ХХ асрдаги тарафкашлик
мафкурасининг илдизи.
-жаҳон урушидан кейин йирик давлатлар ва улар билан ҳамкорликда бўлган давлатларнинг геосиёсати хаддан ташқари мафкуралаштирилиб, Ғарб ва Шарқ дунёси халқларида ўзаро душманлик ва ишончсизлик руҳини кучайтирди. «Ғарб» ва «Шарқ» тушунчаларида соф географик мазмун ўрнини ғоявий-сиёсий мазмун эгаллади. Айнан давлатлар ўртасидаги муносабатларда мафкуравий мезонлар етакчи майл бўлиб, давлатлар шу ғоявий яқинликлар доирасида бирлашдилар. Масалан, Япония узоқ Шарқда жойлашган бўлса-да, у «Ғарб» давлатлари сирасига киритилди. Америка қитъасида жойлашган Куба «Шарқ» давлатлари гурухига мансуб этиб кўрсатиларди.
Сиёсий қараши, турмуш тарзи ва иқтисодий тараққиёти даражасига қараб жаҳон ҳамжамияти учта оламга бўлинди: а) иқтисодий жихатдан ривожланган Оврупо, Шимолий Америка, шунингдек Япония ва айрим Осиё мамлакатлари; б) СССР, Шарқий Оврупо мамлакатлари, Хитой ва Осиёдаги баъзи мамлакатлар ва Куба; в) иқтисодий ва сиёсий жихатдан ожизроқ бўлган Лотин Америкаси, Африка, Осиёдаги бир қатор давлатлар - буларни «учинчи дунё» деб номлаш расм бўлди. АҚШ ва СССР бошлиқ ҳарбий-сиёсий блок ана шу «учинчи дунё» мамлакатларини ўз таъсирларига олиш учун курашдилар. Оқибатда Шарқий-Жанубий Осиёда, Африкада локал ва худудий урушлар келиб чиқди.
Оврупо, Америка, Осиё қитъаларидаги зиёлилар орасида марксча-ленинча дунёқараш тарқалиши натижасида жаҳондаги кўп кулфатлар сармоядорларнинг ваҳшиёна эксплуатацияси ва уларнинг манфаатлари асосида мустамлака халқларини талаш оқибатидир, деган фикр муқимлашиб борди. Сенегал раҳбари Л.Сенгор 1959 йилда «бугунги ижтимоий далолат шуки, фақат Осиё ва Африка халқ оммаси турмуш даражасини ёмонлаштириш хисобигагина Оврупо аҳолисининг турмуш даражаси юксак бўлишга эришилди», - деган эди.
Бироқ, вақт ўтиши шуни кўрсатдики, Ғарб ва Осиё сармоядорлари билан яқинлашган мамлакатларгина тезда иқтисодий юксалишга эга бўлдилар. «Социалистик лагерь» деб аталган мамлакатлар ва уларга эргашган давлатларда иқтисодий ўсиш нисбатан ёмонлашиб борди. «Жаҳонда Ғарб капиталидан узоқлашганларгина энг қашшоқ мамлакатлар бўлиб қолдилар», – деди Ж.Пучала.
Аслида Ғарб мамлакатларидаги иқтисодий ўсиш нафақат арзон хомашё ва жаҳон бозоригина эмас, аввало улардаги илмий-техника тараққиёти эди.
70-йилларнинг охири ва 80-йилларнинг бошига келиб жаҳон ахолисининг тўртдан бир қисми индустриал жихатдан ривожланган мамлакатларда, 37 фоизи (26 та мамлакат) социалистик лагерда, ахолининг қолган қисми «учинчи дунё»да яшарди.
Икки блок ўртасида таъсир доирасини кенгайтириш учун бошланган «совуқ уруш» тарафкашлик мафкурасини шакллантирди. Совуқ уруш ўз моҳияти билан салб юриши тусини олди ва дунё гўёки эзгулик ва ёвузлик, яхши йигитлар ва ёмон йигитлар, эркин олам ва эзувчилар оламига бўлиниб кетди, деган эди ўша давр тадқиқотчиларидан бири С.Хофман. Бошқача айтганда, «совуқ уруш» тушунчаларида нафақат икки томон ўртасидаги қалтис муносабатларни ва тарафкашликни, балки бу системалардан бирининг ғалабаси, бошқаси йўқ бўлиб кетишини англатувчи муқаддас уруш маъноси ифодасини топган эди. Ҳар икки система тарафдорларининг ҳар бири мафкура ёрдамида халқ манфаатлари ва орзу-армонларининг химоячиси сифатида ўзини намоён этишга ҳаракат қиларди. Ўз нуқтаи назарини ғоявий жихатдан асослаш учун АҚШ ўзини эркин дунё ҳимоячиси, СССР эса ўзини тинчлик, демократия ва социализм таянчи деб эълон қилди. Натижада халқаро муносабатларда икки қутбли структура юзага келди. Шарқ ва Ғарб ўртасида беомон кураш ўта диний салб юриши сифатида баҳоланди. АҚШ давлат арбоблари «совуқ уруш» тушунчасини очиқдан-очиқ «Коммунизмга қарши салб юриши» маъносида қўлладилар.
Икки қутбли дунёда жаҳон халқлари доимо уруш хавф-хатари билан яшашга мажбур бўлдилар. Чунки блоклардан бирининг халқаро майдондаги бирон-бир муваффақияти иккинчи томонни дарғазаб қилар ва халқлар гўёки уруш гирдобига тортилгандек вазият вужудга келарди. Бу хол «ғор одамлари»га хос тафаккур тарзини ривожлантириб, томонларнинг ўзаро келишуви ва муросаю мадора билан яшашларини истисно этарди.
Do'stlaringiz bilan baham: |