Мавзу бўйича саволлар.
1-мавзу. Фалсафий билим тизимида фалсафий антропологиянинг предмети ва ўрни
Фалсафий антропология терминининг мазмун-моҳияти.
Фалсафий антропология мустақил билим соҳаси сифатида.
Замонавий антропологик ренессанс. Замонавий инсоннинг биологик, ижтимоий, психологик муаммолари.
Инсон масаласини комплекс тадқиқ этиш.
Ўзбекистонда ислоҳотларнинг марказига қўйилган инсон муаммоларининг ечими. “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун” концепциясининг фалсафий талқини.
Таянч сўзлар.
Фалсафий антропология, антропологик ренессанс, инсон табиатининг биологик жихатлари, антропогенез таълимоти, инсон табиатининг ижтимоий жихати, инсоннинг ижтимоий ривожида маданиятнинг роли, немис диний антропологияси, инсонга иррационал ёндошув, инсон табиатини рационал тушуниш, инсон компенсатор мавжудот сифатида.
Ҳозирги даврда инсонлар ҳаётида, фан тараққиётида, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётда мисли кўрилмаган тарихий воқеалар бўлди. Булар барчаси инсоннинг дунёга бўлган муносабатини ўзгартириб, дунёни янгича чуқурроқ ўрганиш ва билимни ҳаётга татбиқ қилишга ундади. Айни вақтда инсоннинг тутган ўрнини, моҳиятини, ўзлигини ва ички дунёсини тўлароқ ўрганишга имкон яратилди. Табиатшунослик ривожи шунчалик илгарилаб кетдики, микро ва макродунёни тадқиқ қилиш, космосга одам учириш каби масалалар инсонни ҳайратга соларли даражага етди. Шу билан бирга табиатшуносликнинг ривожи янги-янги муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Булар ичида инсон муаммоси, хусусан, унинг ички дунёси, борлиғи, моҳияти ва унинг фалсафий таҳлили каби масалалар долзарблиги билан файласуфлар диққат-эътиборини жалб қилмоқда.
Инсон кўплаб фанлар ўрганадиган предметдир. Биология уни Ҳомо сапиэнс тури сифатида қарайди. Педагогика учун у тарбия объекти, социология учун - турли муносабатлар субъекти, культурология учун - маданиятнинг объекти ва субъекти, иқтисодий назария учун - асосий ишлаб чиқариш кучи ва ҳоказо. Табиий фанлар орасида анъанавий (биология, антропология, медицина ва бошқалар) билан бир қаторда нисбатан янги фанлар (олий нерв тизими фаолияти физиологияси, соматология, сексология ва ҳоказо) пайдо бўлди. Ижтимоий билим соҳасида ҳам «эски» фанлар (психология, социология, тилшунослик, этика) қаторида «янги» фанлар (аксиология, герменевтика) кабилар фаолият кўрсатишади. ХХ асрда илмий билимнинг шиддатли ривожи, параллел тарзда борувчи фанларнинг фаол дифференциацияси ва интеграцияси табиий-илмий ва ижтимоий фанлар чегарасида бир қатор янги фанларнинг: биоэтика ва тиббиёт этикаси, социобиология, психофизиология ва бошқаларнинг юзага келишига сабаб бўлди. Бу ҳол фалсафанинг инсон муаммоларини кўриб чиқишдаги методологик роли ҳақидаги масалани янада долзарб этиб қўяди.
Антропогенезнинг ҳозирги замон илмий назарияси эндиликда тор тармоқ соҳаси эмас, балки табиий ва ижтимоий фанларнинг туташув чегарасидаги мажмуавий фанлараро тадқиқотлардан иборат. Бугунги кунга келиб фан одамнинг келиб чиқиш жараёнини муайян даражада тиклаш имконини берувчи кўп сонли маълумотларни тўплаган. Ушбу муаммони ҳал этишда археология ва антропологиядан тортиб то молекуляр биология ҳамда атом физикасигача бўлган кўплаб фанлар иштирок этмоқда. Ҳозирги замон таснифлари маълумотларига кўра, одам турига, умуртқалилар кичик турига, сут эмизувчилар синфига, приматлар гуруҳига, гоминоидларнинг катта оиласига, гоминидлар оиласига, Ҳомо турига мансубдир. Одамнинг ҳайвондан келиб чиққанлигини тасдиқловчи далиллар қиёсий анатомия, физиология, эмбриология, палеонтология, генетика фанлари берган маълумотларга суянади. Барча тирик организмларда ҳужайра тузилиши, одам ва ҳайвонларнинг скелетларининг ҳамда аъзоларининг ўхшашлиги, одамдаги рудиментар аъзолар (копчик умуртқалар, оҳирги жағ тишлар, кўричак ва ҳоказо ҳаммаси бўлиб 90дан ортиқ), атавизмлар (жабра ёриғи, тананинг тўлиқ жун билан қопланиши ва бошқалар), инсон эмбрионида ҳайвонот дунёсига хос эволюсия босқичларининг такрорланиши ва ҳоказо.
Одам ҳозирги замон биология фани томонидан яхши ўрганилган приматлар билан энг кўп генетик ва анатомо-физиологик ўхшашликларга эгадир. Одамнинг приматлардан келиб чиққанлиги палеоантропология томонидан ҳам қазишмалар чоғида топилган гоминидлар ва антропоидлар шаклларини морфологик таҳлили асосида тасдиқланади. Молекуляр биологиянинг сўнгги йиллардаги ютуқлари одам билан приматларнинг насли бир эканлигини кўрсатувчи янги далилларни аниқлади. Маълумки, яқинда инсон геноми сирлари очилди ва эълон қилинди. Генетика берган маълумотларга кўра генлар бўйича биз инсоннинг ҳозир яшаётган қариндошларидан энг яқини бўлган шимпанзедан атиги 1% дан сал ортиқроқ фарққа эгамиз. ДНК молекулалари нуклеотид изчиллигининг ўзгариш тезлигига асосланган маълумотларга кўра («молекуляр соатлар» методи) бизнинг ҳозирги маймунлар билан аждодимиз бир бўлган. Уларнинг аждолари билан одамга келиб туташувчи гоминид линиянинг ажралиш бундан 5-7 млн йил илгари юз берган. Агар шимпанзе назарда тутилса, у ҳолда бу дивергенция 5 млн йил илгари бўлган, гориллалар ва орангутанлар илдизларининг ажралиши эса ундан ҳам олдинроқ рўй берган. Антропогенез назариясида топилган суяк қолдиқлари ва тош артефактларнинг санасини белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Бу ўринда физика ва химия ёрдамга келади. Замонавий табиий-илмий усуллардан (ураннинг спонтан бўлиниши треклари бўйича санани аниқлаш, калий-аргонли, палеомагнит, термолюминесцент усуллар) антропогенезнинг мутлақ хронологиясини яратишгда муҳим рол ўйнайди. Археологик топилмаларнинг микротузилмасини ўрганишда физикавий-кимёвий усуллардан (рентген нурланиши, электрон микроскопия) ҳам фойдаланилади.
Шундай қилиб, ҳозирги замон инсон ҳақидаги таълимотларнинг орасида фалсафий антропология фани алоҳида ўрин тутади. Макс Шеллер ванемис фалсафий антропологиясининг башқа йирик вакиллари инсон маънавий ҳаётининг тўфонларини инсон борлиғи ва унинг руҳиятидан қидириш керак, деб кўрсатадилар. Улар инсондаги руҳий жараённи фалсафий таҳлил қилиб, инсоннинг ички дунёсидаги ҳолатларини очиб беришди. Натижада уларнинг таълимотлари ХХ аср фалсафасига жуда катта таъсир кўрсатди.
Do'stlaringiz bilan baham: |