҳуқуқини берган ва инсон ўз бахтининг эгасидир. Инсон коинотнинг марказида жойлашган ва у ўзидаги барча ижодкорлик кучларини ўзи вояга етказиш керакдир. Инсоннинг иерархиядаги ўрни, унинг руҳий эркинлиги билан ҳам боғлиқдир. Инсонга худо томонидан комилликка эришиш қобилияти берилган ва у бу қобилиятни инсон ўзининг ҳар кунги ҳаётида ҳам, фаолиятида ҳам ривожлантириб бориши керак. Агар инсон бу қобилиятларни ўзида ўстирмаса, у тубанлик ботқоғига ботади. Демак, инсон доимо ривожланиш ва комилликка интилиши лозимдир. Худо томонидан инсонга барча куч -қувват берилган ва инсон бу куч қувват орқали олдига қўйган барча мақсадларига эришиши мумкин. Пико ўз ижодининг марказига инсоннинг эркин танлаш ҳукуқини қўяди. Бу борадаги Мирандоланинг фикрлари инсон табиати ва феълини, ўз-ўзини ташкил этувчи ва ривожлантирувчи система сифатида кўради. У инсоннинг эркин ижодий фаолиятининг маҳсулидир. Инсон қотиб қолган тош эмаски, у ўзгармаса. Инсоннинг асосий қудрати унинг ҳаракатчанлигида. Оллоҳ инсонни ўзига ўхшатиб яратган. Демак инсоннинг ички табиатида комилликка эришиши учун барча кучлар мавжуддир. Инсон бу кучларни юзага чиқазиши керак. Бунга эса фақат фаолият, ҳаракатчанлик орқали эришилади.
Пико барча фалсафий таълимотлар ва диний қарашлардаги ижобий фикрларни бирлаштиришга ҳаракат қилди. Уларни ягона ҳақиқатнинг хилма-хил қирралари деб ҳисоблар эди. Пиконинг ижоди эклектек кучга эга бўлмади, аксинча у инсониятнинг хилма-хил тажрибасидан ўрганишга ҳаракат қилди ва у ўз онг хазинасини инсониятнинг беқиёс онг хазинаси ҳисобига бойитишга уринди.
Уйғониш даври фалсафасининг яна бир машҳур вакили Жордано бруно инсоннинг ақли тафаккури ва интуицияси хақида қизиқарли фикрларни айтади.
Брунонинг фикрича,моддий оламдаги барча жисмлардаги жон бир хилдир. Бруно инсон фаолиятининг ердаги ўзгаришларга олиб келиши ҳақидаги фикрларни келтиради. Меҳнатнинг ривожланиши натижасида инсон тафаккури ҳам ривожланиб боради.
Инсондаги тафаккур моддий оламдаги ривожланиш жараёнларини акс эттиради. Бруно ўзининг билиш назариясида ҳиссий босқични ақлий босқичдан ажратади. Ҳиссий билиш оламдаги мураккаб қонунларни акс эттира олмайди.
Интеллект ҳиссий билимга таъсир этганидек,ҳиссий билим ҳам интеллектга таъсир этади. Улар бир-биридан фойдаланишади. Ҳиссий билимдан кейинги босқичда ақл жойлашган. У ҳиссий билимдаги маълумотларни йиғиб тасаввурларни яратади ва улардан фойдаланади. Ақлдан ҳам юқорида интеллект жойлашган. Интеллект ақл маълумотларидан фойдаланади ва уларни умумлаштиради. Интеллект барча маълумотларни ўрганмасдан фақат унга кераклиларини ажратади. Бу маълумотларни интеллект
1 Бруно Д. О героическом энтузиазме М., 1953 б.31
умумлаштиради ва улардан фойдаланади. Интеллект барча нарсаларнинг мохиятига интилиб, уларни очишга ҳаракат қилади. Инсон дунёқарашининг кеншгайиши сари унинг интеллектуал салоҳияти ҳам ошиб боради.
Бруно таълимотида билимнинг амалий аҳамияти мистик тасаввур билан суғорилган. Брунонинг фикрича магия бу шундай амалий мистик куч ва санъатдирки, ундан донишманд инсон фойдаланиб унинг барча ҳаракатлари табиатнинг сирли яширинган кучларини яхши билишдан келиб чиқади. Бундай сирли қоидаларни билиш инсоннинг амалий фаолияти даражасини кенгайтиради ва билимлардан унумли фойдаланиш учун кенг миқёсда имконият очиб беради.
Табиий магия бу аслида табиатдаги воқеалар ва ҳодисаларга тақлид
қилишга асосланади ва бу тақлид қилиш йўли билан инсоннинг амалий
фаолияти чегаралари кенгаяди. Бруно фикрича ҳақиқат объективдир ,амалий
ва назарий фаолиятнинг бирлашиши натижасида унга эришиш мумкин. Ж.
Бруно ҳурфикрлилик талабини ҳам олдинга суради. Бруно фикрича, интеллекти юқори даражада бўлган шахслар кўпчиликнинг фикрига
мослашмайди. Уларнинг зеҳнлари ўткир бўлиб, келажакни кўра биладилар.
Улар ўз даври куртак отган ва келажакда гуллаб яшнайдиган ғояларни
олдинга сурадилар.
XVIII аср: тараккиёт гояси. Инсонийлик табиатидаги тарихийликни кашф килиниши.:””.
