Такрорлаш учун саволллар.
Давлатлар ўртасидаги зиддиятлар нега ўзининг қарама-қарши томонига оғиб кетмоқда?
Сиёсат билан мафкура ўртасидаги диалектик алоқадорлик қандай намоён бўлади?
Душман образи яратишда мафкураларнинг ўрни ва роли қандай бўлган?
Уруш уни ташкил этувчилар учун нега завол бўлмоқда?
“Совуқ уруш”да нега СССР бошлиқ ҳарбий-сиёсий блок мағлубиятга учради?
Ҳаёлатлардан маҳрум бўлиш даври ва унинг оқибатлари нима?
Тадқиқотчилар Ғарб маънавий маданияти ва унинг истиқболлари ҳақида нима демоқдалар?
Нега барча мамлакатларда миллий ғоя ва мафкурага бўлган эхтиёж кучайиб бормоқда?
Миллийлик ва миллатчиликка қандай муносабатда бўлиш маъкул?
Икки қутбли дунёдан кўп қутбли яхлит дунё сари.
“Совуқ уруш” хотимаси
натижаси ва АҚШ давлати геосиёсати.
“Совуқ уруш” даври барҳам топиб, икки қутбли дунё ўрнига кўп қутбли дунё вужудга келгач, пайдо булган янги ижтимоий, сиёсий мухитда йирик давлатларнинг буюкликка даъвоси муносабати билан геосиёсатда жиддий ўзгаришлар содир бўлмаяпти. Ҳолбуки воқеаларнинг ривожи “совуқ уруш” давридаги қарашлар, андозалар билан янги реалликка ёндашиш ўзини-ўзи алдашдан бошқа нарса эмаслигини кўрсатди. Маълумки, Совет давлатини бошқаришга келган ёш авлод ички тизимнинг ёмонлиги ва ташқи сиёсат барбод булиб бораётганини англади. Берлин деворининг қулаши аслида коммунизм ғоясига бўлган ишончнинг барбод бўлишидан дарак берарди. Тарихдан маълумки, барча империялар ташқи кучлар таъзйиқи остида эмас, балки даставвал ички аҳволнинг ёмонлашиб бориши туфайли қулаган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ бошлиқ Ғарб давлатлари СССР бошлиқ “социалистик лагерь” давлатларига қарши “совуқ уруш”ни бошлашган бўлса, бу урушнинг тугаши учун ҳар икки томон ўз ҳиссасини қўшди, зеро, улар Ноосфера даври талабларини мутлақо эътибордан соқит қилган бўлсалар-да, аммо ядровий-космик аср воқелиги билан ҳисоблашишга мажбур эдилар. Чунки жаҳон миқёсида ёпирилиб келаётган ялпи умумий планетер хавф-хатар кучларни тарафкашлик томонларга парчаланиб кетишни эмас, балки бирлашиш, муроса йўли билан яқинлашувни тақоза этарди. Масалан, холера, тиф, хатто вабо каби анъанавий касалликларнинг миллий-давлатчилик чегаралари доирасида зарур чора-тадбирлар белгилаб, олдини олиб қолиш мумкин эди. Аммо XX аср ваболари СПИДни, айниқса радиацияни, экологик ифлосланиб бориш бало-қазолари миллий чегараларни билмас эди. Бу хатарларнинг олдини фақат давлатларнинг биргаликдаги фаолиятлари орқали олиш мумкин эди.
Аслида олимларнинг XX асрнинг 1-чорагида ёпирилиб келаётган умумпланетар хавфни даф этишга даъватларига ўша даврдаги йирик давлатларнинг сиёсатчилари кўзларини кўр, қулоқларини кар қилиш билан жавоб қайтаришмаганда, яъни Ноосфера даври бошлангани ва ақл-идрокни бузғунчилик, урушлар томон буриб юбориш ўрнига ундан бунёдкорлик мақсадлари йўлида фойдаланиш стратегиясини биргаликда ишлаб чиқиб, уни амалга оширишга киришганларида, меҳнат аҳли пешона тери билан тўпланган салоҳиётдан вайронагарчиликлар учун эмас, балки Она-табиат ифлосланишининг олдини олиб қолиш, маънавий-ахлоқий бузилишлар туфайли одамзотда ҳайвоний хирслар ривожланиши йўлларини тўсиб қўйиш мумкин бўлар эди.
Бироқ кеч бўлса-да, йирик давлатларнинг сиёсий арбоблари ёпирилиб келаётган умумпланетар хавф-хатар борлигини англаб етдилар. Агар шундай бўлмаганда, 60-йиллар бошида 3-жаҳон уруши бошланиб кетиши мумкин эди. Аммо мамлакатлар ва халқлар ўртасида ривожланиб бораётган тарафкашлик ўрнини ўзаро бир-бирларига боғлиқлик майллари эгаллаб бораётганди. Барча халқларнинг иктисодий, миллий ва бошқа манфаатлари умумбашарий манфаатлар яхлит занжири билан чамбарчас боғланиб кетаётганини англаш қийин эмас эди. Ана шунинг учун ҳам 1962 йилдаги Кариб денгизи кризиси АҚШ билан СССР раҳбарларининг ўзаро муроса йўлини тутиш билан хал бўлди ва айнан ана шу даврдан бошлаб аввало йирик давлатлар ва жахон хамжамияти “совуқ уруш” яхшиликка олиб келмаслигини англай бошладилар. Аслида бу тарих ғилдирагини инсоният урушларсиз яшаш даврига кира бошлаганидан дарак эди. Бироқ олдинда катта синовлар турар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |