Миллий хилма-хиллик
– буюк неъмат.
озирги замондаги асосий зиддиятлардан бири миллий негизда чиқаётган зиддиятлардир. Хали яқин–яқинларда истиқболда миллий тафовутлар йўқолиб, қандайдир умумий тил ва маданият вужудга келиши хақида «фалсафий» фикрлар илгари сурилар ва, энг дахшатлиси, бунга ишонувчилар бор эди. Аслини олганда, ҳар бир этноснинг вужудга келиши ва равнақи ҳам табиат қонунларига бўйсунади. Бунда бифуркация мурвати ўзини намоён этадики, бу дивергенция қонуни амал қилишига далилдир. Яъни, бошқа ўзини-ўзи ташкилловчи жараёнлардаги каби, этногенезда ҳам тасодифий ҳолатлар (хаос) тўпланиб-тўпланиб, муайян қонуний алоқадорликлар юзага келади.
Интегратив жараёнлар миллий масалада ҳам рўй беради. Аммо у дивергенция қонунини буза олмайди. Бунга мисоллар кўп. Чунончи, АҚШда америкача ватанпарварлик, уюшқоқлик, америкача фахр-ифтихор хис-туйғулари кучли бўлган ҳолда, у ерда ягона миллат шаклланган эмас. Туркманистонда асрлар давомида яшаётган озарбайжонлар келиб чиқиши жиҳатидан туркманлар билан қон - қариндош ва тиллари ҳам яқин бўлишига қарамай, улар ўзларини алохида этнос сифатида намоён этадилар. Волга – бўйи булғорлари ўз турк тили, анъаналари, исломга эътиқодини сақлаб қолган ҳолда, этник номлари (булғор)ни йўқотиб, Волга-бўйи татарлари номини қабул қилганлар. Уларнинг қабиладошлари Болқонга кўчиб кетгач, турк қавмига мансублигини тўлалигича эсдан чиқарганлар: она тиллари – турк тилини, турк маданияти хотирадан фаромуш бўлган холда, булғор деган этнос номини сақлаб қолганлар. Можар (венгер)лар ҳақида ҳам худди шунга ўхшаш фикрни айтиш мумкин. Ёки арабларни олайлик. Уларнинг тили, алфавити, дини, умумий маданияти бир бўлган ҳолда, ягона араб миллати йўқ. Этник номлари ҳам хилма-хил. Ер Планетасида миллий хилма–хиллик ва турли–туманлиликлар табиат ва унинг қонунлари туфайли вужудга келган буюк неъмат сифатида қаралмоқи маъқул. Бундай миллий хилма–хилликлар худди генетик дастурлардаги турли–туманликлар каби тақдирнинг тасодифий «ҳазиллари»дан Homa sapiensни химоя қилиш воситаси эканини эсда тутиш зарур. Зеро, ҳар бир миллий маданият – одамзот тарихий тажрибасининг хотирасидир. Миллийликни, бинобарин, маданий ранг-барангликни йўқотиш гўёки генетик дастур хилма-хиллигидан маҳрум бўлиш каби нихоятда хавфли, инсоният келажаги учун халокат билан баробар хатарлидир.
Одамзот учун этник жараёнлар майлларини билиш ва олдиндан кўриш мухимдир. Умумбашарий ёки минтақавий бирлик, иттифоқ ва миллий ранг-баранглик битта медалнинг икки томони бўлиб, бу масалага илмий ёндашувларни қарор топтирмай туриб, ёпирилиб келаётган хавф-хатарга қарши курашда умумпланетар бирликка эришиш умуман мумкин эмас. Демак, ҳар бир этник бирлик тарихан тўплаган тажрибаси – хотираси, қадриятлари негизида умуминсоний, умумпланетар хотира ва қадрият қарор топишини унутмаслик лозим.
М
Do'stlaringiz bilan baham: |