Фалсафий антропологиянинг йирик вакилларидан бири И. Кант хисобланади. Инсон хақидаги қарашларида Кант учта саволни ўртага ташлайди: 1.Мен нимани билишим мумкин, 2. Мен нима қилишим мумкин, 3. Мен нимага умид қилишим мумкин. Бу учта савол ёлғиз бир саволга бориб тақалади:инсон ўзи қандай мавжудот. Бундай ёндошув фалсафий антропология фанини хаддан ташқари фундаментал фанга айлантириб қўяди. Кантнинг антропологик қарашларини М. Бубер тахлил қилар экан, унинг фикрича Кант инсоннинг яхлит концепциясини яратмаган, у инсонга таъриф бермаган ва ўзи қўйган саволларга жавоб хам бермаган. Лекин И. Кант инсон табиатида энг муҳим жихатни, яъни руҳий эркинликни айтиб кетади.
5.19 асрнинг иккинчи ярмида инсон масаласи яна бир қатор иррационал фалсафанинг вакилларини эътибор марказида турди, шулардан энг машҳурлари Фридрих Ницше ва а. Бергсон. Одамзодни асрлар давомида ўз ички дунёсини ва коинотдаги ўрнини билиш масаласи ҳамиша қизиқтириб келган. Ҳозирги замондаги ижтимоий-фалсафий фикрда асосий муаммо инсон масаласи экан, унинг яшаш тарзи, ҳаёти, руҳий баркамоллиги каби масалалари асосий ўринга чиқди. Глобаллашаётган даврда инсон муаммоси инсон ҳаётининг маъносини, унинг руҳиятини, ички борлиғини тушуниш билан боғлиқ. Ф.Ницше ва А.Бергсон инсон маънавий хаётининг туфонларини инсон борлиғи ва унинг руҳиятидан қидириш керак, деб кўрсатадилар. Улар инсондаги руҳий жараённи фалсафий таҳлил қилиб, инсоннинг ички дунёсидаги холатларини очиб беришди. Натижада Ф. Ницше ва А.Бергсоннинг таълимотлари ХХ аср фалсафасига жуда катта таъсир кўрсатди. XIX асрнинг механистик илм фани табиатни органик ва ноорганик қисмларга бўлади. Органик хаётни ноорганик қонунлар орқали тушунтиришга харакат қилади. Бундай ёндошувга қарши Ницше ва Бергсонларнинг хаёт фалсафаси инсон ички дунёсидаги руҳий холатлардан келиб чиқиб, бир томондан Гегелнинг абстракт-мавҳум идеалистик назариясига қарши қўйилган бўлса, иккинчи томондан эса, механистик табиатшунослик қарашларга хамда вульгар материализмнинг тамойилларига қарши чиқар эди. XIX асрнинг охирида Ф.Ницше томонидан шаклланган “Хаёт фалсафаси” ақл ва тафаккурга танқидий ёндошади ва уларни инсон хаётининг амалий эхтиёжларига хизмат қилувчи иккинчи даражали қуроллар деб ҳисоблайди, биринчи ўринга эса, инстинктларни қўяди. Ницше цивилизациянинг ривожланиши маданиятнинг инкирозига олиб келади, деб хисоблайди. Зерро, маданий даврдаги инсон узининг ижодкорлик кобилиятини хали йукотмаган ва унинг табиат билан алокалари буткул бегоналашишга улгурмаган эди.
ХХ асрнинг бошида фан ва техниканинг жадал ривожланиши инсонни руҳий инқирозга олиб келди. Унинг белгиларидан бири бу инсонни ўзлигидан бегоналашуви муаммоси эди. Бунинг натижасида инсон жамият механизмининг мурувватига айланиб қолди ва ундаги ижодкорлик қобилияти ўрнига барча нарсаларга тақлид қилиш қобилияти ривожланди. Бундай инсонни Ф.Ницше Ч.Дарвин назариясидаги маймунларга ўҳшатади.
Ницшенинг аъло одами биологик эволюциянинг маҳсули эмас. Аъло одам қадимги даврда хам мавжуд бўлган. Унинг ижодкорлик кучлари космик кувватдан озиқланган руҳий иродага асосланади. Ушбу ирода бутун коинотнинг заминида ётади. У юлдуз ва сайёраларни харакатга келтиради. Инсоннинг яратувчилик қобилияти хам унинг маҳсулидир. Тарихий тараққиётнинг ривожланиши руҳий иродани сўндиради ва ундаги куч-қувватни тафаккурнинг фаолиятига йўналтиради. Эндиликда руҳий ирода ўрнини инсоннинг ақлий фаолияти эгаллади.
Ф.Ницшенинг иррационал қарашлари нуқтаи назаридан бу кишилик жамияти учун инқироз йўлини англатади. Бу жараён, айниқса, Европа давлатларида илдиз отди. Келажакда, истиқболда Европанинг руҳий заифлашган халқлари ўзининг хаётий кучидан ажралиб қолади ва Европа қуёшининг ботиши содир бўлади. Кейинчалик Ницшенинг ушбу фикрларини унинг машҳур замондоши О. Шпенглер давом эттирди.
Фалсафанинг маркази инсон, дейди Ницше. Фалсафани мифология билан уйғунлаштиради. Инсон ўзининг туғилишида у билан бирга буюк руҳий ҳолат бирга келади. Ҳар бир руҳ ёруғлик маъбуди - инсон учун жуда муҳим. Инсон нурга интилиб яшайди, дейди. Унингча, Юнон маъбуди Аполлонда башорат қилиш қобилияти бор. Инсоният ривожланишида пастга қараб кетиш содир бўлмоқда. Чунки инсон нафс деган балога чалинган. Дионис маъбудини у нафс худоси деб атайди. “Фожианинг мусиқа руҳидан туғилиши” асарида Ницше инсон нафсга бўйсунди, дейди. У мифологик даврдан инсониятга нафс мерос бўлиб қолганганлигини таъкидлайди.
