Фалсафа фанлари доктори, профессор Иброҳим Каримовнинг “Ноосфера, геосиёсат ва мафкура” таҳсили (курси) бўйича ваъз (лекция) матнлари тўплами
Ушбу ўқув қўлланма Миллий истиқлол ғоясининг фалсафий масалалари мутахасислиги: 5А141502 бўйича магистрларга дарс берувчи профессор-ўқитувчилар ҳамда 1-босқич магистрлари учун мўлжалланган. У Давлат таълим стандартига ихтисослик фани сифатида киритилган.
Қўлланма материалларидан Миллий ғоя йўналишидаги фанлардан дарс бераётган барча профессор-ўқитувчилар ҳамда бу йўналишда таълим олаётган талабалар ҳам ёрдамчи материал сифатида фойдаланишлари мумкин.
Тақризчилар: А. Очилдиев,
фалсафа фанлари доктори, профессор в.б.
К.Ж. Туленова, фалсафа фанлари
доктори, профессор в.б.
Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика универститети
Илмий Кенгаши йиғилишда бу ўқув қўлланма мухокама
қилиниб, нашрга тавсия этилди.
Муқаддима
2001-2002 ўқув йилидан бошлаб, илмий педагогик салоҳиёти етарли бўлган Олий ўқув юртларида “Миллий истиқлол ғояси, ҳуқуқ ва маънавият асослари” ихтисослиги бўйича кадрлар тайёрлаш бошланди. (2005-2006 ўқув йилидан бошлаб эса у “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари” деб атала бошланди). Баъзибир Олий ўқув юртларида юқоридаги ихтисослик бўйича бакалаврлар тайёрланиб, 2005-2006 ўқув йилида улар 1-босқични битириб чиқдилар.
Республикадаги 19та Олий ўқув юртида шу ихтисослик бўйича бакалаврлар тайёрланди. Албатта, уларнинг баъзилари “магистрлик” босқичида ўқишни давом этдирмоқдалар. Улар ўқиши лозим бўлган ва Давлат стандартига киритилган “Ноосфера, геосиёсат ва мафкура” курсидан на методик ва на ўқув қўлланмаси бор. Бу ҳол ўқув жараёниниҳозирги юксак талаблар даражасида ташкил этишга салбий таъсир кўрсатмоқда, албатта.
Маълумки, “Таълим тўғрисидаги қонун” ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”да ҳозирги даврда ҳар томонлама билимли, ўз ихтисослигини пухта ўзлаштирган малакали мутахасисларни тайёрлаш вазифаси қўйилган. Етарли даражада ўқув адабиётлари билан таъминламай туриб, бу муҳим ваазифани муваффақиятли ҳал этиш амри маҳол.
Президент Ислом Каримов Миллий истиқлол ғояси ва мафкурасини шакллантириш муаммосига доир мулоҳазаларида бу анча муддатни ўз ичига оладиган жараён эканлигига эътиборни қаратиб, бу соҳадаги ишларни такомиллаштириб боришда Олий ўқув юртлари жамоалари олдида катта масъулиятли вазифалар турганини назарда тутган эди. Президент Ислом Каримовнинг 2006 йил 25 августда чиқарган “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самаладорлигини ошириш тўғрисида”ги Қарори бу масъулиятни янада ошириб юборди. Чунончи, бу қарор муносабати билан эндиликда ихтисослик “миллий истиқлол ғояси” эмас, балки “миллий ғоя” деб аталишининг жуда катта назарий ва амалий аҳамияти бор. Сўнгра, миллий ғояни тарғиб қилиш, хусусан ёшларни турли ғоявий ҳуружлардан ҳимоя этиш учун “Республика маънавият-маърифат кенгашининг фаолияти таркибий тузилишини қайта кўриб чиқиш” лозим топилди. Бунга биноан, “Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига Республика маънавият-маърифат кенгашига раислик қилиш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлар хокимларига эса ҳудудий кенгашларга раҳбарлик қилиш вазифаси” юклатилди. Айни чоғда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази ташкил этиш лозим топилди. Маълумки, 2001 йилда Низомий номидаги ТДПУ Миллий истиқлол ғояси ва унинг фалсафий масалалари бўйича классификатор этиб берилганлигини таъкидлаш ўринлидир. Бу ҳол олийгоҳимиз илмий-педагогик жамоаси зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Президент Фармоннига мувофиқ, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Универститети ва Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика универститетини шу йўналишдаги фанлар бўйича “Экспериментал майдонча” этиб белгилаган. Бу Олий ўқув юртлари Миллий истиқлол ғояси йўналишида тўплаган дастурлар тайёрлашда фаол иштироқ этдилар. Улар ўзлари тўплаган тажрибаларга таяниб, тарқатма материаллар ва методик қўлланмалар тайёрлашга киришдилар. Бу ҳол истиқболда Давлат таълим стандартига киритилган қатор янги фанлардан дарсликлар яратиш учун ғам асос бўлиб қолиши мумкин.
“Ноосфера, геосиёсат ва мафкура” тахсилидан магистрлар Она-Табиат – Ер ўз тараққиётининг Ноосфера – Ақл соҳаси босқичига ўтганлигини англаб оладилар. Ақл ва унинг натижаси бўлган фан-техника ва ахборот технологиялари муваффақиятларидан фақат умуммиллий ва умумбашарий мақсадлар учун фойдаланиш орқалигина ҳозирги замон муаммоларини ҳал этиш, айниқса Она-Табиатни муқаррар ҳалокатдан, жамиятларни маънавий-аҳлоқий бўхрон сақлаб қолиш мумкинлиги ҳақидаги билимларга эга бўладилар.
Бунинг учун аввало давлатларнинг геосиёсатида ва миллий мафкура йўналишларида янгича фалсафий ёндашувлар, янгича тафаккур ва турмуш тарзини шакллантириш заруратини англаб этдилар, демак, магистрлар ана шу ғояларни тарғиб этиш билан бирга илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш малакасига ҳам эга бўладилар.
Бу курс гарчи магистрлар учун мўлжалланган бўлса-да, аммо Ноосфера даври фалсафаси сифатида барча фанларда, айниқса миллий мафкура, шуниндек ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитишда ҳам ўрни билан фойдаланиш барча талабаларнинг ҳозирги давр муаммоларини тушиниб олишлари учун имкон туғдиради деб ҳисоблаш мумкин.
Албатта курс янги, у тобора такомиллашиб боришга муҳтож. Ўйлаймизки, ушбу ўқув қўлланмаси касбдошларимиз ва талабаларимизни Она-табиат ва инсоният истиқболи ҳақида жиддий фикрлашга даъват этади ва улар ўз муҳозаларини ҳеч бир тортинмай бизга маълум этадилар.
(Бизнинг манзилимиз: Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Юсуф Ҳос Ҳожиб кўчаси, 103-уй, Низомий номидаги ТДПУ, “Фалсафа” кафедраси).
Do'stlaringiz bilan baham: |