Ницше бу асарда юнон санъатидаги икки ибтидо – асос ҳақида сўз юритади. Заминий ибтидо - бу юнон афсоналаридаги шароб, боғу роғлар, ўрмонлар маъбуди – Дионис бўлса, унга қарама-қарши бўлган ёруғлик, самовий ибтидо – Аполлон маъбудидир. Аполлон ёруғлик, санъат, ижодий илҳом, башоратчилик хислатларига эгадир. Бу икки бир-бирига зид асослар ҳеч муросага келмайди, мутаносиблик ҳолати юз бермайди.
Дионисчилик мусиқадаги ёруғлик руҳиятини вайрон қилишга қаратилган, инсондаги шоду-хуррамликни ҳам ўлдиради. Бу асарида Ницше самовий гўзаллик билан заминий гўзаллик ўртасидаги зиддиятни силлиқлаштира олмайди, улар ўртасидаги мутаносибликни топа олмайди. Англо-америка аналитик фалсафасининг йирик вакили А.Данте, Ф.Коплстон ҳамда рус файласуфлари Д.Галеви, В. Вересаевлар Ницше ижодини таҳлил қилишар экан, мусиқа руҳиятидан “Фожианинг туғилиши” асарига алоҳида эътибор ажратишади. Уларнинг фикрича, Ницшенинг бу йирик асари фалсафадаги анъанавий қадриятларни қайта кўриб чиқди ва янги бир ўзига хос усулда ёзилгани учун кўпчиликнинг диққат эътиборини ўзига тортди. А.Данте ва Галевининг ёзишича, бу асарда Ницше инсон онги остида яширинган инстинктив ҳолатларни мусиқа орқали юзага чиқиши ва инсон ички дунёсини ларзага келтириши ҳақида моҳирона баён қилади.4 Ницше қаламига мансуб бўлган ўткир танқидийлик руҳияти, унинг лирик образлари билан қоришиб кетган ва фақат Ницшега хос бўлган фалсафий дунёқарашини юзага келтиради. Юқоридаги муаллифларнинг ёзишича, ХIХ асрнинг охирида яратилган ушбу асар ХХасрнинг бошларида катта эътибор қозонди, у айниқса, З.Фрейд, К.Юнг каби психоаналитик олимларнинг ижодида чуқур из қолдирди. “Зардўшт таваллоси” номли асарини Ницше нафис сўз санъати мутахассиси сифатида эмас, балки пайғамбар сўзи сифатида яратди. Мазкур асар мумтоз немис фалсафаси анъаналари чегарасидан чиқиб, эзотерик асар сифатида яратилди. Ницше қалами орқали пайғамбар Зардўшт сўзга кирди.
Ницшенинг “Зардўшт таваллоси” асари бошқа асарларидан бутунлай фарқ қилади. Бу асарда Шарқ фалсафий фикрининг таъсири билиниб туради. Табиат жонли мавжудот сифатида намоён бўлади. Ҳар бир дарахт, ҳар бир харсанг тош, денгиз, тоғлар, ҳаво ҳаёт чашмаси билан йўғрилган. Улар Зардўшт билан суҳбат қуради, унинг оламини бир қисмини ташкил қилади. Зардўшт ўзини табиатдан ажратмайди, унинг ўзи табиатнинг бир қисмидир. Денгиз унинг кайфиятини ҳис қилади, унинг ҳафақонлигига шерик бўлади. Ана шу денгизда Зардўшт орзу-умидлар соҳилини қидиради. Ўз болаларини қидиради, зотан “умид – бизнинг энг яхши болаларимиздир”1, – дейди Ницше.
Сокинлик Зардўшт билан сўзлашади. Сокинлик унинг тайёр эмаслигини айтади. Унинг қалбида ҳали хотиржамлик ҳукмрон эмас, фикр сокинлиги, қалб сокинлиги йўқ.
Ницше юксак руҳ ҳақида фикр юритади. Илоҳий руҳ ҳар бир инсон руҳининг устозига айланиши зарурдир. Зардўшт ўз шогирдларини ташлаб кетади. Унинг шогирдлари ўз йўлини мустақил топиб олишлари зарур, ўзларининг юксак руҳи билан қўшилишлари керак.
Айнан илоҳий руҳ инсонни эзгулик ва ёвузликнинг нариги томонига олиб борувчи йўлни топишда ёрдам беради. Бу олам худо маконидир. Зардўшт худоси бу юқоридан туриб, назорат қилиб турувчи ва инсонни хатолари ва гуноҳлари учун жазолайдиган худо эмас. Зардўшт худоси бутунлай ўзгача худодир. У ҳар бир инсоннинг руҳий қалбида яшайди. Инсоннинг руҳий қалби бу худо эҳромидир.
Шунинг учун ҳам Зардўшт сўзлаганда халққа “чин қалбимдан”, – деб мурожаат қилади. Зардўшт халойиққа қарата бундай дейди: Мен сизларга аъло инсон ҳақида таълимот келтирдим. Одам шундайин бир хилқатдирки, ундан ошиб ўтмоқ керак. Сиз ундан ўтмоқ учун нима қилдингиз? Мен шундай одамни севаманки, руҳи ва қалби озоддир. Зотан, униниг ақли қалбининг ботинидир, қалби эса, уни ҳалокатга етаклайди. Мен шундай одамни севаманки, унинг қалби лиммо-лимдир, шу боис у ўз-ўзини унутади ва бор мавжудотларни ўзига жо этади: ана шундай қилиб, бор мавжудот унинг ҳалокатига айланади”1.
Ницшенинг зардўшт худоси қадимги халқларникидек қотиб қолган, ўзгармас, тўхтаб қолган худо эмас. “Янги ва эски битиклар” номли бўлимида Зардўшт айтадики, худо амри абадий, ўзгармас сўзлар эмас, балки улар инсон ҳаракати учун, ишлари учун қалбида илоҳ алангаси ёниб турувчилар учун даъватдир2. Шундай қилиб, Зардўшт худоси аста-секин у билан бирга қўшилади. Лекин бу қўшилиш охиригача тугамайди, чунки ҳали Зардўшт қалбида мутлоқ хотиржамлик ҳукмрон эмас. Бу ҳодиса сокинлик билан унинг суҳбатида яққол намоён бўлади.
“Зардўшт олимлар уйидан кетди”, – деб ёзади Ницше. Улар оламга ҳеч қандай янгилик бермайдилар. Ҳақиқатни очмайдилар. Ана шу ҳақиқатни Зардўшт ҳам излайди. Уни ўз қалбидан топади. Ҳақиқат йўлида учраган ёлғон тўсиқларни бузиб ташлайди. Кибру ҳавога айланган ахлоқ, иккиюзламачилик, лаганбардорлик, мағрурлик, гердайганлик, худбинлик ҳақиқатга тўсиқ бўладиган хилқатлардир. Жумладан, қотиб қолган диний ақидалар ҳам бу йўлдаги тўғаноқдир. “Яхши ва иймонли одамларга қарангиз! Улар ҳаммадан кўпроқ кимни ёмон кўради? Улар ўзларининг тош лавҳаларини синдирувчиларни, вайронагарчилик келтирувчиларни, жиноятчиларни ёмон кўради. Лекин яратувчи шулар эмасми? Яратувчи мурдаларни эмас, шунингдек, тўда ва мўминларни эмас, муридларни ахтаради. Яратувчи худди ўзига монанд яратувчиларни ахтаради, янги тошбитикларда янги нарсаларни ёзадиганларни излайди”3. Лекин энг катта тўсиқ бари бир енгилмайди. Бу – имконий ақлдир.
Бу хилқат мисоли лабиринтдаги Минатаврга ўхшайди. Лабиринт бу инсон фикрларидир. Улар гумон-шубҳалардан, адашишлардан иборат. Улар мисоли ўргимчак инига ўхшайди. Улар заҳарли қора қурт каби қалбни кибрлар билан заҳарлайди. Ўғри ойга ўхшаб ўзга хонадонларга назар ташлайди, ўзгаларнинг фикрини ўғирлайди1, – дейди Ницше.
Ана шу рангли образлар, тимсоллар орқали Ницше ақлнинг ички моҳиятини яққол кўрсатиб беради. Ақл тўғрисида фикр юритади-ю, лекин бу хилқатдан Ницшенинг ўзи ҳам мустасно бўлмайди. Уни бутунлай енгиш учун қалбда мутлоқ сокинлик ҳолатига эришиш зарурдир. Фикрлар оқимини тўхтатиб қўйиш керак. Сокинлик айнан ана шу ҳақда Зардўштга гапиради. Зардўшт денгиз томонга кетади. У ҳаёт денгизига шўнғийди. Янги соҳилларни излайди. Ўз орзу-умидлари амалга ошадиган ҳаёт соҳилларини қидиради.
Бу орзу-умидлар нима ҳақида? Бу умид янги инсоннинг туғилиши ҳақидадир. Ницше уни комил инсон деб атайди: ”...эй биродарларим, айтингиз: сизнинг вужудингиз дилингиз ҳақида нималар дейди? Ахир, сизнинг дилингизнинг бойлиги қашшоқлик, лойқа сел ва манманликдан ўзга нимадир?
Чиндан ҳам одам лойқа селдир. Уни ўзига ютиб яна тоза қилмоқ учун фақат денгиз бўлмоқ керак.
Қаранг, мен сизга забармард одам тўғрисида сўйлаяпман: у – ўша денгиз, унда сизнинг улуғ нафратингиз чўкиб кетгай.
Сиз бошдан кечиришингиз эҳтимоли бўлган энг олий нарса нимадир? У Улуғ нафрат соатидир. Ўша соатда сизнинг бахт-иқболингиз кўзингизга манфур бўлиб кўрингай, сизнинг ақлингиз ва сизнинг яхшилигингиз ҳам манфур бўлиб кўрингай.
Ўша соатда сиз айтурсиз: “Менинг бахтим нимадир! У - қашшоқлик, ифлослик ва ўз-ўзидан ожизона мамнунликдир. Менинг бахтим менинг борлиғимни оқламоғи керак эди”5.
Ҳозирги замон одамлари майдалашиб кетишган, дейди Ницше. “Ер кичкина бўлиб қолди ва унинг юзасида ҳамма нарсани кичрайтиб қўювчи митти одам сакраб-сакраб юрибди. Унинг уруғи суварак каби қирилиб битмагай: охирги одам ҳаммадан кўпроқ яшайди”6.
Ницше инсонларни ўз қобиқларига кириб жойлашган шиллиқ қуртга ўхшатади. Уларнинг қалблари ҳам, таналари ҳам, ҳатто яшайдиган уйлари ҳам майдалашиб кетган. Улар ўз қобиғларидан бошларини чиқаришга қўрқадилар. “Янги эсган шабададан нафас олгилари келмайди. Бу эсган шабада янгилик шабадасидир. Умидлар шабадасидир. Ўзгартиришлар шабадасидир”.
Лекин Ницше инсоният бундай ўзгаришларга тайёрми? - деб савол қўяди. Инсоният бу ўзгаришдан қўрқади, чунки энг катта ўзгариш уларнинг ўзларида содир бўлиши керак. Инсон ўзини софлаши, поклаши зарур. Ўзини кибрли, худбин, иккиюзламачи ахлоқ руҳидан, ундан бутунлай воз кечиши лозим. Унинг ўзи ахлоқий дурдонага айланиши зарур.
Қалбнинг ўзи инсон ҳаракатини назорат қилиши керак, чунки инсон қалби, виждони “энг олий ҳакамдир, худо овозидир”. Шундагина қалб янги ахлоқ меъёри, ўлчами бўла олади, дейди Ницше. Мисол қилиб Исо пайғамбарни, Буддани олайлик. Улар сокинлик ва хотиржамлик дунёсидан бўладилар. Нирвана ҳолати улар учун табиий ҳолатдир.
Инсоннинг руҳий камолоти уч даврни – туя, шер ва болалик даврларини босиб ўтади. Биринчи давр - туя даври, у қийинчиликлар олдидаги сабр-қаноатни, чидамлилик, итоаткорликни белгилайди. Иккинчи давр - шер даври эса инсон эркин руҳини белгилайди. Инсоннинг эркин руҳи шерга ўхшаб кучли, лекин ёлғиз, уни инсонлар фикри, ахлоқнинг ҳамма учун қабул қилинган нормалари қўрқита олмайди. У оқимга қарши сузади, унинг эркинлигига тўсиқ бўлгувчи кишанларни узиб, парча-парча қилади.
Инсонлар кўпинча шароитга мослашувчиларга айланиб қоладилар, улар янги жамият бунёдкори бўла олмайдилар. Инсониятнинг одатий оқимига фақат эркин руҳга эга бўлган инсонларгина қарши тура олиши мумкин. “... руҳ дастлаб туя эди, кейин шерга айланди, шер болага айланди... Кучли руҳият олдида кўпгина қийинчиликлар учрайди, енгиб ўтувчи, кучли руҳга тақлид қилса бўлади: унинг кучи энг оғир қийинчиликларга қаратилгандир. ...Чидамкор руҳ энг оғир қийинчиликларни ўзига олади: ўрганган туя мисоли, ўз саҳросига шошилади. Лекин ана шу саҳрода иккинчи айланиш содир бўлади. Бу ерда руҳ шерга айланади, эркин руҳга айланади. Эркин руҳ ўз саҳросида ҳукмрондир. Лекин янги қадриятларни шер руҳияти ярата олмайди. Гўдаклик покликнинг ўзидир...”1.
Учинчи давр - бу болалик, гўдаклик даври. Бу даврда шерга хос ёлғизлик руҳи ўрнини илоҳий шодонлик руҳи эгаллайди. Инсон ўз ички оламида худо эҳромини очади, комил инсонга айланади. Унда самовий хислатлар билан заминий хислатлар бирлашади.
Хаёт фалсафасининг яна бир буюк вакили француз файласуфи , интуитив фалсафанинг асосчиси – Анри Бергсондир. Унинг ижодида инсон онгида интеллект, интуиция ва хаётий жўшқинлик каби рухий энергиянинг шакллари тахлил қилинади.
Интеллектнинг келиб чиқиши масаласида учрайдиган қийинчиликлар, А.Бергсон фикрича, онгнинг юқори шаклини фақат интеллект билан чегаралашдан келиб чиқади. Аслида эса интеллектдан ташқари ҳам инсон онгида шундай бир куч борки, у ҳеч қандай интеллект шаклига тўғри келмайди. Бу кучнинг эволюцияси қачонлардир интеллектнинг пайдо бўлишига олиб келган. Инсон онгидаги бу яширинган куч билан интеллект ўртасидаги муносабатни Бергсон сузишни ўрганиш ва сузиш жараёни билан солиштиради. Қуруқлиқда сузишни ўрганмоқчи бўлган одам ҳеч қачон уни ўргана олмайди. Бунинг учун у сувга тушиб қўрқувни енгиши ва сувни шапиллата бошлаши керак. Инсон онги оламни акс эттирувчи механизм змас, онг буюк ҳаётий бир кучдир ва бу кучнинг кўринишидан бири интеллектдир.
Тафаккурнинг келиб чиқиши масаласида фалсафа конкрет фанларнинг ютуқларидан фойдаланади ва улар асосида ўз дунёқарашини яратади. Лекин бу конкрет табиатшунослик фанларининг ўзи ҳам тафаккурнинг маҳсулидир ва улар барча табиий жараёнларни бир-биридан ажратиб, муайян бир механик шаклга солиб ўрганади. Бу шакл ўзининг уч ўлчамли маконига эгадир. Тафаккур ва аниқ фанлар моддий оламнинг асосида ётган ҳаётий жўшқинлик кучини ҳам айнан шу механик қотиб қолган қолипга солишга уринади. Агар фалсафа аниқ фанлар нуқтаи назаридан четга чиқиб кета олмаса, у барча нарсаларни ҳаракатга келтирувчи ҳаётий кучни нима эканлигини била олмайди. Ҳаракатнинг манбаи ички зиддиятлар ёки умуман ўзгариш, деган фикрга келади. Аслида бундай фикр тафаккур доирасидан чиқиб кетишга имконият бермайди.
Тафаккурнинг келиб чиқиши масаласини ўрганиш учун фалсафа аниқ фанлар доирасидан чиқиб кетиши керак ва файласуфнинг интуитив ҳис-туйғулари оламига кириши лозим. Аниқ фанлар асосан инерт шаклидаги материяни ўрганади. Уларни ҳаракати ўрганиш учун уни тирик нарсалардан ажратиб, бўлакларга бўлиб, ҳар бир бўлакни айрим хоссаларини ўрганадилар. Тирик организмни яхлит бир ҳолатда ўргана олмайди. Чунки фан тушунчалар ва қонунлар тизимидан иборатдир. Ҳар бир тушунчада эса нарсанинг абстракт-мавҳум қолипи ўрганилади ва бу хоссалар формал мантиқ қонунлари асосида ўрганилади.
Абстракцияда нарса жараён сифатида ўрганилмайди. Абстракциянинг моҳияти ҳам нарсаларнинг хоссаларини бир-биридан ажратиш ва бу ажратилган нарсаларни ҳаракатсиз ҳолатда ўрганишдир. "Табиатдаги мураккаб тирик шаклларнинг моҳиятини ўрганиш учун аниқ фанлар бу ҳаракатчан шаклларни тўхтатишга ва тушунчалар қолипига солишга мажбурдир. Натижада аниқ фанлар тирик оламни механик қотиб қолган суръатини яратадилар. Бундай механик тасаввур орқали эса ҳаёт сирини очиб бўлмайди. Шунинг учун ҳаракатчан тирик шакллар ҳаётий кучларнинг ички моҳиятини очиш учун фан кетидан фалсафа келади"7.
А.Бергсон давомийлик тушунчасини эътибор марказига қўяди. Бу тушунчада вақтнинг бир йўналишлиги йўқолади. Маконнинг ҳам уч ўлчамлилиги нисбий бўлиб қолади. Бергсоннинг фикрича, макон ва вақт инсон тафаккури доирасида хизмат қилувчи тушунчалардир. Улар материянинг давомийлик, энергия ҳолатига нисбатан олинганда ўз аҳамиятини йўқотадилар. Вақт ва макон тушунчалари материянинг фақат айрим нарсалардан иборат бўлган шаклигагина нисбатан қўлланилиши мумкин.
Фан моддий оламни ўрганар экан, уни уч ўлчамли макон ва ўтмишдан келажакка йўналтирилган вақт сифатида ўрганади. Лекин вақт ва макон тушунчалари А.Эйнштейннинг нисбийлик назариясида ўзининг мутлақ маъносини йўқотди. Уларнинг нисбий эканлиги аниқланди ва улар материянинг инерт ҳолатидагина мавжуддир. Лекин материянинг инерт бўлмаган ҳолатлари ҳам бордир. Бу ҳолатларга нисбатан макон ва замон тушунчалари ўз аҳамиятини йўқотади. А.Бергсон И.Кантнинг априористик фалсафасини таҳлил қилар экан, унинг антиномиялари тўғрисида қизиқарли бир хулосага келади. А.Бергсон фикрича, Кант руҳий жараённи интеллектуал жараён билан бирлаштириб қўйган. Аслида руҳият, руҳий жараёнлар интеллект доирасидан чиқиб кетиб, бутунлай бошқа ўлчамга, бошқа қадриятларга асосланган, бошқа фалсафий дунёқарашга олиб келади. Бу фалсафий дунёқараш фан методологиясига асосланмайди, унинг чегаралари доирасидан чиқиб кетади ва кўпроқ психологик ҳолатлар дунёсига ўтади. Бундай янги фалсафанинг асосида инсоннинг ички дунёсидаги психик кечинмаларни ўрганиш ётади.
"Шоирнинг шеърини эшитган пайтимизда биринчи бор тасаввуримиз орқали шоирнинг ички кечинмалари ва хаёллар дунёсига қадам қўямиз. Шеърдаги ҳиссиётлар бутун вужудимизни қамраб олади ва аста-секин биз шеърнинг маъносини эмас, балки сўзларнинг ва товушларнинг бирин-кетин келишига эътибор берамиз. Шеърият шундай бир кучки, у инсоннинг ҳиссиётлари ва ички кечинмалари, руҳий оламига киришига ёрдам беради. Бу ерда тасаввуримиздаги макон ва замон тушунчалари ўрнига ички кечинмалар ва ҳиссиётлар ҳолати келади"8.
Тафаккурдаги замон ва макон тушунчаларининг нисбий эканлигини тушунтириш учун Бергсон Плотин таълимотига мурожаат килади. Плотин таълимотида кўлам, ўлчам, давомийлик руҳий мавжудликнинг муайян бир шаклдир. Бу муайян шакл ортида инсон тафаккури ўз тасаввурига сиғдира олмайдиган руҳий борлиқ ётади. Макон ва замон ҳақидаги нисбий тушунчаларимиз бизнинг қарашларимизга мослашган тафаккурнинг ўзи яратган шаклларидир. Масалан, геометрия фанидаги маконга тегишли бўлган ҳар хил кўлам, ўлчам тушунчалари ва қонуниятлари тасаввуримиздаги шакллардан келиб чиқади. Ҳайвонлар бундай тушунчаларга эга бўлмасалар ҳам ўзини макон ва замонда ҳиссиётлари орқали адашмасдан ҳаракат қилишга мослашганлар.
Демак, геометрия фанидаги индукция ва дедукция усуллари аслида тафаккуримизни моддий оламга мослашиш шаклларидир. А.Бергсоннинг фикрича, фандаги барча илмий назариялар ҳам ўзгаради. Демак, олам ва у ҳақдаги инсон тасаввурлари қотиб қолган борлиқ ва уни акс эттирадиган қотиб қолувчи суратлар эмас. Борлиқ ўзгарувчан, инсоннинг борлиғи ҳам бу борлиқнинг бир қисми бўлиб, унга қараб мослашиб боради. Бу мослашувимиз тасаввуримизда ҳар хил тушунчалар ва қонунлар орқали ифода этилади. А.Бергсоннинг фикрича, "моддий оламнинг асосида математика қонунлари ётмайди. Аслида инсоннинг фаолияти билан моддий борлиқ бирлашиб кетади. Улар шундай бир яхлитликни ташкил этадики, натижада инсон онгида шу яхлитликка мослашган тафаккур тушунчалари ва дунёқараш пайдо бўлади. Объект ва субъект билиш жараёнида бир-бирига айланади ва биз очган математика қонунлари шу бирликнинг муайян кўринишидир"9.
А.Бергсон фикрича, "тартиб субъект ва объект ўртасидаги келишув натижасида пайдо бўлади"10. Бу тартиб ва келишув асосида нарсаларнинг ичида мавжуд бўлган руҳнинг фаолияти ётади. Агар руҳ нарсалар ичида эркин фаолият кўрсатса, у ҳаётий жўшқинлик, ҳаётий тажрибага айланади. Бу тажрибада субъект ва объект бирлашиб кетган ва бу бирликнинг асосида руҳий жараён ётади. Биринчидан, бу жараённинг қандай кечишини олдиндан билиб бўлмайди. У руҳнинг қувватига боғлиқ бўлиб, ҳар хил шароитда ҳар хил оқибатларга олиб келиши мумкин. Иккинчидан, нарсаларда мавжуд бўлган руҳнинг ҳаракати орқага қайрилиб ўз-ўзини акс эттириши мумкин. Шунда фаолиятдаги объект субъектдан ажралади ва руҳий жараённинг секинлашишига олиб келади. Бунинг натижасида механик қонунларга асосланган тафаккур шакллари пайдо бўлади. Бу ҳолатда инсон онги ўзининг руҳий қувватини йўқотади, фаолиятдан ажралиб қолади ва объектни акс эттирувчи субъектга айланиб қолади. Шундай қилиб, Бергсоннинг фикрича, руҳий фаолиятнинг икки шакли мавжуд. Биринчиси, ҳаётий жўшқинликка асосланган ҳаётий тажриба шаклидир. Иккинчиси эса механистик тарзда акс эттиришга асосланган назарий онг шаклидир. Назарий онг ёки тафаккур шаклида ҳаётий жўшқинлик сўнади ва руҳий жараён ўз қувватини йўқотади. Ягона борлиқда субъект ва объектга ажралади. Тафаккур нуқтаи назаридан субъект объектни акс эттириши керак. Бу акс эттирилишнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини биз тажриба орқали текширамиз. Лекин Бергсон тафаккурдаги назарияларни тажриба орқали текшириб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Негаки, тажриба субъект ва объектнинг бирлашишидир, дейди у.
Қадим ўтмишдаги тафаккур ҳолатидан ҳозирги замондаги тафаккур ҳолатининг асосий фарқи, А.Бергсонга кўра, инсоннинг эҳтиёжларидан келиб чиқишидадир. Бу эҳтиёжлар Аристотел физикасида оламни турларга ва индивидларга бўлинишига олиб келган. Моддий оламнинг асосида зарурий қонуниятлар эмас, балки турларнинг муайян тизими ётган ва бу турлар ўртасидаги муносабатлар Аристотел томонидан ўзига хос тушунчалар орқали ифода этилган. Масалан, тошнинг ерга тушиш жараёнини Аристотел бу турдаги нарсанинг асл ҳолатига қайтишга интилиши, деб ҳисоблаган. Г.Галилейнинг физикасида эса тошнинг ерга тушиши ҳолати ернинг тортишиш қонуни орқали тушунтирилади. Демак, Аристотел фикрига биноан тафаккурнинг марказида турларнинг ўзаро бирлиги ва яхлитлиги ётади, Галилейнинг физикасида эса дунёнинг асосида тортишиш кучлари қонунияти ётади. А.Бергсоннинг таъкидлашича, аслида Аристотел физикасидаги тушунчалар ҳам, Галилейнинг физикасидаги тушунчалар ҳам оламни инсоннинг онгидан ташқарида мавжуд эканлигини акс эттирмайдилар. Аксинча, улар моддий олам ва инсон онгини бирлигини, бир-бирига мослашганлигини очиб берувчи, келишилган ҳолатдаги тушунчалардир.
А.Бергсон “Ижодий эволюция” асарида тартибни икки кўринишга бўлади. Биринчи кўринишдаги тартиб моддий оламдаги нарсалар ўзаро алоқадорлигидан иборат. Бу тартибни тафаккурдаги тушунчалар механик равишда акс эттиради. Бу тартибда ижодкорлик куч-қуввати йўқ, у фақат нарсаларни макон ва замонда ўзаро жойлашувини кузатади. Иккинчи турдаги тартиб эса нарсалар ичидаги ҳаётий жўшқинликни ўзаро тажалли этишини кўрсатади. Буни тушунтириш учун А.Бергсон ҳайвонот ва ўсимликлар турларини мисол килиб келтиради. Масалан, бир турдаги ҳайвонлар ер шарининг ҳар хил жойларида ўзларидаги мослашиш қобилиятини ҳар хил ифода этадилар. Европадаги асаларилар Япониядаги асаларилардан бирмунча фарқ қилади. Ваҳоланки, уларнинг тури бир, лекин улардаги ҳаётий жўшқинлик кучи, яшаш шарт-шароитларига қараб бутунлай ҳар хил ҳаракатларга олиб келади. Масалан, Япониянинг Нагано вилоятида тарқалган асаларилар бу вилоятдаги қовоқариларга қарши кураш шаклларини жуда яхши биладилар. Бу вилоятга Европадан олиб келинган асаларилар асални ниҳоятда катта миқдорда берсалар ҳам, қовоқарилар ҳужуми олдида кучсиздир. Европада эса бу асаларилар бошқа ҳашаротлардан ўзини яхши ҳимоя қиладилар. Бергсонни фикри шундай эдики, бир турдаги ҳайвонлар, ўсимликлар ҳар хил шароитда ўзининг хилма-хил қобилиятларини юзага чиқаришади. Бу қобилиятларни юзага келтирувчи куч моддий оламдаги барча нарсаларга хос бўлган ҳаётий жўшқинлик кучидир. Бу ҳаётий жўшқинлик кучини ҳайвонот оламида инстинкт деб аташади.
Тартиб тушунчаси тафаккур нуқтаи назарида нарсаларни макон ва замонда жойлашуви билан боғлиқдир. Бундай тартиб, Бергсоннинг фикрича, механик тартибдир. Нарсаларни жойлашуви инсоннинг фаолияти билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Фаолиятдан келиб чиқадиган тартиб уларни макон ва замондаги жойлашувига қараб бефарқ бўлиб қолади. Бу нуқтаи назардан қараганда, нарсалар маконда бетартиб жойлашгандек кўринади. Лекин аслида нарсаларнинг бундай жойлашиши уларнинг инсон фаолиятида эгаллаган ўрнига боғлиқдир. Шундай қилиб, объектив реалликнинг ўзи бир пайтда тартиб ва тартибсизликни ўзида мужассам қилади. Тафаккур нуқтаи назаридан тартибсиз тасодифий кўринган нарсаларнинг ўзига хос яширинган тартиби ва бетакрор изчиллиги бордир. Ҳар хил нуқтаи назардан қараганда бир нарсанинг ўзи бир пайтнинг ўзида ҳам тасодифий, ҳам зарурий, ҳам тартибли, ҳам тартибсиз бўлиши мумкин. Бизнинг ақлимиз бу тартиб ва тартибсизликни, зарурат ва тасодифни бир-биридан сунъий равишда ажратади ва бир-бирига қарама-қарши зиддиятлар деб эълон қилади. Аслида эса бу зиддиятлар ҳаётий жўшқинлик кучини таркибидаги хилма-хиллик ва ранг-барангликни ташкил қилади. Тафаккур эса механик тартибга туширишга ҳаракат қилади ва хилма-хил бўлган жараёнларни сунъий равишда икки қутбга, икки хил зиддиятларга ажратади. Бу икки хил зиддиятлар ичида ранг-баранг олам ўз рангларини йўқотиб, фақат икки ранг – оқ ва қорага ажратади. Мана шу икки хил зиддият ўртасидаги муносабатларни тафаккур диалектика нуқтаи назаридан ривожланишнинг асосий сабаби, деб ҳисоблайди. Бергсоннинг фикрича, "оламда ривожланиш эмас, балки ҳаётий жўшқинлик кучи мавж уради. Олам лиммо-лим ранглар ва жилоларга тўладир"11. Бу ҳаётий жўшқинликнинг заминида руҳий куч-қудрат, руҳий энергия ётади. Бу руҳий энергияни тафаккур илғаб олишга ва тушунчалар орқали ифода этишга ҳаракат қилади. Тафаккурнинг бундай ҳаракатлари натижасида фалсафанинг диалектика усули қадимдан вужудга келган. Диалектик услуб ҳаётий жўшқинликдаги ранг-барангликни бир-бирига қарама-қарши зиддиятларга бўлади. Бу зиддиятларни эса абстракт тушунчалар орқали тушунтиришга ҳаракат қилади. Бергсоннинг фикрича, “диалектика тафаккурнинг сунъий равишда яратилган услубидир. У ҳаётий жараёнларни тўла қамровли ҳолатда ўз ичига олмайди” 12.
Фалсафа тарихида ҳаётий, руҳий жараёнларни хилма-хил нуқтаи назардан ўрганган системалар бўлган. Улар интуитив услубни мавжуд эканлигини таъкидлашган. Интуиция ҳаётий жўшқинлик кучини ҳис қилишга қодир ва ҳар қандай диалектика услубларидан юқорида туради. Диалектика тафаккурнинг маҳсули бўлса, интуиция олий онгнинг маҳсулидир. Интуиция файласуфнинг ички руҳий ҳолати сифатида барча фалсафий системаларнинг у ёки бу қарашларида мавжуд бўлади. Агар фалсафа тарихига назар ташласак, интуиция элементларини деярли барча фалсафий оқим, мактаб ва системаларда кўришимиз мумкин. Лекин бу оқим ва мактабларда интуиция ягона яхлит заминни ташкил этмаган. Буни ифода этиш учун Бергсон қуйидаги сўзларни келтиради: "Фалсафий дунёқараш интуиция заминида бўлганида рухдан табиатга, табиатдан эса руҳга доимо ўта олганида моддий ва руҳий жараёнларни бир-биридан ажратмаганда, ўзининг олий мақсадига эришган бўлар эди"13.
Инсон фаолиятида руҳий жараён, албатта, ўзининг моддий шаклига эга бўлади. Масалан, буюк рассом ичидаги нозик руҳий туғёнларни ўз суратлари орқали ифода этмоқчи бўлганида, у бу руҳий кучни моддий шакллар орқали тўхтатади ва уларни суратларида жонлантиради. Буюк санъат асарлари руҳий кучни моддий шакллар билан қўшилганда ифода этади. Санъатда интуицияни ифода этишнинг бошқа усуллари йўқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |